Эгаси минг пойласин...

12:35 29 Сентябр 2025 Жамият
137 0

Яқинда Нурота туманидаги Сойкечар қишлоғининг мол бозорида ўғрилик содир бўлди. Номаълум шахслар қорамол сотган фуқаронинг 22 миллион сўм пулини автомашинаси салонидан ўмариб кетишди. “Болаларга у бу олишга бир ҳаялга бозорга қайтиб киргандим”, дейди автомашина салонини ағдар-тўнтариш қилишдан тинмаётган жабрланувчи ҳалиям пули йўқолганига ишонмай.

“Эгаси минг пойлагани билан, ўғри бир пойласин экан...” деб шуни айтишади. Туман Ички ишлар бўлимининг тезкор ходимлари бозор параметрига ўрнатилган видеоқайд этиш қурилмалари хотирасини титкилаб, ҳудуд учун бегона бўлган “Спарк” автомашинасини топишди. Тасвирларда автомашина соҳибларининг юзини таниш имкони бўлмаса-да, давлат рақамлари аниқ-тиниқ қайд этилган. Тезкор чора-тадбирлар тузилиб, суриштирув ишлари бошланди.

Аниқланишича, автомашина ўша куни Фарғона ва Андижонда истиқомат қилувчи шахслар томонидан Тошкент шаҳридан ижарага олинган. Бир қатор ашёвий далиллар ёрдамида айбдорлар айбига иқрор бўлиб қўлга олинди. Албатта, бунда видеоқайд этиш қурилмасидаги қайдлар айбланувчиларнинг Навоий шаҳридаги хусусий меҳмонхоналарда рўйхатдан ўтмай тунаши, уларнинг ёнидан чиққан Республикамиз ҳудудидаги бозорлар иш графиги ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди.

Ахборот ва рақамли технологиялар ёрдамида иссиғида очилаётган бундай жиноятларга минглаб мисоллар келтириш мумкин. Бироқ ушбу технологиялар афзалликларидан фойдаланиб, ўзларининг қабиҳ ниятларини амалга ошираётган, соддадил минглаб фуқароларимизнинг моддий бойликларини ўмараётганлар ҳам кам эмас. Айниқса, сўнгги пайтларда банк пластик карталаридаги пулларнинг ноқонуний ўзлаштирилиши, маблағларнинг номаълум тарзда ечиб олиниши билан боғлиқ мурожаатлар кўпаётганлиги барчада хавотир уйғотмоқда.

Биргина Навоий вилояти мисолида олсак, жорий йилнинг 8 ойи давомида жами содир этилган жиноятларнинг 38,3 фоизи (республикада 45) яъни, умумий 2838 та жиноятдан 1088 таси виртуал муҳитда содир этилган кибержиноятларни ташкил қилишининг гувоҳи бўламиз.

Ҳуқуқий контекстларда тез-тез кибержиноят деб аталадиган ушбу қонунбузарлик кенг қамровли зарарли ҳаракатларни ўз ичига олади, — дейди Навоий вилоят ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси масъул ходими Шокир Ҳазратқулов. — Улар электрон почта ва интернетда фирибгарлик, рақамли идентификацияни ўғирлаш, кибер ўғирлик, шу жумладан молиявий ёки карта тўловлари маълумотларини рухсатсиз олиш, корпоратив маълумотларни ўғирлаш ва қайта сотиш, таъқиқланган товарларни онлайн сотиш, шахснинг шахсий маълумотларини тарқатиш билан таҳдид қилиш орқали товламачилик каби ўндан ошиқ йўналишларни ўз ичига олади. Бугун вилоят ҳудудида банк пластик карталаридаги пулларни талон-торож қилиш билан боғлиқ содир этилаётган жиноятлар салмоғи кун сайин ошиб, аксарият ҳолларда фуқароларимиз ўзларининг ишонувчанлиги   билан жиноятчиларга “ёрдам” бераётганлигини ҳам қайд этишимиз жоиз. Сўнгги маълумотларга кўра киберфирибгарларга бу тахлит “чув” тушиш ҳолатлари Европа мамлакатлари ва бир қатор ривожланган давлатларда камаймоқда. Сабаби “Текин пишлоқ фақат қопқонда” бўлишини улар аллақачон англаб етишган.

Шу боис содир этилаётган кибержиноятлар миқёси ва долзарблигидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиз Президентининг жорий йил 30 апрелдаги “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш фаолиятини янада кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида Республика Ички ишлар вазирлиги, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг ҳар бирига кибержиноятларнинг олдини олиш ҳамда аҳолининг кибермаданиятини юксалтиришга қаратилган барча зарур чораларни кўриш бўйича қатъий топшириқлар белгилаб берилди.

Жумладан, банклар, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари учун ўз кундалик фаолиятини ташкил этишда мижозларининг манфаати ва молиявий хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа сифатида белгиланди. Шу асосда банклар томонидан пул ўтказмаларини амалга оширишда фуқаронинг ўзи тасдиқланган кодни юбориши тизими ва бошқа бир қатор чекловлар жорий этилди. Албатта, ҳар бири фуқароларнинг пул маблағлари ва шахсий маълумотларини ҳимоя қилишга қаратилган. Бироқ, ишонувчанлик ҳамон давом этмоқда.  

Масалан, яқинда Зарафшон шаҳрилик фуқаро ўзига тегишли уйини сотиб, киберфирибгарлар “тузоғи”га илиниб қолади. Фирибгарлар фуқарога осон пул топиш йўлини таклиф этиб, уйини сотишдан тушган 450 миллион сўм пулини 30 марта ўтказиб, ҳар сафар пул ўтказиш операциялари кодларини олиш орқали ўзлаштириб оладилар. Ўз маблағини қўшқўллаб фирибгарларга топшираётган фуқароларимиздан кўплаб мисоллар келтириш мумкин.

Бу масалада фуқароларнинг позицияси аниқ ва тизимли бўлиши лозим, — дея давом этади Ш. Ҳазратқулов. — Сабаби фирибгарлар томонидан ҳозирги кунда энг оммалашган коммуникация тармоқларидан бири бўлган “телеграмм” мессенжери орқали турли кўринишдаги киберҳужумлар содир этилмоқда. Улардан файл кўриниши “.apk” кенгайтмали зарарли дастурларни мисол қилиш мумкин. Биргина “Тўйга таклифнома”, “Расмдаги сизми”, “Суд қарори” ва шу каби фуқароларни қизиқтирувчи турли хил сарлавҳалар билан номланган вирусли дастурлар орқали аҳолининг аксарият қисмини алдаб, шахсий маълумотларини эгаллаган ҳолда банк пластик карталарида мавжуд бўлган маблағларни яширин равишда талон-тарож қилиш ҳолатлари ҳам тез-тез содир бўлмоқда. Афсуски, бундай ҳолатларда фуқароларимизнинг фирибгарлар томонидан уларнинг турли кўринишдаги алдов йўлидаги осон пул топиш ва шоҳона ҳаёт кечиришдаги ваъдаларига ишониб, пулларини ўзлари танимаган шахслар ихтиёрига топширмоқда.

Эндиликда бундай ҳолатларни олдини олиш мақсадида вилоят Ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасида жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан махсус @navoiycyberbot телеграмм боти яратилди. Мазкур бот, телеграм гуруҳларга турли профил эгаларидан келаётган “.apk” форматидаги вирусли файлларни аниқлаб, ўз вақтида зарарсизлантириш чораларини кўриш билан бир қаторда, ушбу гуруҳларга кибермакондаги таҳдидлардан ҳимоя қилиш ва фуқароларни кибержиноятларнинг оқибатларидан огоҳлантиришга қаратилган тарғибот материаллари билан таништириб боради. Бугунги ахборот технологиялар шиддат билан ривожланаётган даврда, ҳар бир инсон ахборот хавфсизлигига қатъий риоя қилган ҳолда шахсий ва банк пластик карталаридаги маълумотларни учинчи шахслардан сир тутиши лозим. Акс ҳолда электрон ҳамённинг қулайлигидан фирибгарлар фойдаланиши мумкин.

Темур ЭШБОЕВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?