Чироқчилик 96 ёшли Темур бобо ён дафтаридаги битиклар
Фото: Халқ сўзи
Темур бобони Чироқчи туманида бир йиғилишда учратиб қолдим. Бу самимий ва хушчақчақ отахон билан суҳбатимиз тезда қовушиб кетди. Қарияни 80 ёшларни қоралаган бўлса керак, деб ўйлагандим. Ўзидан сўрасам, шу йил апрель ойида 96 ёшга қадам қўйишини айтди. Сўзлари бурро, қадди -қомати тик, фикрлари тиниқ бу беғубор қарияга ихлосим ошди ва ундан шундай улуғ ёшда ҳам худди ёшлардек бардам эканининг сири ҳақида сўрадим.
У биттагина марвариддек тишини кўрсатиб самимий жилмайдида, кифтимга кафтларини қўйиб сўз бошлади:
— Ҳаракатда баракат, деганларидек, ҳар куни тонгда чамаси 3 километр пиёда юраман, — дейди отахон. — Ҳеч бу одатимни канда қилганим йўқ, агар бир кун пиёда юрмасам, ўзимни лоҳас сезаман, ниманидир йўқотгандай бўлавераман. Тўй ва тадбирлар, ош-худойига ҳам пиёда бораман. Ҳассамни орқага қўйиб, икки қўлимни ўтказиб олганимдан сўнг, мени ҳеч ким тўхтата олмайди.
Темур бобо чўнтагидан ён дафтарчасини олиб, нималарнидир қайд этиб қўйди. Қарийб 100 ёшга яқинлашаётган отахоннинг ён дафтарча олиб юриши мени ҳайратлантирди. Отадан нималарни ёзиб қўйганини сўрадим.
— Эй, болама, ким билан гаплашсам, дафтарчамга ёзиб қўйиш одатим ҳеч қолмаганда. «Халқ сўзи» мухбири билан гаплашдим» деб, сизнинг телефон рақамингизни ёзиб қўйдим. Бу дафтарчада ҳокимнинг, ўринбосарларнинг, ташкилот раҳбарларининг телефонлари бор. Мана, ҳозир кўрдингиз, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов янги бинонинг очилиш (бир тадбирда учрашганмиз отахон билан) маросимида яшил лентани кесишни менга топширди. Мендан дуо олишди. Ахир мен Чироқчи туманидаги 96 ёшга кирган ва оёқда юрадиган кексаларнинг бириманда.
— Ён дафтарчангизда яна нималар ёзилган?- дея қизиқиб сўрайман Темир бободан.
— Ўғлим, мана қаранг, «Темур тузуклари»дан олинган ибратли фикрларни ёзиб қўйибман. Масалан, мана «Ўч олиш пайида бўлмадим, ким менга ёмонлик қилган бўлса, Худога солдим» Амир Темур бобомизнинг бу гапларини фарзандларим, набираларим онгига сингдиришга ҳаракат қиламан. 9 фарзандим бор, 3 қизим ва 2 ўғлим пенсияга чиққан, улардан 4 нафари олий маълумотли. Ўзим ҳам ўтган асрда Самарқанд зооветеринария институтини битириб, узоқ йиллар зоотехник бўлиб ишлаганман.
— Демак сиз, китоб ҳам ўқиб турасиз, шундайми?
— Нега энди ўқиб тураман, мунтазам ўқийман. Евгений Березаковнинг «Буюк Темур», Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» каби асарларни севиб мутолаа қиламан. Уйимдаги жавонда бир нечта китобларим бор, уни фарзандлар ва набиралар «Бобомнинг хазинаси» дейишади. Уларга мендан кейин сизларга шу китоблар қолади, деб ҳазиллашаман.
Хайрлашар чоғимда отахон қўлини дуога очиб, юртга тинчлик, омонлик, ҳар бир юртдошимиз рўзғорига қут-барака тилади. Орадан бир неча кун ўтиб, тағин Темур бобо қўнғироқ қилиб қолди:
— Ҳа, Темур бобо, ниманидир унутибсизми?
— Ўғлим, шу ён дафтарчамга фамилиянгизни ёзмабман, айтиб юборинг.
Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг