«CAFA кубоги»да 3-тур ўйинлари ортда қолди
Бугун, 25 ноябрь куни Марказий Осиё Футбол Ассоциацияси томонидан ўтказилаётган 18 ёшгача бўлган қизлар ўртасидаги «CAFA кубоги» мусобақасининг 3-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Кун доирасидаги дастлабки баҳсда Эрон U18 терма жамоаси Тожикистон ўсмирлар термаси билан куч синашди. Учрашув «форслар»нинг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Учрашувда киритилган голларга Марям Ҳалилфар муаллифлик қилди. Ушбу ғалаба эвазига Эрон терма жамоаси мусобақа жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олди.
Кун доирасидаги иккинчи ўйинда Ўзбекистон U18 терма жамоаси Туркманистон ўсмирлари билан куч синашди. Учрашувнинг дастлабки бўлимида ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим бошида Туркманистон ўсмирлар терма жамоаси дарвозасига пеналти белгиланди. Бироқ терма жамоамиз сардори Шаҳноза Деканбоева 11 метрлик жарима зарбасини ноаниқ амалга оширди.
Ўйиннинг 77-дақиқаси ўтаётган бир пайтда, терма жамоа етакчиси Меҳрангиз Ҳамидова бурчак зарбасидан унумли фойдаланди ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасига ғалаба келтирган голга муаллифлик қилди.
Шу тариқа ўйин Ўзбекистон U18 терма жамоасининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Учрашувдан сўнг CAFA томонидан ўйинда киритилган ягона гол муаллифи Меҳрангиз Ҳамидова «ўйин қаҳрамони» деб топилди.
Футболчи ўйиндан сўнг «Халқ сўзи» нашри учун кичик интервью берди:
«Ғалаба қозонганимиздан жуда хурсандмиз. Биз учун бу жуда муҳим ўйин эди. Дастлабки турда йўқотилган очколар ҳисобини тўлдиришимиз керак эди. Аслида каттароқ ҳисобда ғалаба қозонмоқчи эдик, лекин бундай бўлмади.
Бурчак зарбасидан гол киритишим тасодифан бўлгани йўқ. Бу менга мураббийларимиз томонидан берилган кўрсатма эди. Улар кўрсатмасини аъло даражада бажарганимдан хурсандман.
Жамоамизда вазиятлардан фойдаланиш бўйича муаммолар бор. Менимча, бу сунъий майдон билан боғлиқ эмас. Бизга омад етишмади. Кейинги ўйинларда бу борада ҳам хатоларга йўл қўймасликка ҳаракат қиламиз», — деди Меҳрангиз.
Шунингдек, терма жамоамизнинг яна бир аъзоси Ёдгора Юсупова ҳам ўйиндан кейин ўз фикрларини билдирди:
«Барчани ғалаба билан табриклайман. Бугун каттароқ ҳисобда ғалаба қозонмоқчи эдик, лекин вазиятлардан унумли фойдалана олмадик
Энг катта камчилигимиз — бу ўйинда аниқлик етишмагани бўлди десам бўлади. Биздан тез ва аниқ ўйнаш талаб этиларди. Аммо аниқлик бўйича яхши ҳаракат қила олмадик.
Келгуси турда Қирғиз Республикасига қарши ўйнаймиз. Бу жамоага 1 ой аввал Осиё кубоги саралашида мағлуб бўлган эдик. Ушбу мағлубиятни унутиб қўйганимиз йўқ. Насиб этса, албатта бунинг учун реванш оламиз», — деди Ёдгора Юсупова.
Ушбу ғалаба эвазига Ўзбекистон U18 терма жамоаси 4 очко билан турнир жадвалида 2-ўринга кўтарилиб олди.
Маълумот учун, Виктория Сирота бошчилигидаги жамоа кейинги ўйинини 27 ноябрь санасида ўтказади. Ушбу баҳсда Ўзбекистон ўсмирларига Қирғиз Республикаси терма жамоаси рақиблик қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Дўстлик ва ҳамкорликни кенгайтирган форум (+фоторепортаж)
- Наманган – янгиланиш ва гўзаллик шаҳри
- Ўзбекистон ёки Миср. Қайси терма жамоа кучли?
- Янгиланаётган Марказий Осиё: бирлик, дўстлик ва ҳамкорликнинг янги босқичи
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- “Лўлилар фақат тиланчими?...” Улар яшаётган маҳалладан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг