“Бир қуш ризқи каби насибам менинг!”

12:32 27 Август 2023 Жамият
775 0

27 август – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Кенес Каримов таваллуд топган кун

Қорақалпоқ ва ўзбек китобхонларининг қалбидан жой олган ижодкор, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқимизнинг ардоқли фарзанди Кенес Каримов бугун 75 ёшга тўлди.

Шонли умр йўлни босиб ўтаётган шоирнинг “Вақт минораси”, “Унутилган ярим ой”, “Истиқлол неъмати”, “Болаликдаги эртаклар”, “Оролдан келдим” каби қатор шеърий тўпламлари, “Қисмат”, “Улуғ дашт бўрилари”, “Зардўшт”, “Оғабий” романлари ҳамда “Ота юрт” драмаси ўз ўқувчиларини топган.

Адибни таваллуд айёми билан қутлаб, унга мустаҳкам тани сиҳатлик, узоқ умр тилаймиз. Юрак ва руҳини ижодий баркамоллик асло тарк этмасин!  

УМИД

ллегория)

Бир булоқ,

Бир дарахт,

Осмон остида,

Дарахт соясида турар бир одам.

Булоқ оқаверар,

Чайқалар дарахт.

Одам умид қилар

Осмонга қараб:

– Булоқ дарё бўлса,

Дарахт боғ бўлса.

Вақт шамоллари эсар бетиним,

Булоқ тинди.

Қақшади дарахт.

Одам ўлди. Умид

ўлмади бироқ...

ФИГУРАЛАР

Кублар,

Ромблар,

Эллипс,

Учбурчак,

Доира, тўртбурчак ва параллипипед.

Сизларни яратган кимдир,

Билмадим,

Балки Пифагордир,

Балки Арҳимед.

Инсоният аҳлининг асрлар бўйи,

Ақлу хушини ҳам банд этиб мудом,

Ҳеч бир шоҳу гадо,

Балки ҳеч кимса

Шаклларни четлаб ўта олмаган.

Нигоҳимиз қайга тикилсин,

майли,

Тўсатдан сизларга тушди кўзимиз.

Эшик-деразалар очилди ана

Ҳар автода ялт-юлт дангаллигимиз.

Инсон яралганган қиёмат қадар,

Умримиз безаган фигураларсиз,

Замон уммонида, фазо сатхида

Балки фақат Сизлар яшаб қоларсиз.

ҲОЛАТ

Хаёлларим тарқоқ. Сочларим тўзғин,

Саҳар шамоллари тўзғитиб ўтган.

Кутдим нени, бузилгунача тоқатим?

Ҳатто оёқларим чинорлар каби

Ерга томир ёйган. Кўкларга теккан,

Бошимга лайлаклар уя солишган.

Насибамни кечиктириб келтириб

столимга қўйди бир маккор қўллар.

Бироқ стол сари эгилмоқликка,

Ерга томир ёйган оёқларим ҳам,

Тўзғиган сочларим бермайди имкон.

У айёр қўллардан тўкилган ўша

Бир қуш ризқи каби насибам менинг!

Тўйдира оларми, ажаб, руҳимни?

ЭШИКНИНГ ХОСИЯТИ

Эшикнинг ортида бизлар билмаган,

Тилсимли,

Ташвишли,

Ўзга дунё бор.

Уни доим пинҳон сақлайман, десанг

Эшикка суянма,

Эшик – беқарор.

Магар эшик эрки ўзида эмас,

Билмам, у неларга содиқ бўлади.

Гоҳ ёпмоқчи бўлсанг,

ёпилмайди ҳеч,

Керак пайти баъзан

ёпиқ бўлади.

О, КУЗГИ ШАМОЛЛАР, КУЗГИ ШАМОЛЛАР

Ҳар зарра, атомдан ахтардим мазмун,

Ҳар фурсат, ҳар дам ўз андишаси бор.

Гувиллаб эсганда қулоқ тутаман,

Не деб шивирлайди кузги шамоллар?

Кўкда қанот қоқиб учган қушларнинг

Борар узилмасдан қатор, тизгини.

Ўкинишми ё мунг, билолмай қолдим,

Қушлар парвозида нени гизлади?

Олма япроғига қўнган оқ қиров,

Сочимдан бўёғин олмишми магар?

Шамоллар, ўтмишдан солиб урҳо-ур

Келтирдингми олис йиллардан хабар!

Эсиз, ёшлик маҳзун чайқалган оқ тол,

Сарв бўйли гўзал, ўзи бир дунё.

Кулгуси қулоққа чалингандайин,

Менга қиё боқиб тургандай гўё...

Қорақалпоқчадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер