ЕИ жанг майдонида ғалаба қозониш имконини берувчи янги авлод қуролларини ишлаб чиқариши керак — ЕК раҳбари

18:23 07 Март 2024 Дунё
856 0

Фото: AP

Европа Иттифоқи (ЕИ) аъзо мамлакатларга ўзини ҳимоя қилиш ва “жанг майдонида ғалаба қозониш” имконини берадиган янги авлод қуролларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши керак.

Ушбу фикрларни Еврокомиссия (ЕК) раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа халқ партиясининг Бухарестда бўлиб ўтган қурултойида айтиб ўтди.

“Европа Иттифоқи жанг майдонида ғалаба қозониш имконини берадиган янги авлод қуролларини ишлаб чиқаришни таъминлаши керак ва Европа халқ партияси ўзини ҳимоя қилишга қодир Европани олдинга бошлай оладиган партиядир”, деди фон дер Ляйен хоним. У, шунингдек, агар ЕК раҳбари этиб қайта сайланса, Европа Комиссиясининг янги таркибида Мудофаа бўйича махсус Европа комиссари лавозими кўзда тутилишига ваъда берди.

Урсула фон дер Ляйен шу йилнинг февраль ойида Европа Комиссиясининг янги таркибида Мудофаа бўйича Европа комиссари бўлиши мақсадга мувофиқлигини маълум қилганди. Унинг вазифаларига бирлашган Европа мудофаа саноати салоҳиятини ошириш бўйича ишларни мувофиқлаштириш киради.

Шу йилнинг 5 март куни Европа Иттифоқи биринчи марта Европа мудофаа саноати стратегиясини тақдим этди. У 2025–2027 йилларга мўлжалланган мудофаа саноатини ривожлантириш бўйича Европа дастурини ўз ичига олади. Европа Иттифоқи “ҳарбий саноатнинг юқори тайёргарлигига” эришиш учун уни ривожлантиришга ЕИ бюджетидан 1,5 миллиард евро ажратишга ваъда берди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?