Бухорода туризм ярмаркаси ўтказилди

11:40 06 Март 2025 Жамият
97 0

Истам ИБРОҲИМОВ/«Халқ сўзи». Бухоро шаҳридаги Лабиҳовуз мажмуасида «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил» деб номланган ички туризм ярмаркаси ташкил этилди. Аҳолининг туризм масканларига янада кўпроқ ташриф буюришига рағбат уйғотиш, соҳада фаолият юритаётган тадбиркорлик корхоналарини қўллаб-қувватлаш, туроператор ҳамда турагентлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби мақсадлар кўзда тутилган бу тадбир нафақат юртимизнинг турли гўшаларидан келган меҳмонлар, балки хорижий сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

— Икки кун муқаддам турмуш ўртоғим билан Хивани томоша қилиб, кейин бу ерга келдик, — дейди россиялик сайёҳ Алексей Беляев. — Унутилмас таассуротлар оғушидамиз. Кечқурун тунги Бухорони томоша қилдик. Қадимий кўчалардаги тозалик, тинчлик-осойишталикдан баҳри дилимиз очилди. Бу ердаги қадимий обидалар халқингизнинг неча минг йиллик тарихидан сўзлаб турибди. Биз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда дунёнинг кўплаб давлатларига саёҳат қилганмиз. Аммо Ўзбекистон, Бухоро бошқача экан.

Тадбирда ҳунармандлар ярмаркаси ташкил этилди. Миллий куй-қўшиқлар янгради.«Тадбиркор билан тадбиркор», «Ишбилармон билан мижоз» учрашувлари ўтказилди. Мулоқотлар жараёнида ўзаро тажриба алмашиниб, ҳамкорликда ишлаш юзасидан келишувларга эришилди.

Юзга яқин туризм соҳаси тадбиркорлик субъекти, қатор корхона ва ташкилотлар ўзларининг сайёҳлик дастурлари ҳамда тижорат таклифлари билан қатнашди. Кўргазма сўнгида шаҳар меҳмонлари ва ёшлар учун музейлар бўйлаб инфотур ташкил этилди.

Айтиш керакки, бу каби тадбирлар ички туризм равнақига хизмат қилмоқда. Чунончи, 2023 йилда республикамиз ҳудудларидан Бухорога 3 миллион 490 минг аҳоли сайёҳ сифатида ташриф буюрган эди. 2024 йилда бу кўрсатгич 4 миллион 10 минг нафарга етди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?