COVID-19: Европа яна карантинга қайтадими?

14:19 20 Июль 2022 Дунё
416 0

Фото: Иллюстратив фото

Бугун «кўҳна қитъа» яна коронавирус гирдобида. Пандемиянинг янги тўлқини минтақада эпидемиологик вазиятни такрор издан чиқара бошлаган. Бу ерда «омикрон»нинг янги мутациялари кенг тарқалмоқда.

Шу муносабат билан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа бюроси раҳбари Ханс Клюге ушбу ҳудудда жойлашган мамлакатлар аҳолиси ва ҳукуматларига мурожаат билан чиқди.

Унда қайд этилишича, минтақада сўнгги олти ҳафта ичида CОVID-19 билан касалланиш ҳолатлари уч баравар, шифохонага ётқизилганлар эса икки баравар ошган.

Беморлар сони асосан кекса ёшли инсонлар ҳисобига ўсишда давом этяпти. Энг ёмони, хасталик оқибатида ҳар ҳафтада 3 мингга яқин киши ҳаётдан кўз юммоқда.

«Хавотирли жиҳати, болалар ёзги таътильдан қайтиб, ўқиш мавсуми бошлангач, вазият янада ёмонлашиши мумкин, — дейди Х.Клюге. — Аммо куз келишини кутиб, зарур чора-тадбирларни ортга сурсак, эпидемиологик вазият бутунлай издан чиқиши ҳеч гап эмас».

Шундан келиб чиққан ҳолда ЖССТнинг Европа бюроси куз-қиш мавсуми учун ҳаракатлар стратегиясини тақдим этди.

Унда белгиланган дастлабки чора-тадбир эмлаш қамровини оширишни кўзда тутади.

Хусусан, беш ва ундан катта ёшдаги иммунитети заиф кишилар ҳамда хавф гуруҳига мансуб аҳоли қатламига коронавирусга қарши вакцинанинг охирги босқичидан уч ой ўтгач, иккинчи кучайтирувчи дозани қўллаш тавсия этилган.

Бино ва иншоотлар ичкарисида ҳамда жамоат транспортида ниқоб тақишни рағбатлантириш лозим.

Аҳоли гавжум жойлар (мактаблар, идоралар, жамоат транспорти) вентиляция тизими билан таъминланиши керак.

Касалликнинг оғир босқичини бошдан кечириш хавфи остида бўлганлар учун қатъий терапевтик протоколлар ўрнатиш зарур.

Ханс Клюге коронавируснинг янги мутациялари аввалроқ касалликни бошдан ўтказганларга ҳам юқиши мумкинлиги ва унинг оқибатлари давомли бўлишидан огоҳлантирди.

«Масалан, биргина Буюк Британияда икки миллион нафарга яқин киши, яъни мамлакат аҳолисининг уч фоизи ҳозир COVID-19 асоратларидан азият чекмоқда» — дейди мутахассис.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер