Буни ҳаёт дейдилар...

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». «Камбағал» сўзи яқин тарихимизда «кам таъминланган» ибораси ўрнига алмашди. Расман 2020 йил мамлакатимиз раҳбари Парламентга мурожаатида камбағалликни қисқартиришни долзарб вазифа сифатида эътироф этиб, ўшанда уларнинг сони Республикамиз бўйича 7 миллион атрофида эканлиги, бу мамлакат умумий аҳолисининг 23 фоизга яқинини ташкил этиши таъкидланганди. Камбағаллик ер юзидаги барча давлатга хос ҳолат бўлиб, турли давр ва қайсидир жамиятда кўпроқ, бошқасида камроқ юзага чиқиши мумкин.
Давлатимиз раҳбари камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича ўтказилган йиғилишларнинг бирида «...Бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўляпти, деган савол ҳар куни қийнайди...», деганди.
Шу асосда мамлакатимизда ушбу ижтимоий-иқтисодий муаммо тан олиниб қолмай, уни бартараф этишнинг аниқ чора-тадбирлари белгиланди. Ўтган йиллар давомида ижтимоий ҳимоя олувчи оилалар сони 4,5 каррага оширилиб, 446 мингдан 2,2 миллионга етди. Маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига паст фоизлик кредит ва субсидиялар берилди. Деҳқончилик учун ер майдонлари ажратилиб, даромад манбалари яратилди. Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган оилаларга корхона ва ташкилотлар бириктирилди.
Учқудуқ туманидаги «Йўлчилар» ОФЙда истиқомат қилувчи Света Қалмуратова оиласи шулардан бири бўлиб, 26 йилдан буён оила даромадининг асосий қисми тўнғич фарзанди Даурен Апизовни даволатишга йўналтирилади. Уй-жойини таъмирлаш нари турсин, кундалик эҳтиёжлари учун маиший техникалар харид қилиш ҳақида ҳам сўз бўлиши мумкин эмас.
Оилага «НКМК» АЖ бириктирилди. Корхона томонидан оила истиқомат қилаётган хонадон капитал таъмирдан чиқарилди. И гуруҳ ногирони бўлган Даурен беташвиш ҳаракатланиши учун уй ва ҳовлида барча шарт-шароитлар яратилди.
— Сўнги пайтларда орзу-ҳавас ҳам қилмай қўйгандим, — дейди Света Қалмуратова. — Тақдиримизда ёруғ кунлар бор экан, бу биргина менинг эмас, минглаб менга ўхшаш инсонларнинг бахти.
Камбағалликни қисқартиришда аҳолининг фаоллиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис маҳаллаларда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва кичик ишлаб чиқариш соҳасида жами 4632 та «маҳаллабай» лойиҳалар шакллантирилиб, янги иш ўринлари яратилмоқда. Мисол учун, Навбаҳор туманининг «Ёш куч» маҳалласининг камбағал оилалар тоифасидаги Робия Тилавова хонадонида 14 жон истиқомат қиларди. Имтиёзли кредит асосида хонадон томорқасида иссиқхона ташкил этилиб, оиланинг тўрт нафар аъзоси бандлиги таъминланди.
— Шу йили помидор, кўкат ва сабзавотни эрта баҳорда бозорга олиб чиқиб, даромадга эга бўлдик, — дейди Робия Тилавова. — Ҳадемай бананларимиз ҳосилга кириб, даромадимиз ошади. Албатта, кўнглимизда орзу истакларимиз ортиб бормоқда.
Бугун жамиятимизда шунчаки сўзлар алмашуви эмас, балки тақдирлар, аёлларнинг рўшноликдан мамнунлиги, самимий шукронаси ўз аксини топмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг