БМТ вакиллари Шаҳрисабздаги маҳаллалар ҳаёти билан танишди

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Шаҳрисабз шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўндан ортиқ агентлик, фонд ва дастурлари вакиллари ҳамда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси масъуллари иштирокида келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари ва бўлажак лойиҳалар муҳокамасига бағишланган икки томонлама мулоқотлар бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоиз, бугунги кунда мамлакатимизда БМТнинг турли грант ва дастурлари доирасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш» лойиҳаси доирасида Ислом тараққиёт банки ва ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида ажратилган грант маблағлари ҳисобидан 40 та маҳаллада замонавий андозалар асосидаги маҳалла бинолари барпо этилмоқда.
Мулоқотда маҳаллалар негизида амалга ошириладиган бу каби дастурлар қамровини кенгайтириш, ёшларни иш билан таъминлаш, таълим марказларини ташкил этиш ва яшил энергетика лойиҳаларини ривожлантириш борасидаги ҳамкорлик режалари келишиб олинди.
Шундан сўнг тадбир иштирокчилар БМТнинг Тараққиёт дастури, UNICEF, «Юксалиш» ҳаракати, Швейцария ривожлантириш агентлиги ва Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳамкорлигида йўлга қўйилган янги лойиҳа – Шаҳрисабз шаҳрининг Зангирон маҳалласидаги «Ёшлар маркази» фаолияти билан танишди.
Мазкур инновацион марказда 14–30 ёшли ўғил-қизлар рақамли технологиялар, тадбиркорлик, хорижий тиллар, психология, жамоавий фаоллик, касбий кўникмаларга ўргатилади. «Ёшлар билан бирга» тамойили асосида замонавий менежмент асослари бўйича таълим берилади.
2028 йилгача марказда 8 минг нафар ёш маҳаллий бошқарув жараёнларида иштирок этиши, 2 минг нафари эса замонавий кўникмаларга эга бўлиши режалаштирилган.
— Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги барча агентликлари вакиллари, координаторлари иштирок этмоқдамиз, — дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатор Сабине Маҳл хоним. — Тадбирнинг айнан Шаҳрисабзда ташкил этилиши ҳам бежиз эмас. Чунки бу ерда ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар бажарилмоқда. Келгусида ҳамкорлик қамровини янада ошириш бўйича ташаббуслар илгари сурилди.
Шунингдек, БМТ вакиллари Қашқадарё вилояти ҳокими иштирокида ўтказилган мулоқотда иштирок этиб, бир қатор йўналишларда ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Шаҳрисабз шаҳри ва туманидаги маҳаллалар ҳаёти, ҳунармандчилик марказлари, сайёҳлик масканлари фаолияти билан танишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Тошкентда Парламент аёл аъзолари форумининг 39-сессияси бўлиб ўтди
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Айрим оилаларга бир марталик моддий ёрдам берилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг