Бизга насиб этмиш Байт зиёрати

Фото: Архив сурат
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири
Оллоҳ номи билан бошладик калом,
Оллоҳ даргоҳида энг олий инъом,
Келдик — дил ва тильда лаббайка, салом,
Бандага раводир Ҳақ ҳидояти,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Лак-лак одамзодни яратган Эгам,
Меҳру карамини таратган Эгам,
Оламни бир жойга қаратган Эгам —
Минг-минг ҳикмат эрур бир ишорати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Юргандик умрнинг ўйлови билан,
Ногоҳ Худойимнинг йўллови билан,
Ердаги соясин қўллови билан,
Ҳақ ижозати ҳам Ҳақ иродати —
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Мадинатун Набий, мунаввар шаҳар,
Азалдан то абад музаффар шаҳар,
Ўзинг дийдорига қилдинг муяссар.
Порлоқ манзилларнинг нур ҳикояти,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Муборак равзада айлаб дуолар,
Бўлмасин деб ҳаргиз бало-қазолар,
Юрт эгаси сўрар элга зиёлар,
Раббим соясидир — эл ҳимояти,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Муҳаддис боболар руҳига қасам,
Сеҳру ҳикмат тўла дунёи азим.
Маккатилло сори айладик азм,
Бўлмас зиёратнинг кўп, зиёдати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Умр — инсоннинг бир саёҳатидир,
Умра — Байтуллоҳнинг зиёратидир.
Имону эътиқод риоятидир.
Тилларда Қуръоннинг қалб қироати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Уйингга бош уриб келдик, ё Оллоҳ,
Сен биздан огоҳсан, биз қайда огоҳ.
Ё қодир Оллоҳим, ё Каъбатуллоҳ,
Қалбнинг роҳати ҳам қалб риёзати —
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Нажот эҳромини биз ўраб келдик,
Энг аввал эл-юртга бахт сўраб келдик,
Кетмас тожу давлат, тахт сўраб келдик,
Бордир ҳар дуонинг ўз ижобати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Миллат бахтин сўрар миллат отаси,
Кўзлардаги ёшлар — дил ифодаси.
Бунда ниятларнинг йўқ ниҳояси.
Мақсад — юрт толеи, халқ саодати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Саждага бош уриб одил Раҳнамо,
Тинчлик-омонлик деб айлар тавалло.
Ёш авлод камолин сўрар аввало,
Халқ учун бўлди бу Ҳақ шафоати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Ўттиз йилдан буён кутилган ташриф,
Ўзинг эл мақомин айладинг шариф.
Имом Бухорийдан таҳсин ва таъриф —
Ҳақ шарофати бу, Ҳақ инояти,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Муфти ҳазратлари ҳозир-нозирлар,
Дуога қўл очиб турар вазирлар.
Минг йиллардан сўнг ҳам буни ёзурлар —
Янги замонларнинг зар китобати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Ўтган ота-бобо, оналарни ҳам,
Ўзинг раҳмат қилгил, айлагил карам.
Жаннат тўрларидан жой бергил, Эгам.
Оналар учундир қарз тиловати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Сендан умидвор зор кўнгиллар учун,
Заҳматкаш опалар, сингиллар учун,
Муқаддас Каъбанинг кўрсатгил кучин,
Ўксик дилларгадир меҳр ояти,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Кимлар бу кунларга етиб-етмаган,
Асрлар армони дилдан кетмаган,
Ҳазрат Навоийга насиб этмаган.
Недир бу ўкинчнинг сир-синоати?
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Шу боис, олийшон мезбонларни ҳам,
Подшоҳу валиаҳд султонларни ҳам —
Ўзинг даргоҳингда қилгил муҳтарам,
Ҳурмат-эҳтироми ҳам итоати —
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Эл-юрт барчамизга жону жаҳондир,
Ота макондир ҳам бобо макондир.
Ватан, она Ватан Ўзбекистондир —
Шавкатли зотларнинг шаън, шижоати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Эзгулик туғини баланд тутгаймиз,
То дунё тургунча ҳушёр ўтгаймиз,
Йўлбошчи ёнида бедор ўтгаймиз,
Ватанни севмоқлик — қалб диёнати,
Бизга насиб этмиш Байт зиёрати.
Жидда — Маккаи мукаррама — Мадинаи мунаввара — Тошкент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг