Чўлланишнинг кушандаси бор
Экин ерларининг чўлланиши, саҳролардаги қум кўчишлар аллақачон глобал масалага айланиб улгурди. Афсуски, бу муаммо юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Иқлим ўзгаришлари яйловларнинг камбағаллашувига, ерлар ҳосилдорлигининг камайишига, экологиянинг бузилишига олиб келмоқда. Аммо инсоният ақл-заковати бу муаммоларга ечим топишга, вазиятни юмшатишга қодир. Хитойда яратилган мўъжизавий ўсимлик – жунсаога ана шундай изланишларнинг маҳсули сифатида қаралмоқда.
– Бир қарашда қамишни эслатадиган бу ўсимлик экологик жиҳатдан жуда фойдали саналади, – дейди Бухоро вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Анвар Ҳамроев. – У ўтган асрнинг 80-йилларида Фуцзянь қишлоқ хўжалиги университети олимлари томонидан яратилган. Бу технология Хитой қишлоқларидаги озуқа танқислиги, камбағалликни бартараф этиш, экологик муаммоларга барҳам бериш мақсадида ишлаб чиқилган.
Манбаларда айтилишича, жунсао қиёз, шампиньон каби қимматли зўғол маҳсулотларини етиштириш учун табиий субстракт сифатида ишлатилади. Унга тупроқ таркибини шўр заррачалардан тозалаш, чўлланишга қарши кураш воситаси сифатида ҳам қаралади. Гап шундаки, у ер танламайди. Қумли, шўр, кам ҳосилли тупроқда ҳам ўсаверади. Ўсганда ҳам тез ривожланади. Тупроқнинг зичлигини мустаҳкамлайди. Чўллашишни тўхтатади. Бунинг устига чорвачилик учун сифатли озуқа вазифасини ҳам ўтайди.
– Чамаси бир ойча муқаддам Хитой жунцао технологияси Миллий муҳандислик илмий маркази масъуллари Ўзбекистонга ташриф буюриб ушбу ўсимлик кўчатларини экиш, парваришлаш ва ундай экологик тоза маҳсулотлар олиш масаласида маҳаллий ҳокимият вакиллари ва мутахассислар билан мулоқот қилди, – давом этади А. Ҳамроев. – Улар вилоятимиздан танланган ер майдонларининг ҳолати, шароитлар ва инфратузилмани ҳам ўрганди. Шундан сўнг вазирлигимиз қошидаги “Камбағаллик ва меҳнат соҳасидаги лойиҳаларни бошқариш маркази” ўртасида икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келишув хати имзоланди.
Маълум бўлишича, ушбу истиқболли лойиҳа, Бухоро вилояти ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 200 гектар чўл ва шўрланган ерда амалга оширилади. У қишлоқ жойларида камбағалликни қисқартиришда асқатади. Чунки бу ўсимликдан қўзиқорин учун субстрат тайёрлаш, пировардида кўплаб турдаги қўзиқорин етиштириш мумкин. Ундан бир марталик тарелка, қошиқ, стакан ва ҳатто қурилиш материаллари ишлаб чиқарса бўлади. Улар экологик тоза маҳсулот саналади. Қолаверса, у ер таркибидаги туз миқдорини камайтиради. Тупроқ емирилишига ғов бўлади. Бинобарин, чўлларни кўкаламзорлаштириш орқали чанг-шамоллар, қум бўронлари йўлига ишончли тўсиқ яратиш мумкин.
Марказий Осиё давлатлари орасида илк бор қўлланиладиган бу технология жараёнида маҳаллий мутахассисларнинг жунцао ўсимлигини етиштириш борасидаги билимларини ошириш, уларда маълум бир кўникмаларни ҳосил қилиш ҳам кўзда тутилган.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг