Чингиз оғанинг гипнози

12:20 16 Январь 2023 Жамият
660 0

Фото: Халқ сўзи

— Тошкентда университетда таҳсил олиб, туман газетаси таҳририятида ишлаб юрган кезларим эди, — дея эслайди ғиждувонлик нозиктаъб ижодкор, «Кузги қалдирғоч», «Висол ва ҳижрон», «Учинчи бекат» деб номланган китоблар муаллифи Комил Жўраев. — Уйдан кўчага чиқиб, отамнинг автомашиналари офтобда қолганини кўрдим. Уни дарахт соясига олиб қўйдим. Шу пайт миямга «Шаҳарни бир айланиб келсам – чи...» деган фикр келди.

Машинани ўт олдириб, йўлга чиқдим. Марказдаги катта китоб дўкони олдидан ўтаётиб тўхтадим. Ўша кезларда бу ердан каттаю кичикнинг қадами узилмасди. Чингиз Айтматовнинг «Сарвқомат дилбарим» қиссаси келган экан. Қўлимга олиб, ўқий бошладим. Шу-шу ундан кўз узолмай қолдим. Китобнинг пулини тўлаб кўчага чиқдим. Мутолаани дўкон рўпарасидаги дарахт соясида давом эттирдим .Кейин бир китобга, бир йўлга қараган кўйи ўқиб-ўқиб уйга қайтдим.

Дадам келишимни кутиб кўчада йўл пойлаб турган эканлар.

— Машина қани?!- сўрадилар ташвишли овозда.

— Мен аввалига ҳайрон бўлдим.Кейин ҳаммаси эсимга тушиб кулиб юбордим – да у кишининг қўлига китобни тутқаздим.

— Мана шунга алмашдим, - дедим ҳазиллашиб.

— Машинани ГАИга олдирдингми?- хавотирланиб сўрашда давом этдилар дадам.

— Йўқ, китобни ўқиб кўриб, унга маҳлиё бўлганимча дўконга машинада борганимни унутиб келаверибман, - дедим.

Шунда у кишининг юзига табассум югурди.

— Э, яшасин Чингиз оға. Янги асари билан сени гипноз қилибдида. Боргин, тезроқ олиб кел, мен машинада бир жойга кетишим керак, ўртоқлар кутиб қолишди,- деди.

Комил аканинг бу ҳикоясини тинглаб, яхши асар чиндан ҳам одамни ўзига оҳанрабодек тортади, сирдошу қадрдонга, маслакдошга айлантириб қўяди, деган ўйга борасан, киши. Ахир донолар китоб энг яқин дўст, дея бежиз айтишмаган.

Комил аканинг отасига келсак, у кишини Бухорода билмаган одам камдан кам топиларди. Олим ака Жўраев узоқ йиллар давомида вилоят газетасида фаолият кўрсатган, Шофиркон ҳамда Ғиждувон туман газеталарида жами йигирма йилдан зиёд муҳаррирлик қилган. Комил аканинг соғинч билан эслашича, китобхонлик борасида ҳам айнан падари бузруквори унга шахсий намуна кўрсатган экан.

Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер