Экологик муаммолар ҳамжиҳатликда бартараф қилинади

13:52 01 Декабрь 2023 Жамият
343 0

Глобал иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланиши, маиший ва саноат чиқиндиларининг тобора ортиб бориши, сув ресурслари танқислиги, биохилма-хилликнинг йўқолиши натижасида дунёда экологик вазият тобора кескинлашиб бормоқда.

Бундай шароитда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик вазиятни соғломлаштиришга қаратилган қатор қонунлар, қонуности ҳужжатлари, давлат дастурлари қабул қилиниши ва уларнинг ижроси бўйича изчил ишлар олиб борилаётгани, бу ишларда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши беқиёс аҳамият касб этаётир.

Янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам юртимиз бебаҳо табиий бойликларини кўпайтириш ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлаш, атроф-муҳит мусаффолигини сақлаш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган нормалар олий даражада ўз аксини топди.

Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессиясидаги нутқида дунёда кескин экологик вазият, хусусан, учта инқироз, яъни иқлим ўзгариши, биохилма-хиллик йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланиши кучайиб бораётганлигига эътибор қаратгани янада аҳамиятлидир.

Албатта ушбу масалага бу даражада катта эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Бу – дунёдаги ўртача исишдан икки карра кўп, дегани. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Агар ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин. Жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳосилдорлиги эса 40 фоизга камайиши кутилмоқда.

БМТ бош Ассамблеясида Ўзбекистон бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаши маълум қилинди. Шунингдек, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш таклиф этилди.

Таҳлилларга кўра 15 йил ичида мамлакатимизда аҳоли жон бошига сув таъминоти 3048 куб метрдан 1589 куб метрга қисқарди. Жаҳон сув ресурслари институти томонидан эълон қилинган сув стрессидан азият чекаётган давлатлар рейтингида Ўзбекистон 164 мамлакат орасида 25-ўринни эгаллайди.

Шу жиҳатдан, мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш ҳамда уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, охирги йилларда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, бу ресурсларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар олиб борилди. Мамлакат миқёсида 2018 йилгача сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган майдонлар 28 минг гектарни ташкил қилган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 1 миллион гектарга етди. Буларнинг барчаси ўз вақтида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар самарасидир.

Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2022-йилда республика бўйича жами 398,4 минг гектарда томчилатиб, 31,0 минг гектарда ёмғирлатиб, 16,3 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий қилинган. 451,9 минг гектар майдонлар эса лазер ускунаси ёрдамида текисланган. 73,0 минг гектарда эгилувчан қувурлар орқали, 36,0 минг гектарда эса эгатга плёнка тўшаб суғориш ишлари амалга оширилган.

Ушбу технологиялар жорий қилинган майдонларда сувни 40–50 фоизга, минерал ўғитларни 25–30 фоизга, ёқилғи-мойлаш материалларини 30–35 фоизга камайтириш, шунингдек, ҳосилдорликни, жумладан, пахтачиликда 30 фоизгача ошириш имконини берган.

“Ўзбекистон – 2030» тараққиёт стратегияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Барқарор ривожланиш мақсадлари”га уйғун бўлиб, Ўзбекистон ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажармоқда. Жумладан, Стратегияда юртимизда сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш устувор вазифа сифатида белгиланди. Сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш билан боғлиқ вазифаларга алоҳида эътибор қаратилгани диққатга сазовор.

Мазкур ҳужжатда қўшни давлатлар билан сув ресурсларини интеграллашган ҳолда бошқариш, трансчегаравий сув ресурслари ва давлатлараро сув хўжалиги объектларидан биргаликда фойдаланиш масалаларида фаол икки тарафлама манфаатли ҳамкорликни давом эттириш масалалари ўрин олди.

Мухтасар айтганда, бугун олдимизда долзарб экологик муаммоларга ҳамжиҳатликда ечим топиш, глобал иқлим ўзгаришига мослашиш, биохилма-хиллик қисқариши ва атроф-муҳит ифлосланишини олдини олишдек муҳим вазифалар турибди. Бу борада биз депутатлар қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, парламент назорати шаклларидан фойдаланган ҳолда тегишли ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини мониторинг қилиб борамиз.

Хайрулло ҒАФФОРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер