Бирлашган – албатта, ўзади

18:55 19 Январь 2026 Жамият
430 0

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга оширишда маҳаллий Кенгашлар депутатларининг ўрни беқиёс. Бугун маҳаллий Кенгашлар аҳоли билан ижро ҳокимияти ўртасидаги ишончли кўприкка айланиб бормоқда.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимиятининг вакиллик ҳамда ижро этувчи органлари ваколатлари аниқ ажратилди. Маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимларининг бир-биридан ажратилиши ҳокимиятлар бўлиниши тамойилининг маҳаллий даражадаги амалий ифодаси бўлди. Бу эса депутатларнинг масъулияти ва фаоллигини янада оширди.

Эндиликда жойларда давлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини йўлга қўйиш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи корхоналар ва иншоотларни жойлаштириш, иш ўринларига бўлган эҳтиёж параметрларини белгилаш маҳаллий Кенгашлар ваколатига киради. Шунингдек, ичимлик суви ва оқова сув хизматлари учун тарифларни тасдиқлаш, инвестиция лойиҳалари бўйича эшитувлар ўтказиш, илмий фаолиятга оид ҳудудий дастурларни қабул қилиш ҳам Кенгашлар зиммасига юклатилди. Умуман олганда, маҳаллий ҳокимликларнинг 33 та ваколати маҳаллий Кенгашларга ўтказилди.

Бу ўзгаришлар Бухоро вилоятида ҳам аниқ натижалар бермоқда. 2025 йилда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида жами 201 та сессия ўтказилиб, уларда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир 1822 та масала кўриб чиқилди. Сессияларнинг очиқлиги таъминланиб, улар оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда жонли эфирга узатилди.

Давлат органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги ҳам кучайди. Сессияларда соҳа раҳбарларининг 1079 маротаба ҳисоботи тингланди, мансабдор шахсларга 1129 та депутатлик сўрови юборилди. Давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланиши ва бу жараёнда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш доимий эътиборимизда.

Сайловчилар билан учрашувлар чоғида билдирилган таклиф ва муаммолар асосида ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш учун қўшимча маблағлар йўналтирилмоқда. Улар сарфининг манзиллилиги депутатлар томонидан қатъий назорат қилиб бориляпти. Шу билан бирга, давлат ва ҳудудий дастурлар ижроси мунтазам таҳлил этилмоқда.

Бугун дунёда кечаётган мураккаб геосиёсий ва иқтисодий жараёнлар ислоҳотларни қатъият билан амалга оширишни талаб қилмоқда. Шу маънода Президентимизнинг Мурожаатномаси юрт тараққиёти учун муҳим йўл харитаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Мурожаатномада аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, айниқса, ичимлик суви ва уй-жой таъминоти масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада вилоятимизда салмоқли ишлар қилинди. 2025 йилда давлат дастурлари доирасида 810 та объектда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, бу мақсадларга 2,9 триллион сўм маблағ йўналтирилди.

Ичимлик суви таъминоти босқичма-босқич яхшиланмоқда. 2024 йилда аҳолининг 74 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 80 фоизга етди. Депутатлар ташаббуси ва аҳоли таклифлари асосида 7 та янги сув иншооти барпо этилди, 358 километр ичимлик сув тармоғи тортилди. Шунингдек, 51 та ижтимоий объект реконструкция қилиниб, минг километрдан ортиқ йўл таъмирланди.

Давлат раҳбарининг тегишли қарори асосида 19 мингдан ортиқ оилани камбағалликдан чиқариш режалаштирилган эди. Амалда эса 26 минг 900 дан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 55 та маҳаллага қўшимча маблағ ажратилиб, электр таъминоти, суғориш ва ички йўллар билан боғлиқ муаммолар ҳал этилди.

Хусусан, Вобкент туманидаги “Розмоз” ва “Сариосиё” маҳаллаларида ариқлар бетонлаштирилиб, суғориш тизими яхшиланди. Натижада юзлаб хонадонлар томорқасини барқарор суғориш имкониятига эга бўлди. Оилалар даромади сезиларли ошди.

Шу билан бирга, вилоятда сув танқислиги ва ерларнинг шўрланиши жиддий масала бўлиб қолмоқда. Шу боис қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориш, ирригация тармоқларини янгилаш, сув ҳисобини рақамлаштириш, иқлимга мос экин турларига ўтиш каби вазифаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айтиб ўтилган ишлар — вилоят ҳаётидаги айрим йўналишлар, холос. Уларни тўлиқ амалга ошириш учун ҳамжиҳатлик, фидойилик ва аҳиллик зарур. Мурожаатномада таъкидланганидек, бирлашган — албатта, ўзади. Мақсадимиз ягона – истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали вилоятимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва халқ розилигига эришиш. Бунинг учун етарли салоҳият ва имкониятлар мавжуд.

Жамол АШУРОВ,
Халқ депутатлари

Бухоро вилояти Кенгаши раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер