“Бошимда ой борур — менга ҳамқадам”

Шоир шеърларида яшайди, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Дарҳақиқат, чин ижодкор асрлар ўтса-да ҳам асарларида, ҳам инсонлар қалбида абадий тирик.
XX аср ўзбек адабиётининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган улуғ адиб, шоир, олим, жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ҳаёти ҳам ижодида мужассам. Бу йил ижодкор таваллудининг 115 йиллигини нишонлаймиз.
Баъзан исм ҳам кадарни белгилаб берадигандай туйилади кишига. Шоир гўё ой каби кўкси доғ, аммо ҳамиша бедор яшади. Ёзувчи, шоир, драматург, публицист сифатида адабиётга, жамиятга хизмат қилди. Очарчилик, қийинчилик даври, уруш йиллари бўлишига қарамай, “Туйғулар”, “Кўнгил найлари”, “Машъала” каби бетакрор шеърий тўпламларни, “Қутлуғ қон”, “Улуғ йўл”, “Навоий”, “Қуёш қораймас” сингари романларни, “Ғалвирчи”, “Халқ қалқони” каби пьесаларни яратди, қолаверса, Пушкин, Крилов, Белинский, Молер, Ҳайне каби дунё ёзувчи ва шоирларининг йирик асарларини таржима қилиб, ўзбек китобхонига ҳавола этди. Бармоқлари, қўллари, ҳатто оёқлари ҳаракатдан қолиб, бутунлай тўшакка михланиб қолган кезларида ҳам ижод завқи унга куч бағишлади. У ёзмоқчи бўлганларини рафиқасига оғзаки айтиб берган, рафиқаси эса уларни қоғозга туширган...Уни хотирлаб, шоир рафиқаси биринчи ўзбек кимёгари Зарифа Саидносирова “Ойбегим менинг” асарида шундай дейди:
“...Унинг 1959 йил 15 август куни ёзган бир шеърини ўқисам, юрагим эзилиб кетади. Сиз ҳам ўқиб кўринг, балки сиз ҳам Ойбекнинг ўша кезлардаги ҳолатини аниқ тасаввур этарсиз:
Хастамен… Фикрга, туйғуга тўлиб —
Ой менга ҳамқадам — сокин юрамен.
Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,
Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.
...Кечалар юрурмен телбадай ҳориб –
Бошимда ой борур — менга ҳамқадам.
Хаёллар учади машъалдай ёниб,
Тўйиб ёзажакман бир кун соғайсам...”
Ҳа, шоир сўнгги нафасигача ижод завқи билан яшади. Бугун у барчамизга ибрат бўладиган ижод ва ҳаёт мактабини яратиб кетди, десак янглишмаймиз.
Юлдуз ЎРМОНОВА,
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондан совуқ ҳаво қачон чекина бошлайди?
- Вилоят ҳокими чекка қишлоқдаги аҳоли хонадонида тунамоқда (фото)
- «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильми белгиланган вақтда юборилмаганлиги сабаб «Оскар»да қатнашмайди
- 23 ёшли йигит ўқишга кира олмаганини яшириш учун 4 кишини ўлдирди. Уларнинг барчаси оила аъзолари
- Сурхондарё вилоят ҳокимлиги биносида АКТ ходими калтаклангани ҳақидаги хабарга муносабат билдирилди
- Президентга шеър ўқиб берган талаба Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг