Депутатингиз фаолиятидан хабардормисиз?

22:47 27 Март 2026 Жамият
237 0

Бугун маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаолиятидан кўпчилик бехабар десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. YouTube платформаси орқали вилоят Кенгашлари сессияларининг он-лайн ёритилишини айтмасак, сайловчилар ўз депутати ҳаракатларини кузатиш имкониятига эга эмас. «Telegram» ижтимоий тармоғидаги гуруҳларда ҳам уларнинг саъй-ҳаракатлари қуруқ хроникадан иборат бўлиб қолмоқда.

Шу боис Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси томонидан халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда «Маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини самарали ташкил этиш» мавзусида семинар ташкил этилиб, унда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини ижтимоий тармоқларда тизимли, очиқ ва самарали ёритиш, аҳоли билан онлайн мулоқотни кучайтириш ҳамда жамоатчилик фикрини шакллантиришда рақамли платформалар имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқишга эътибор қаратилди.

— Бугун Ўзбекистонда давлат бошқарувини рақамлаштириш шунчаки техник жараён эмас, балки давлат ва жамият ўртасидаги масофани қисқартиришга қаратилган стратегик ислоҳотдир, — дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. — Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегияси ижро ҳокимияти билан бир қаторда, вакиллик органлари — маҳаллий Кенгашлар олдига ҳам мутлақо янги вазифаларни қўймоқда. Шу боис семинарда биз асосий эътиборни маҳаллий кенгашлар ва депутатлар фаолиятини ижтимоий тармоқларда яъни рақамли платформалар орқали тизимли ташкил этишга қаратдик.

Нима учун бу муҳим? Чунки бугунги сайловчи — рақамли авлод вакили. У депутатнинг ишини эскича усулда эмас, балки Telegram, Instagramда қисқа, аниқ ёки YouTubeдаги тўғридан-тўғри жонли видеоларда кўришни истайди. Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, 2026 йилга келиб аҳолининг ижтимоий-сиёсий онги шу даражага етдики, энди «режалар тузилди» деган баландпарвоз гаплар ишламайди. Энди «мана муаммо, мана ечим ва мана натижа» деган занжир керак.

Мақсадимиз аниқ: депутат — экран ортидаги расмий шахс эмас, балки ҳар бир фуқаронинг муаммосига тезкор ечим топувчи ва уни ечимини топишда ҳал этувчи «интеллектуал кўприк» бўлиши шарт.

Халқ билан мулоқотнинг рақамли трансформацияси — бу шаффофлик, адолат ва ижтимоий барқарорликнинг энг мустаҳкам кафолатидир.

Тадбирда маҳаллий Кенгашлар фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритишнинг амалдаги ҳолати, мавжуд муаммолар ва камчиликлар, шунингдек, уларни бартараф этиш юзасидан таҳлилий маълумотлар тақдим этилди.

Иштирокчилар томонидан маҳаллий Кенгашлар ва депутатлар фаолиятини ёритишда контентни режалаштириш, ахборотни содда ва тушунарли шаклда тақдим этиш, фото ва видеоматериаллардан самарали фойдаланиш ҳамда ижобий имижни шакллантириш масалалари юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Семинар якунида маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаолиятини такомиллаштириш, ахборот алмашинувини кучайтириш ва аҳоли ишончини оширишга қаратилган амалий таклифлар ишлаб чиқилди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер