Чодакда Швейцария манзаралари

09:49 19 Август 2020 Welcome to uzbekistan
4259 0

Намангандан Тошкентга борадиган катта йўлнинг биқинида Қамчиқ довонига етмай туриб, Фарғона водийсининг энг гўзал гўшаларидан бири Чодак қишлоғи бошланади. У серсув, тоза ҳаво ва тошқин сув келтирувчи бетакрор сой ёқасида жойлашган. Атрофи эса тоғлар билан ўралган ғоят сўлим ва хушҳаво макон.

Тарихи яқин 4,5 минг йилга бориб тақаладиган Чодак ўзининг бетакрор табиати, қиру тоғлари ва сою жилғалари билан азалдан минглаб сайёҳларни ўзига тортиб келган. Сўнгги йилларда қишлоқнинг туризм салоҳиятини янада юксалтириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шундай лойиҳалардан бири бўлган кемпинг, коттеж ва ўтовлар мажмуасини ўз ичига олган замонавий туризм маскани «Распутин агро сервис» масъулияти чекланган жамияти томонидан рўёбга чиқарилаётир. Чодаксой бўйидаги бир гектарлик майдонда барпо этилаётган дам олиш масканининг ўзига хослиги шундаки, бу ерда маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун бир вақтнинг ўзида уч йўналишда хизмат кўрсатилади.

Айни пайтда фин услубида ҳар бири икки ўринли, барча қулайликлар мавжуд учта кемпинг қуриб битказилди. Бундан ташқари 7 та икки қаватли коттеж типидаги меҳмон уйларига ҳам пойдевор қўйилди. Шунингдек, сой бўйидаги бўш майдонга 10 та ўтов қўйиш, маҳаллий ўзига хос таомларни таклиф этувчи тематик ошхона барпо этиш ишлари бошланган.

— Ҳаракатларимиз замирида Чодакни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини яхшилаш, қишлоғимиз меҳмонлари учун қулай шароитлар яратиш ва шу бирга аҳолини иш билан таъминлаш мақсади мужассамлашган, — дейди сайёҳлик маскани раҳбари Раҳимжон Қўлдошев.

Мазкур туризм масканининг ўзига хос томони шундаки, у Чодак қишлоғидаги диққатга сазовор манзилларнинг ўртасида жойлашган. Бу ерга келгунча масофада қадимий Чодак масжиди ва Исмоил Атойи мақбарасини кўришингиз мумкин. Дам олиш масканидан юқорига қараб бироз юрилса, Чирчир момо зиёратгоҳи, Бобо Юсуфи Ҳамадоний қадамжосига кўзингиз тушади.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?