Дунё эътиборини тортган нутқ

Ўтаётган ҳар бир кун юртимиз тарихида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий воқеликларга бой бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги иштироки ва илгари сурган Қоя ҳамда ташаббуслари, долзарб муаммолар юзасидан билдирган таклифлари дунё жамоатчилиги, халқаро эксперт ва сиёсатчиларда жуда катта қизиқиш уйғотди. Бу, албатта, юртимиз обрў-эътибори ҳамда имижини янада ошириш йўлидаги яна бир қадамдир.
Президентимиз таъкидлаганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқартирилди. Бунга, аввало, таълим ва илм-фан соҳасига эътиборни кучайтириш, инновацион тармоқлар ва технологик саноат корхоналарини барпо этиш, “яшил” энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, кичик бизнесни ҳар томонлама ривожлантириш, юз минглаб иш ўринлари яратиш орқали эришилмоқда. Ҳақиқатан ҳам, мамлакатимизда кейинги йилларда инновацион тармоқларни юксалтириш, янги корхоналарни барпо этиш ва “яшил” иқтисодиётга ўтиш борасида изчил ишлар амалга оширилди.
Бу жараён иқтисодиётнинг саноатлашувини жадаллаштириш, иш ўринлари яратиш ва экспорт салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш нафақат экологик барқарорликка, балки иқтисодий самарадорликни ҳам таъминламоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни келажакдаги “яшил” ва технологик иқтисодиётга асосланган, рақобатбардош давлатга айлантириш йўлида муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Президентимиз Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан мустаҳкам алоқаларига алоҳида тўхталиб, «Бундан 8 йил муқаддам биз ушбу юксак минбардан туриб Марказий Осиёни тинчлик, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айлантиришга қатъий қарор қилганимизни эълон қилган эдик. Бугун чуқур мамнуният билан таъкидлаш мумкин: биз бу стратегик мақсадга эришдик. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди. Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналари ташкил этилди, йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилмоқда”, деди. Қисқа даврда мана шундай улкан маррага эришиш биз учун жуда катта муваффақиятдир.
Бугун дунё қалқиб турибди. Низолар, глобал муаммолар мураккаб вазиятларни келтириб чиқариб, жаҳон халқларини жиддий хавотирга солмоқда. Давлатимиз раҳбари бу масалада ҳам ташаббус кўрсатиб, дунё давлатларини бу борада жипслашишга чақирди. «Ҳозирги кунда дунёда халқаро институтларнинг ўрни ва роли заифлашмоқда, қарама-қаршилик, низо ва урушлар кучаймоқда, технологик ва ижтимоий тенгсизлик кескин ошмоқда, иқтисодий ва гуманитар инқирозлар ортиб бормоқда. Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда.
Биз замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдоримиз», деган таклифни олға сурди.
Глобал ва минтақавий хавфсизлик, барқарор ривожланиш ҳақида сўз кетганда, Афғонистон тўғрисида тўхталмаслик мумкин эмас. Ҳақиқатда бугун ён қўшнимиз бўлган бу давлатда вазият аста-секин изга тушмоқда. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида афғон халқининг тинч ва осуда ҳаётга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарурлиги, бу мамлакатнинг яккаланиб қолишига йўл қўймаслик жуда муҳимлиги, Ўзбекистон Афғонистонда катта иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқчи эканини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, ушбу мамлакат орқали халқаро транспорт ҳамда энергетика коридорларини ривожлантириш бўйича БМТнинг алоҳида резолюциясини қабул қилишни таклиф этди.
Юртбошимиз томонидан билдирилган жиддий муаммолардан яна бири — иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг тақчиллиги, Орол денгизи қуришининг салбий оқибатлари ҳақида бўлди. Чунки булар ўта хавотирли, жаҳон ҳамжамиятининг доимий диққат марказида бўлиши талаб этиладиган муаммолардир. Бу борада ҳам халқаро шериклик ва мувофиқлаштирилган сиёсат юритиш лозимлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг дунё минбаридаги бу чиқиши янги Ўзбекистоннинг дунё сиёсатидаги ўрнини янада мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Қувондиқ САНАҚУЛОВ,
«Навоий КМК» АЖ бош директори,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг