Эл бошига иш тушганда

16:36 01 Апрель 2020 Жамият
1220 0

Одамларнинг бир-бирига нисбатан меҳр-оқибатли бўлишлиги зарурати ҳар қачонгидан кўра яққолроқ кўзга ташланмоқда. Маҳалла-куйда қўни-қўшниларнинг,қариндош-уруғларнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги, меҳр-муруввати, саховатпешалиги бугунги ташвишли кунларни ортда қолдиришда табиий заруратга айланаётир. Шу боис, кишилар беморларга ёрдам бериш, камбағаллар ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларни қилишга ошиқмоқда. Инсонийлик белгиси саналган бу сифатлар аслида ота-боболаримиздан қолган юксак фазилатлар эди. Бугун биз ана шу ҳикматга бор вужудимиз билан чуқурроқ сингмоқдамиз.

Ер юзида тез тарқалаётган коронавирус юқумли касаллигига қарши курашда зиқна бойларнинг турли йўллар билан йиққан мол-дунёси заррача наф бермаётир. Ижтимоий тармоқларда кишининг ўз нафсига қул бўлганидан кўра, сахийликка, меҳр-мурувватга бағрини кенгроқ очгани фойдалироқ эканлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга нақадар яқинлиги билан ажралиб турибди. Зеро, муқаддас динимиз таълимоти ҳам бизни эл бошига иш тушган кунларда бир-биримизга меҳр-мурувватли бўлишга ундайди. Нафақат одамларга, ҳаттоки, жониворларга ҳам шафқат кўрсатиш лозимлиги таъкидланади.

Кунлик одатимга кўра, китоб жавонидан бутун дунё мусулмонларининг фахри бўлмиш ватандошимиз, муҳаддислар султони Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратларининг“Ал-адаб ал-муфрад” асарини олиб мутолаа қилар эканман,севимли пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шу хусусидаги бир ҳадисларига дуч келдим. Унда бундай дейилади:

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Бир киши йўлда кетаётиб жуда қаттиқ чанқади. Кейин бир қудуққа тушиб, сув ичиб чиқди. Қараса, бир ит ниҳоятда қаттиқ чанқаганидан тупроқларни ялаб юрибди.

Ҳалиги киши “Бу ит менга ўхшаб роса чанқабди. Менга етган чанқоқ бунга ҳам етибди” деб, қайтиб қудуққа тушиб, маҳсисини сувга тўлдирди. Сўнг уни тишида тишлаб чиқиб, сувни итга тутди. Аллоҳ унинг гуноҳини мағфират қилди”,-дедилар.

“Ё Расулуллоҳ! Бизга ҳайвонларда ҳам ажр борми?”-дейишди.

“Ҳар бир ҳўл жигарда савоб бор”,-дедилар.

Яратган Халлоқнинг ҳузурида жониворларга кўрсатилган мурувват шунчалик аҳамиятли экан, энди кишиларнинг бир-бирларига кўрсатадиган яхшиликларида қанчалик савоб борлигини ўйлаб кўраверинг.

Ота-боболаримиздан қолган бу ҳикматни теран англаган кишилар шу кунларда яхшиликка шошилмоқда. Аҳоли ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаётир. Муҳтожларга, камбағалларга, беморларга, қаровчисиз ёлғиз кексаларга ҳар қачонгидан ҳам эътиборлироқ бўлишмоқда.

Тошкент вилоятида бу борада амалга оширилаётган хайрия тадбирлари тобора кенг қулоч ёймоқда. Яқинда Пискент туманида хорижда бўлиб қайтган ва улар билан алоқада бўлган фуқароларни карантинга олиниши сабабли улар яшаётган хонадонларга вилоят ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган “Мурувват ёрдами” етказиб берилди. Вазият туфайли кўчага чиқиши чекланган кишилар зарурий дори-дармон, гигиеник воситалар, гўшт, тухум, ун, ёғ, макарон, картошка сингари кундалик эҳтиёж учун талаб этиладиган 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

—Яқинда Қозоғистонга меҳмонга бориб келган эдик,-дейди, “Дўстлик” маҳалласи Янги ҳаёт кўчасидаги 1-уйда истиқомат қилувчи Ж.Темурбоев. — Санитария-эпидемиология маркази ходимлари томонидан, 14 кунлик карантин жорий қилинди. Шунга кўра, кўчага чиқиш имкониятимиз чекланди. Бу тадбирлар ўзимиз ва яқинларимизнинг саломатлиги муҳофазаси учун эканлигидан мамнунмиз. Эл бошига иш тушган кунларда бир-бирларимизга камарбаста бўлишлик қандай ҳам яхши фазилат.

Туман ҳокими ўринбосарлари ва ИИБ раҳбарлари назорати остида кун бўйи амалга оширилган“Мурувват ёрдами” ҳудуддаги 46та хонадонга етиб борди. Бугунгача тумандаги 300 нафар кам таъминланган ва карантинга олинган фуқароларга шундай ёрдам кўрсатилди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер