Дўстлик кўприги
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга расмий ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги маданий-маърифий, адабий алоқаларни ҳам янги босқичга кўтарди.
Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик халқларининг бу йўналишдаги ҳамкорлиги ўта ранг-баранг ва серқирра бўлиб, тарихий-маданий муштараклик, урф-одатлар ва турмуш тарзидаги ўхшашлик асосига қурилган.
Газетамизга онлайн интервью берган тожикистонлик зиёлилар ҳам бу жиҳатни алоҳида эътироф этди.
Мунаввара ОЙМАТОВА, Хўжанд давлат университети ўқитувчиси, шоира:
— Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистонда икки халқнинг маданияти ҳамда санъатини ўрганишга, ўзаро бойитишга катта эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Президентининг ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар бу борада янада кенг имкониятлар эшигини очди. Хусусан, Маданий-гуманитар ҳамкорлик тўғрисидаги битим халқларимизнинг маънавий алоқаларини мустаҳкамлаш, ёшларимизни умумий манфаатлар атрофида жипслаштиришга йўналтирилган қатор лойиҳаларни кўзда тутади.
Ўзбекистонда тожик тилида газета ва журналлар чоп этилишидан, телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар эфирга узатилишидан хабаримиз бор. Уларни Тожикистонда ҳам мунтазам кузатиб боришади. Таълим тожик тилида олиб бориладиган мактаблар, бир қатор олий ўқув юртларида шундай факультет ва бўлинмалар фаолият юритишидан эса доимо ғурурланамиз.
Тожикистонда ҳам ўзбек қардошларимизнинг маънавий-маърифий фаолияти, ёшларнинг билим олиши учун барча қулайлик яратилган. Хусусан, Хўжанд шаҳрида Ўзбек маънавияти ва маърифати маркази, маҳаллий университетда ўзбек филологияси бўйича мутахассислар тайёрлайдиган илмий мактаб фаолият юритиб келмоқда.
Узоқ тарихга ва мустаҳкам илдизларга эга ўзбек-тожик адабий алоқалари ҳам бугун изчил бойиб бормоқда. Ўзбек ва тожик ижодкорлари бир-бирининг асарларидан илҳом олиб, ўлмас асарлар яратиб келишаётгани сўзимиз исботидир.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи давомида анъанавий фаол гуманитар алмашинувларни давом эттиришга келишиб олинганидан беҳад қувондик. Ўзбекистон раҳбари дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишланган қўшма маданий тадбирлар дастурини амалга ошириш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари фестивалини ташкил этиш бўйича берган таклифи бизни жуда хурсанд қилди. Буларнинг барчаси дўст, биродар халқларимиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ҳасанбой ҒОЙИБ, шоир ва таржимон, «Тожикистон Республикаси матбуот аълочиси» унвони соҳиби:
— Азалдан ўзбек ижодкорларининг Тожикистонда, тожик ижодкорларининг Ўзбекистонда китоблари чоп қилиб келинган. Шу боис бугунги кунда ҳам ўзбек адабиётининг Тожикистонда, тожик адабиётининг Ўзбекистонда муҳиблари талай, десам, хато бўлмайди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистонга ташрифи чоғида Душанба ва Тошкентда замонавий ўзбек ва ўзбек адабиётининг танланган асарлари — антологияларини нашр этиш таклифини илгари сургани шу жиҳатдан халқларимиз учун жуда қувонарли воқеа бўлди.
Адабиёт ва санъат ҳамиша халқлар яқинлашувига хизмат қилишини англаган мамлакатларимиз раҳбарларининг ўзбек-тожик шоирларининг асарлари алоҳида китоб ҳолида чоп қилиниши, тақдимотлар ўтказилиши, бадиий кечалари ташкил қилинишида ҳам бош бўлишига ишончимиз комил.
Дарҳақиқат, ўзбек ва тожик икки тильда сўзлашадиган битта миллат, деган нақл бежиз пайдо бўлмаган. Динимиз, қадриятларимиз бир, энг кичик одатлардан тортиб тўю маъракалардаги маросимларимизгача ўхшаш. Шу боис тожик ва ўзбек халқлари оғзаки ижодидаги инсонпарварлик ғоялари, тинч ҳаёт кечиришга интилиш, зулму истибдодга қарши кураш, рўзғор юритиш одатларини кўрсатиб берган фольклор жанрлари умумий хусусият касб этган. Катта ҳажмли «Гўрўғли» достони ҳамда бошқа ривояту афсоналарнинг тожикча ва ўзбекча вариантларининг мавжудлиги ҳам бу халқлар асрлар давомида ҳаёт воқеаларига бир нигоҳ билан қараганлигини кўрсатади.
Бугунги кунда нафақат катта авлод вакиллари, балки ўзбек ва тожик ёш ижодкорлари ўртасида ҳам дўстлик ришталари мавжуд. Биз яқин йиллар ичида Тожикистонда ўзбек ёш ижодкорларининг ижодий намуналарини тожик тилига ўгиришни ҳамда тўплам ҳолида чоп қилишни режа қилганмиз.
Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг