Эй тафаккур оламида фикри дарё дўстлар

Архив сурат
Чустий таваллудининг 120 йиллигига
Жорий йилда атоқли шоир Чустий таваллудининг 120 йиллиги нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида фармойиши билан ўтказилаётган шоиримизнинг таваллуд айёми барча элдошларимизга қутлуғ бўлсин, деймиз.
Ушбу маърифатпарвар ижодкор ҳақида, у кишининг “Сайланма”си учун сўз ёзиб бериш фикри хаёлимда ҳам бўлмаган тиғиз ва тиқилинч кунларда масъул ноширлардан шундай таклиф тушганию, мен уни ҳеч иккиланмасдан дарров қабул қила қолганимнинг боиси бор, албатта. Иккинчи томондан, “Чустий домла билан кўришмаган, гаплашмаган бўлсам, нима ҳам дейишим мумкин...” деган иштибоҳ кўнгилни чимчилаб турар, айни дамдаги андаккина безовта бўлиб туришим шундан эди.
Бироқ энг яхши суҳбатдош ва гурунгдош шоирнинг асарлари — шеърлари, ғазаллари эдики, мен ҳар ҳолда бундан озроқ хабардор эдим.
Бу орада анча-мунча китоб ва манбаларни титкилашга тўғри келди. Шоир бобонинг таржимаи ҳолига доир ажиб ва кутилмаган маълумотлар, қизиқ ва ажабтовур гаплар, истибдод замонида у кишининг бошига тушган турфа савдолардан бохабар бўлиб, танг аҳволда қолганимни ҳам айтишим керак. Буни қарангки, Чуст ва Қўқондаги эски мактаб ва мадрасаларда таълим олган Чустий домла Мир Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллик санасини ўтказишга тайёргарлик муносабати билан Тошкентга ишга чақирилган экан. Шу йиллар давомида Муқимий театрида адабий эмакдош ва директор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт фондида директор вазифаларида ишлаш баробарида, асосан, мумтоз шеърият йўлида самарали ижод қилиб, ғазал, мухаммас, мусаддас, мурабба, рубоий, туюқ ва маснавийлар ёзиб, бу борада анчайин шуҳрат қозонган шоир сифатида элга танилиб бўлган эди. Манбаларга кўра, “...Иккинчи жаҳон уруши йилларида фаол ижод қилиб, ватанпарварлик ва қаҳрамонлик мавзуларида қатор шеърий ҳамда долзарб саҳна асарлари ҳам ёзган” эканлару, энг ажабланарлиси, бир кун келиб, ана шундай ижтимоий фаол ва ҳозиржавоб шоири замон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сафидан ўчирилган ҳам экан!..
“Замон нозик, дўппим тор эди” дейилганидек, кейинчалик, орадан эллик-олтмиш йиллар ўтиб, XXI асрнинг ўн учинчи йили, авжи истиқлол замонида, устоз Эркин Воҳидовнинг “Муҳаббатнома” девонига муқаддима бўлмиш “Чустий ҳақида сўз” бағишловида шундай хотираларни ўқиймиз:
“Чустий хушчақчақ, ҳозиржавоб ва дилбар инсон сифатида тасаввуримга муҳрланган. Мумтоз адабий мактаб анъаналари руҳида тарбия топган Чустийнинг собиқ совет даври шароитидаги ҳаётида кўпгина ёқимсиз ҳодисалар бўлгани маълум. Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчирилгани, асоссиз-асосли танқид ва таҳқирлар ҳар қандай ижодкорни “синдириши” мумкин эди. Аммо мен Чустий билан кўп маротаба ҳар хил шароитда учрашган бўлсам ҳам, уни ҳеч қачон ҳазин, руҳан эзик, умидсиз ҳолда кўрган эмасман. Чустий ўз ғам-ғуссасини ичига юта биладиган, кишиларни ўзининг мотамига эмас, байрамига ҳамроҳ ва ҳамдам этадиган ажойиб инсон эди. Тоғам раҳматлининг хонадонида бўладиган суҳбатларда Чустий мумтоз адабиётнинг билимдони сифатида ҳам давранинг муҳаббатига сазовор эди...”
Устознинг эътирофига кўра, адабиётимиз тарихида бутун бир авлод жавлон урганки, унинг хизмати ҳали ўзининг тўла баҳосини олган эмас. Ўтган асрнинг 20-йилларида бой маданий ва адабий меросимизга ихлосимиз қораланди, ўтмиш маданиятимизни ўрганиш ман этилди. Кейинроқ бу соҳада анча енгиллик пайдо бўлган бўлса ҳам, аввалги салбий муносабатнинг касофати маълум даражада сезилиб турди ва меросимизни ҳақиқий кенг миқёсда ўрганишга тўсиқ бўлди. Ҳатто олтмишинчи йилларда ҳам, масалан, минг йиллик шеъриятимизнинг шакли бўлган арузга салбий муносабат расмий равишда “катталар”нинг нутқ ва мақолаларида аниқ изҳор қилинган.
Узоқ ҳукм сурган ана шу инкорчилик шароитида, дея ўша даврга баҳо бераркан, Эркин ака ўзи сув ичган дарёларни ҳам бир-бир эслаб ўтади: Сўфизода, Хуршид, Ҳабибий, Чархий ва Чустий каби шоирлар мумтоз адабиётимиз анъаналарини давом эттирдилар ва бу анъаналарнинг ҳаётийлигини исбот қилишдан тўхтамадилар. Уларнинг ижоди ўз қудрати ва маҳорати, айниқса, халққа яқинлиги билан ёш шеърий авлодни ҳам анъанавий шеър ёзишга даъват этди. Шундай қилиб, Чустий ва унинг ҳамкорлари ўтмиш адабиётимиз ўртасига кўприк солиб бердики, бу жасур қадам ва катта тарихий хизматдир.
Юқорида келтирилган фикр ва мулоҳазаларнинг узвий давоми сифатида бошқа бир иқтибосни ҳам эслатиб ўтмоқ лозим. Иззат Султон домла ёзиб қолдирган экан:
“Адабиётимизни, унинг энг муҳим воситаларини ҳимоя қилишнинг бирдан-бир йўли мумтоз адабиётимизда минг йиллардан бери қўлланилиб келган арузни ижодда давом эттириш эди. Собиқ тоталитар тузум даврида эса аруз ва арузда ижод қилган шоирларга қарши қаттиқ ҳужум ва кураш борарди. Ўша шароитда Чустий каби ҳақиқий шоирларнинг ижодида марказий ўрин тутган аруз ўзига нисбатан муносабатнинг мутлақо хато эканини қайта-қайта исботлаб турарди... Мамлакатимизда аруз соҳасида ҳам адолат ғалаба қозонган экан, демак, Чустий ижоди ва журъатининг бу борадаги қиммати жуда каттадир.
Бугунги замонларнинг садағаси кетсанг арзийдики, гапни қаранг, тузумни қарангу унинг темир чангалларини қаранг: бутун бир халқ, яхлит бир миллатнинг минг асрлик адабий, руҳий ва маънавий қалб харитасини белгилаб берган аруз аталмиш назмий анъана қатағонга учраса, таҳқирланса?! Бугунги ёшлар, бугунги навқирон китобхонлар англасин, тасаввур ҳосил қилсин деган ниятда қамров ва кўламни нима учун кенг ва мўл олганимизни тушунгандирсиз...”
Шу боис ҳам ўша даврда — 1977 йил санаси билан ҳар бири ўн минг нусхадан — жами йигирма минг нусхада ўзбек ва рус тилларида чоп этилган “Совет Ўзбекистони адиблари” — “Писатели советского Узбекистана” маълумотнома китобларида Чустий домла ҳақида лом-мим дейилмаган. Гўё у киши бу сафда мутлақо йўқдай, бўлмагандай, бу қатордан бутунлай бадарға қилингандай. Замон чархи — бор, мунглуғ кўзлари тутқундайин мўлтираб қараб турган Чархий бор, чархи кажрафтор бору шоир Чустий йўқ. Чустий номи папуруснинг қоғозидай шу сариқ қоғозгинага ҳам раво кўрилмаган! Беихтиёр Эркин аканинг “Эй мунаққид, сен ғазални кўҳна деб камситмагил, Севги ҳам Одам Атодин қолган инсон қонида” деган машҳур сатрлари ёдга келади. Биринчи мисрадаги “мунаққид” сўзидан тимсолан темир-бетон панжали зобит замон назарда тутилганини зукко ўқувчи дарров илғагани аниқ.
Чустий муаллимнинг “Бўлса, бас!” номли мусаддасида битилган мана бу ўтли мисралар ҳам ўша дилгир ва хафақон кунларда ёзилган бўлса, ажабмас:
... Одам авлодига ҳаргиз бўлмасин дунё қафас,
Олмасин райҳонлар ўрнин гулшан ичра хору хас,
Бу жаҳон булбуллари мен бирла бўлсин ҳамнафас,
Менга олам тинч бўлиб, дўстлар саломат бўлса, бас.
Бу шеърни мен яхши билардим. Бу шеърни биз кўпчилик ёру ошною жўралар бундан қирқ-қирқ беш йиллар аввал қўшиқ қилиб, хиргойи қилиб айтиб юрганмиз. Ўзбекистон халқ артисти, оташнафас санъаткоримиз Шерали Жўраев авжи ҳаддига чиқариб, тошиб ва жўшиб куйлаган бу ва яна “Керма манманлик билан ўрнида турган қошни” сингари қўшиқлари биз, ўша пайтда тошқин солиб юрган бир гала ошиқу ошифта ёш шоирлар ва мухлислар учун ҳам бағоят севимли ва дилкаш эди. Орадан салкам ярим аср ўтибдики, бу дилбар наволар ҳамон биз билан бирга, шоиримиз йўқ, улуғ ҳофизимиз ҳам, Аллоҳ раҳмат қилсин, Кўкча қабристонида ётибдилар, аммо ғазаллари, қўшиқлари биз билан йўлдош, сафардош, ғуссага ботганимизда, бир эшитсак — тамом, кўнгиллар яйраб, боғу бўстондай яшнаб кетамиз:
Одам ўғли бўлмагайсан, бўлмаса халқинг ризо,
Эл сени шарманда дейдур, қилмасанг шарму ҳаё.
Пок диллар кир юраклар бирла бўлмас ошно,
На қилай ундай кўнгилни, бўлмаса унда вафо?
Сақламас сандуқда ҳеч ким қиммати йўқ тошни.
Нокерак бўлма жаҳонда доимо даркор бўл,
Гул каби чеҳранг очиб юр, халқ учун гулзор бўл.
Бағрида яйратган элдан шоду миннатдор бўл,
Қўлга санчилма тикондек, балки беозор бўл.
Кекса ҳам ҳурмат қилур одоби бўлган ёшни.
Ўзбекона айтганда, одам эшитганда ҳам, ўқиганда ҳам маза қилади, тўғримасми!
Чустий домланинг барчамизни то ҳануз ҳайратга солиб келаётган, бир мисрасини сарлавҳага чиқарганимиз “Оқибатни ким билур?” номли мухаммаси бўлиб, шоир бобонинг гўзал назмий битиклари қаторида шак-шубҳасиз алоҳида мақом ва мавқега муносибдир. Мен ўзим бу мухаммасни илк бор шеър ва қўшиқ тарзида, жонли ижрода таниқли ҳофиз Неъматжон Қулабдуллаевдан эшитганман. Бир гуруҳ шоирлару санъаткорлар автобусда Тошкентдан Бекобод сари адабий-маърифий учрашувга кетаётган эдик, устоз Жуманиёз Жабборов бош баковул, Неъматжон ака дуторини олган, йўлнинг танобини билдирмаслик учун шеърхонлик, ҳазил-мутойиба қилиб бораётирмиз. Йўлнинг икки томони кенг дашту далалар бошланадиган қисмига келганимизда Жуманиёз аканинг илтимоси билан ҳофизимиз дуторини ғилофдан чиқариб, пардасини аста созлаб, замзамани бошлади:
Эй тафаккур оламида фикри дарё дўстлар,
Бир саволимга жавоб бергайму доно дўстлар,
Билгали бир сир иложи борми асло дўстлар,
Ҳайратимни орттирар ҳар дам бу дунё дўстлар,
Телба этмасму мени охир бу савдо, дўстлар.
...Оқибатнинг чеҳраси шундай узоқ, пинҳон экан,
Қанча донишманд эса, бу маънида нодон экан,
Ҳай дариғ, оз вақт учун инсон азиз меҳмон экан,
Қолса яхши номи элда, Чустий беармон экан,
То абад қолгай юракларда бу сиймо, дўстлар.
Қўшиқнинг авж пардаларига келганда, айниқса, “Боғу роғим кимга қолгай, ким учун доғим қолур, Бу муаммо, бу муаммо, бу муаммо, дўстлар” ёки “Бу таажжубдир, таажжубдир, таажжубдир ажиб, Менга пинҳон, кимга маълумдир бу маъно, дўстлар” байтларини кўзларини юмиб, астойдил нолакор оҳангда айтар экан, Неъматжон ака ҳозир ҳаммани сел қилиб, ўзи ҳам сел бўлиб, буткул сеҳрлангандай бир самовий ҳолатда эдики, автобусдалигимиз ҳам эсимиздан чиққан эканми, йўлнинг бир ўнқирига тушган ғилдиракдан назм ва наво автобусимиз қаттиқ силкиниб кетганда ўзимизга келдик...
Ўшанда Неъматжон ака кўпчилик ёш санъаткорлару шоирлар мумтоз адабиётни билмаслиги, ғазал ўқимаслигию Чустий ижодидан мутлақо бехабар эканлигидан ҳасрат қилган эди...
Мен яна Чустий домла қаламига мансуб жуда кўп шеъру ғазалларни, мисол учун, бугунги кунгача аҳамиятини йўқотмаган “Яхши ота-онадир”, “Ота ҳурмати”, “Ақли расо бўлсин”, “Фарзандлар учун”, “Дам ғанимат” сингари кўплаб ахлоқий-тарбиявий мавзудаги шеърларини, ўша замон тазйиқларига худди жавоб тарзида янграгувчи “Аруз илҳоми” мухаммаси, “Ким етдию, ким етмади”, “Ким кейин, ким илгари” сингари ўнлаб ғазал ва мухаммасларини айтиб ўтишим мумкин. Бу асарлар шунчаки эрмакка ёзилмаган, ҳар сатри, ҳар байтида катта бир юракнинг, бедор-беором бир қалбнинг уйғоқ садоларию туғёнлари гупуриб эшитилиб туради.
Домланинг “Индамаслар олами” маснавий достони алоҳида мавзу. Ўша қийин ва қабоҳат йилларда ҳам тиниқли санъаткорлар томонидан қўшиқ қилиб айтилганда, салкам минг кишилик давраларнинг чинқириқ сукунатига гувоҳ бўлганмиз. Демак, одамзод фақат яхшилик учун яралган, яхшилик учун одам болаларига умр берилган. Қадр этиб, қадр топиб, элу юрт учун фидо бўлиб яшамоқнинг саодатию одамзоднинг ўкинч ва армонларини ўзида мужассам этган бу достоннинг вазифаси билан аҳамияти ҳеч қачон эскирмайди. Чустий домланинг ўлмас ижоди сифатида то аруз, то назм салтанати мавжуд экан, бу асар яшайверишига, уни битган шоир ҳам барҳаётлигига кафолатдир бу.
Модомики, гап сайланма асарлар хусусида кетар экан, азиз китобхонларни Чустийнинг ўзлари орзу этгандайин анча мукаммал ва тугал-тўкис тайёрланган бу емирилмас муҳташам назмий обида билан яна бир карра муборакбод этамиз.
Назмий тарихимиздан маълумки, Навоий бобомизнинг авлодларга қарата битган насиҳатнома шеърлари бор, Ҳофиз Шерозий, Саъдий насиҳатномалари бор. Сўзимизни Чустий домланинг “Васиятнома”сидаги дардли ва армонли байтлари билан якунламоқни лозим топдик:
Одамий бўл, одамий бўл, одамий,
Сенда бўлсин одамийларни ғами.
Бу улуғ ҳикмат Навоийни сўзи,
Маъни афлокини ёруғ юлдузи.
Доимо ўтганларингни ёд қил,
Руҳи покин эсла, ҳар дам шод қил.
Ота-она руҳини қилсанг ризо,
Ҳурматинг фарзандларинг айлар бажо.
Айла доим яхшилик боғида сайр,
Жаннатул — Фирдавс аро кўргунча хайр!
Фотиҳа чоғида сиз айлаб карам,
Ёд этингиз камтарин Чустийни ҳам.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг