“Чойхонада дийдорлашайлик”

Эслайсизми, саҳарлаб супуриб-сидирилган, саришта, чойи хуштаъм, жойи баҳаво, атрофига райҳонлар экилган чойхоналарда отахонлар савлат тўкиб ўтирарди. Ўзбекона дўппи кийган, доим қўли кўксида, танти чойхоначилар четдан ҳориб келган меҳмонлар олдига ўша заҳотиёқ иссиқ нон, майиз ва чой келтириб қўярди. Улар темир йўл ёки автобус вокзаллари бекатларида эмас, чойхонада ўтириб ҳордиқ чиқарарди. Ўша шаҳар ва қишлоқларнинг урф-одати, маданияти билан шу ернинг ўзида танишарди.
Отахонлар покиза чойнаклардан озода пиёлаларга чой қўйиб, классик ашула-куйларни тинглаб ўтирарди. Тўр қовоқларда каклик ва беданаларнинг тинимсиз сайрашини айтмайсизми, кексалар учун роҳати жон эди. Оиласи нотинч ёки фарзандлари ноқобил чиққанлар чойхонага чиқишга уяларди. Чунки чойхона ҳаммаслак, ҳамфикр жой бўлиб, кимдир ножўя иш қилса аввало чойхонадаги отахонлардан дакки эшитишдан ҳайиқарди. Бир неча кун одамларга қўшилолмай юрар, ҳатто бундан унинг қариндош-уруғларининг ҳам юзи шувут бўларди.
— Биз учун чойхона университет бўлган, — дейди Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 80 ёшли Маҳмуд ота Боймирзаев. — Энг эрта очилиб, кеч ёпилар, куну тун эрталабдан-кечгача пул тўламасдан ўтириш мумкин эди. Боиси, чой текин, истаганлар халқ қўшиқларини тинглаб ўтирарди. Чойхонада бутун дунё хабарини эшитардик. Кимдир газетага чиққан бирор ўткир мақолани олиб келса, бошқа биров бозорда ким тарозудан ургани-ю, нарх-навони, яна кимдир радиода эшитган янгиликларини кўтариб чиқарди. Шу суҳбатларда ҳамжиҳатлик, самимият бор эди. Аммо ҳозир-чи? Чойхоналар шовқинли емакхонага айланди. Миллий анъаналардан узоқлашди. Номи чойхона бўлган билан ўтирган ҳар бир соат учун пул тўланади. Арзон бўлсаям қанийди, бир давра учун сарфланадиган маблағни ҳисобласангиз бир нуронийнинг ўртача нафақа пули кетади. Чойхоналарда чой ичиб кўнгилни ёзиш эмас, паловхўрлик қилиш асосий мақсадга айланди. Шу боис кўплаб отахонлар чойхонага бормай қўйишди.
Тадқиқотларга кўра, 1990-йилларда республика миқёсида ҳар бир туманда ўртача 35–40 та чойхона фаолият юритган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони камида икки баробарга қисқарган. Масалан, Андижон вилоятида 30 йил олдин 700 дан зиёд чойхона бўлган. Ҳозир уларнинг ярмидан камроғи ишлаб турибди. Энг ачинарлиси, чойхоналарнинг 80 фоизи баъзи савдо мутасаддиларининг ташаббусидан келиб чиқиб план билан ишлайдиган даромад манбаига айлантирилди. Шундан чойхоналарнинг файзи йўқолди. Янги қурилган чойхоналарда миллий архитектурадан фойдаланилган бўлса-да, деразалар, очиқ айвонлар ҳисобга олинмаган. Пахта гулли чинни чойнаклару пиёлалар қаёқда, хитойнинг арзон идиш-товоқлари эгаллаб олган. Чорпоялар, сўриларда оёқни узатиб ўтириш қаёқда, темир стол, стулларда ярим соат ўтиролмайсиз. Чойнинг бемазалиги-ю, ёш чойхоначиларнинг маданиятсизлиги, атрофдаги нотозаликни гапирмасаям бўлади.
— Чойхона катталар учун ижтимоий мулоқот мактаби вазифасини ўтаган, – дейди психолог Анваржон Ҳақбердиев. – Мулоқот инсон руҳияти учун озиқ ҳисобланади. Агар бу мулоқот майдони йўқолса, инсоннинг ички дунёси тораяди, охир-оқибат жамиятдан узилади. Бу ҳолат кўпинча кексаларда яккалик туйғуси ортишига олиб келади.
— Кексалар саломатлигида жисмоний ҳаракатдан кўпроқ руҳий омиллар ҳал қилувчи аҳамиятга эга, – дея суҳбатга қўшилди олий тоифали шифокор Жамолиддин Жалолиддинов. – Руҳий қувват бўлмаса, одамнинг иммунитети пасаяди, турли касалликлар тезроқ зоҳир бўлади. Илгари отахонлар кўп вақтини чойхонада ўтқазиб, суҳбат орқали руҳий озуқа олган. Ҳозир улар уйида ёлғиз қолиб кетяпти. Натижада, турли касалликларга мойиллик ошмоқда. 70 ёшдан ошган қарияларда қон босими касалликлари сўнгги ўн йилда 30 фоизга кўпайганлиги бунга мисолдир. Бу ижтимоий мулоқот имкониятларининг камайганлигидандир.
Шу ўринда савол туғилади: Биз нимани йўқотдик? Нега чойхона каби мўътабар масканларнинг қадри қолмади? Бир пайтлар жамиятда ҳамжиҳатлик ва биродарликни тарғиб қилган бу маконлар нега оддий ошхонанинг бир кўриниша айланиб қолди? Тўғри, кимдир бугун замон ўзгарди, одамлар ҳаёти тезлашди, иқтисодий талаблар ҳам бошқача, дейиши мумкин. Бироқ, шу ўзгаришлар орасида маънавиятни ҳам, инсонлар ўртасидаги мулоқотни ҳам йўқотиб қўймаяпмизмикан? Ҳозирги ёшлар тарбиясидаги айрим нуқсонлар ҳам кексаларнинг фойдали ва ибратли панд-насиҳатларини эшитишдан маҳрум бўлганликларидандир. Агар жамиятда отахонлар сўзсиз қолса, демак, келажак авлод учун тажриба мактаби ҳам йўқолади.
— Чойхона биз учун чой ичадиган жой эмас, балки ҳаётнинг ўзи эди, – дейди меҳнат фахрийси Олимжон ота Зайнобиддинов. – Биз шу ерда ҳаётни ўргандик, тўйни ҳам, жанозани ҳам муҳокама қилдик, кимдир ғамини тарқатди, яна кимдир қувончини баҳам кўрди. Энди ҳаммасидан маҳруммиз. Бизнинг чойхоналар энди йўқ...
Янги замон руҳига мос, аммо маънавий жиҳатдан ўша қадимги чойхоналар анъанасини тиклаш пайти келмадимикан? Зеро, чойхонасиз қолиш эвазига жамият ҳамжиҳатлигидан, биродарликдан, энг асосийси, мулоқотдан бебаҳра қолмоқликнинг салбий оқибатлари кўп. Ҳар бир манзилнинг кўркига кўрк, инсонийлик фазилатларига зеб бериб турувчи шарқона “Оталар чойхона”си тикланcа, унда миллий анъаналаримиз ўз ифодасини топса, нуронийларимизни қўллаб-қувватлаган бўлардик.
Саминжон ҲУСАНОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг