Диёра Келдиёрова муддатидан олдин катта лейтенант бўлди

03:56 31 Август 2024 Жамият
383 0

Фото: Мудофаа вазирлиги

Кеча, 30 август куни Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида «Париж-2024» Олимпия ўйинларида иштирок этган бир гуруҳ ҳарбий хизматчи ва ходимлари ҳамда уларнинг мураббийларини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов совриндор бўлган Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам тақдирлади.

Хусусан, вазирликнинг Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази спортчиси, Олимпиада олтин медали соҳиби лейтенант Диёра Келдиёровага муддатидан олдин навбатдаги «катта лейтенант» ҳарбий унвони топширилди. Шунингдек, у «Тўмарис» кўкрак нишони билан ҳам тақдирланди.

Фото: Мудофаа вазирлиги

Олимпиадада таэквондо бўйича олтин медални қўлга киритган спортчи, кичик сержант Улуғбек Рашитов бошланғич офицерлик — «лейтенант» ҳарбий унвони, мусобақа кумуш медалига эга чиққан кичик сержант Светлана Осипова «лейтенант» ҳарбий унвони билан тақдирланди. Шунингдек, Светланага «Тўмарис» кўкрак нишони ҳам топширилди.

Бундан ташқари, Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўришдаги фаоллиги ҳамда хамкорлиги учун марказ ўқитувчи мураббийи, Қуролли кучлар хизматчиси Павел Хан икки хонали уй билан, бокс бўйича мусобақаларда матонат ва жасорат кўрсатгани учун оддий аскар Цитора Турдибекова «Тўмарис» кўкрак нишони билан тақдирланди.

Шунингдек, Бокс федерацияси бош мураббийи Тўлқин Қиличев, бокс бўйича аёллар бош мураббийи Элшод Расулов, Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази ўқитувчиси, Қуролли кучлар хизматчиси Акмал Ҳасанов мудофаа вазирининг «Малакали устоз» кўкрак нишонига муносиб кўрилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?