Бугуннинг гапи ёки ҚИММАТ КИТОБ... НЕЧАНЧИ ЭҲТИЁЖ?
Иллюстратив фото
Сўзим аввалини яхши хабардан бошлай: “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида “Остонангда турибман, дунё” номли китобим уч минг нусхада нашриёт ҳисобидан чоп этилди! Фарғоналик таниқли адиба Матлуба Деҳқон қизининг “Гул сўқмоқлар” номли насрий тўплами ҳам худди шу тартибда, бир вақтда нашрдан чиққаниниям айтишим керак. Бундай эътибор, рағбатни ижод аҳли узоқ кутди. Яқиндагина бир-биримиздан янги асарлар ҳақида сўраб, “анчаси бор, лекин чоп эттиришга имкон йўқ, ҳомий излаяпман” деб ёзғириб юргандик. Президентимизга минг раҳмат, биз орзу қилган кунлар келди!
Қувончдан қанот боғлаб Тошкентга етиб бордик. Мана, китоб қўлимизда. Ҳар томонлама кўнглимиз тўлди, тасанно! Нашриётда бу гўзал маҳсулотларга меҳнати сингганларнинг барчасига ташаккурлар айта-айта, эндигина “тандирдан узилган” китобларимизни бағримизга босганча хайрлашдик. Ҳамроҳим уч-тўрт кунга қоладиган бўлди. Уйга отланар эканман, беихтиёр яқиндаги китоб дўконига бош суқдим. “Сотувга чиқди” дейишганди, сўраб-суриштирдим.
– Бугун-эрта қўямиз, фақат, нархини чиқаришимиз керак, – деди сотувчи йигит қўлидаги рўйхатга кўз югуртириб.
– Нашриётда айтишувди, 14 600 сўм экан.
– Бу нашриёт нархи. Бизда йигирма мингга яқинлашиб қолади.
Боя ичкарида китобларимиз салкам ўн беш минг сўмдан баҳоланганлигини эшитиб, “ҳаа, китоблар нархи ошяпти дейишганди...” деб қўяқолгандик. Лекин энди, агар шу мўъжазгина китоб 18,19, 20 минг... ё ундан ортиқ сўм бўлса... ким сотиб олади, деб ўйлаб қолдим. Эҳтимол, бу бола устига кўп қўяётгандир? Шу мавзудан салгина сўз очгандим, сотувчининг фиғонидан дуд чиқди:
– Ҳали буниси ҳолва, кеннойи! Апрелгача сотилганича сотилади, кейин биринчи санадан НДС қўшилади, ўшанда кўрасиз.
– Бу ҳалиги...
– Қўшимча қиймат солиғи, – деди ҳушёрлик билан йигит. – Бу бевосита китоб нархига таъсир қилади, қимматлашади.
– Ие, ҳали бундан ҳам қиммат бўладими? Нега?
– Буни энди мендан эмас, тепадагилардан сўрайсиз... Биз бир тадбиркор сифатида солиқ тўлашдан асло қочмаймиз. Фойда солиғи тўлаётган эдик, энди бунисиям чиқди. Майли, давлат бойиса – халқ бой бўлади. Лекин одамлар китоб олмай қўйса, ўқимай қўйса-чи?!
Хаёлда яна бояги савол: нарх бундан ҳам кўтарилса, нондан, гўшт-ёғдан орттириб, дори-дармон ё кийим-кечакдан чегириб, ким 25 мингга битта чўнтакбоп китоб олади?
Тўғриси, молиявий саводхонман деёлмайман, лекин битта ўртача бадиий китоб 20-30 минг сўм туриши жуда қимматлигини тушуниш учун иқтисодчи бўлиш шарт эмас.
Яна бир дўконга, энди Фарғонада кирдим ва шунчаки қизиққан бўлдим. Қўлимга салкам ўттиз минг сўмлик китобни олиб, нарх мавзусида гап очдим.
– Қиммат келяпти-да, опа, – деди сотувчи узрнамо, худди нархни ўзи белгилайдигандай хижолат тортиб.
– Апрелдан яна ошармиш-а?
– Ээ, сўраманг. Ўзи шундоғам савдо гуллаб ётгани йўқ эди. Китоб савдоси ўзи жаа даромадли иш эмас. Иш ҳақи, ижара, солиқ, свет, газ деганларидек... Нарх бундан ҳам ошса, билмадим, китобга эҳтиёж қоладими-йўқми, харажатларимизни қаердан қоплаймиз?!
Китобга эҳтиёж... Бу нима дегани? Бу – маънавият, эзгулик, одамийликка эҳтиёж эмасми? Инсоннинг ош-нонга, кийим-бошга бўлгани каби зарурати эмасми? Нархлар бундай кўтарилиб турса, нечанчи эҳтиёжга айланаркин китоб?
Давлатимиз раҳбарининг китобхонликни ривожлантиришга доир кўрсатмалари бугунги шиддаткор, рақамли даврда халқ маънавиятини юксалтиришига қаратилган улуғвор мақсадга катта туртки бўлди. Бу хайрли ҳаракатнинг натижаси ҳам кўриниб қолди: ёшларнинг китобга интилишлари ортди, босма маҳсулотлар сифати яхшиланди, кўзни ва дилни қувнатувчи китоблар кўпайди. Аммо нарх масаласида ушбу интилишларга мутлақо зид ўзгаришлар бораётганидан таажжубланмай илож йўқ.
Нега бундай бўляпти? Китобхонлик тарғиботидан асосий мақсад ёш авлод баркамоллиги, маънавий камолоти бўлса, тарбиянинг энг олий ва самарали воситаси бўлмиш китобнинг нархини ошириш эмас, аксинча, пасайтириш, ҳеч йўқса барқарор ушлаб туриш керакдир?
Бу ўзгариш мамлакатнинг иқтисодий тараққиётида шунчалар муҳим бўлса-чи, деган иштибоҳ сабаб янги тартиб билан қизиқдим – ҚҚСнинг ошиши барча турдаги савдо хизматларига қўйилмабди, яъни бу “кўпга келган тўй” эмас экан. Ижтимоий аҳамиятли хизматлар сифатида бу ўзгариш дахл қилмаган соҳалар белгилаб қўйилибди. Масалан, дори-дармон савдоси. Дарҳақиқат, дори инсон жисмининг саломатлиги учун жуда зарур. Лекин руҳ, онг, қалб саломатлиги-чи? Руҳий тарбиянинг ижтимоий аҳамияти қай мезонлар асосида бунчалар паст баҳоланяпти? Нега айнан китобнинг бошига тушди бу савдо? Эндигина устидаги чангни силкиб, қаддини ростлаётган маънавий хазинамизни яна четга суриб, “уйқу режими”га ҳукм қиламизми?
“Адабиётга ташна, маънавиятли одам китобга сарфлаган пулига оғринмайди”, дейдилар кўпинча. Аммо давр билан ҳисоблашиб, атрофга кенгроқ назар ташлаб хулоса қилсак, айрим ихлосмандларнинггина эмас, аҳолининг маънавиятини ўша даражага етказиб олиш учун ҳам китоб қиммат бўлмаслиги керак.
Президентимиз илгари сурган беш ташаббус доирасида кўпдан-кўп китобхонлик тадбирлари ўтказиляпти. Ёшларга “Ўқинг, китобдан яхши дўст йўқ!” деяпмиз. Бироқ ўғил-қизларимизнинг қўли нархи осмон дўстига етармикин?
Гулчехра Асронова,
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг