Дуоингиз мени асрайди!
Она... Бу сўзни тилга олган инсоннинг қалбида дарҳол илиқлик уйғонади. Чунки она меҳр-шафқат тимсоли, сабр ва матонат намунаси, фидойилик ва бағрикенглик мактабидир. Она — ҳаётимиздаги илк муаллим, илк устоз, илк йўлбошчи. Инсон бу дунёга келган илк ондан бошлаб, она меҳри билан улғаяди, дуоси билан куч топади, ишончи билан қанот ёзади.
Онажон, сиз мен учун нафақат ҳаёт бахш этган инсон, балки бутун тақдиримни шакллантирган улуғ зотсиз. Эндигина тетапоя бўлганимда асраб-авайлаганингиз, қўрқувимни қалб тафтингиз билан босганингиз, ҳар бир инжиқлигимга бардош берганингиз буларнинг барчаси хотирамда муҳрланиб қолган.
Мен илк бор “она“ деб айтганимдаги қувончингизни, илк қадамларимни кўриб севинганингизни тасаввур қиламан. Ўша пайтларданоқ сиз ўз орзу-умидларингизни фарзандингиз бахти билан боғлаб қўйгансиз. Ўзингизни эмас, аввало, бизларни ўйлагансиз, ўз оромингизни эмас, фарзандларингизнинг тинчлигини устувор билгансиз.
Мен бугун ҳаётда нимагадир эришган бўлсам, одамлар ишончини қозонаётган бўлсам буларнинг барчасида сизнинг меҳнатингиз, тарбиянгиз ва дуоингиз бор. Сиз берган тарбия туфайли мен ҳалолликни, адолатни, меҳр-оқибатни ҳаётимнинг асосий мезони, деб билдим.
Сиз менга инсон қадрини улуғлашни, катталарга ҳурмат, кичикларга меҳр кўрсатишни ўргатдингиз. “Яхшилик қил, қайтмаса ҳам афсусланма“ деган ўгитингиз ҳаётим шиорига айланди. Сизнинг самимийлигингиз, соддалигингиз ва тозадиллигингиз мен учун энг катта намунадир.
Онажон, инсон ҳаётда турли синовларга дуч келади. Қийинчиликлар, ташвишлар, масъулиятлар буларнинг барчаси инсонни тоблайди. Аммо мен ҳар қандай вазиятда ўзимни ёлғиз ҳис қилмайман. Чунки ортимда сизнинг дуоларингиз, ишончингиз ва меҳрингиз борлигини биламан. Она дуоси энг кучли паноҳ, энг мустаҳкам қалқон.
Онажон, мен сизнинг меҳрингизни ҳеч қандай сўз билан тўлиқ ифода эта олмайман. Чунки она меҳри ўлчовсиз, беқиёс ва абадий неъмат. Дунёдаги барча гўзал сўзлар жамланса ҳам, она меҳрини тасвирлаб беришга ожизлик қилади.
Онажон, сиз нафақат менинг, балки бутун оиламизнинг фахрисиз. Сизнинг ҳаёт йўлингиз фидойилик, сабр ва меҳр билан тўлган ибратли мактаб. Биз сиздан ҳаётда тўғри яшашни ўргандик.
Байрамингиз муборак бўлсин, азиз онажоним!
Малика ҚОДИРХОНОВА, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига кириш нархлари эълон қилинди
- Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди
- АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемаларни кузатиб боришни бошлаши мумкин
- 14 март куни кузатиладиган об-ҳаво прогнози эълон қилинди
- Қийинчиликларда тобланган, ички куч ва оғриқларни жиловлай олган — «Инсон»
- Тошкент вилоятида Абдулла Орипов уй-музейи очилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг