«Болаларга беринг дунёни...»

10:52 02 Июнь 2025 Жамият
129 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Янги Ўзбекистоннинг бахтли болалари» шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтди. Фарғона шаҳри марказида жойлашган Аҳмад Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида ўтказилган асосий байрам тадбири ҳам болажонларга олам-олам қувонч улашди.

Байрам шодиёнасига вилоятнинг барча ҳудудларидан келажагимиз ворислари таклиф этилди. Шунингдек, тадбирда шаҳар ва туманлардан ташриф буюрган 160 нафардан зиёд ногиронлиги бўлган ҳамда кам таъминланган оилалар фарзандлари, оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳам иштирок этди.

Тадбирлар доирасида Каштанзор кўчаси бўйлаб болажонлар, уларнинг ота-оналари ва эртак қаҳрамонлари иштирокида юриш марафони ўтказилди. Маданий-маърифий учрашувлар, театрлаштирилган бадиий томошалар намойиш этилди.

Болажонларга Фарғона вилояти ҳокимлиги, тегишли мутасадди идоралар номидан эсдалик совғалари топширилди. Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов йиғилганларни байрам билан қутлаб, юртимизда ёш авлоднинг таълим-тарбия олиши ҳамда истеъдодини намоён этиши учун яратилган қулай шароитлар хусусида тўхталиб ўтди.

— Шу йилнинг 15 май куни Президентимиз раҳбарлигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишланган видеоселектор йиғилишида «Долзарб 90 кун» дастури эълон қилинди, — дейди Фарғона вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шерзод Долимов. — Дастур доирасида 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғломлаштириш ҳамда ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиши белгилаб олинди.

Демак, келажагимиз ворислари таълим-тарбияси жараёнида ёзги таътил даврида ҳам танаффус бўлмайди. Бугундан «Долзарб 90 кун» лойиҳалари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бир вақтнинг ўзида бошланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер