Бир нуроний ўн ёшга масъул

08:34 29 Август 2023 Жамият
409 0

Фото: Халқ сўзи

Кўп йиллар турли соҳаларда фаолият юритиб, катта ҳаётий тажрибага эга, босиб ўтган ҳаёт йўли бошқаларга ибрат бўладиган, халқ орасида ўзига хос обрў ва эътибор топган кексаларнинг тажрибасини кенг ёйиш мақсадида Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси ташаббуси билан “Бир нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳасининг Наманган вилоят босқичи ўтказилди.

Бу лойиҳанинг шаҳар ва туман босқичларида ўтказилган танлов ғолиблари якунловчи босқичда вилоят шарафини ҳимоя қилиш мақсадида учта шартда ўзаро беллашдилар.

Тадбир жараёнида қатнашчилар билим ва кўникмалари, амалга ошираётган ишларини намойиш қилиб, ўзаро тажриба алмашдилар. Якунда Янгиқўрғон тумани “Водий” маҳалла фуқаролар йиғини кексалар маслаҳат гуруҳи раҳбари Дилором Исомиддинова биринчи ўринга муносиб топилди. Кейинги фахрли ўринларни Уйчи тумани “Қумтепа” маҳалласи вакили Маъруфжон Йўлдошев ва Косонсой тумани “Гулистон” МФЙдан Басидахон Муҳаммадиева эгалладилар.

— Юрт тақдирига бефарқ бўлмаган кексалар бугун “Бир нуроний ўн ёшга масъул” лойиҳасининг вилоят босқичида иштирок этдилар, —дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов. — Тадбирни ташкил этишдан асосий мақсад кексаларимизнинг ёшлар тарбиясидаги тажрибаларини ўрганиш энг самарадорларини оммалаштиришдан иборат эди. Зеро, айни соҳадаги ишларни пухта йўлга қўйиш орқали маҳаллаларда оилалар ажримини камайтириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда халқимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини ташкил қилишга эришамиз.

Лойиҳада иштирок этган барча нуронийларга ташкилотчиларнинг эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.

                                                          Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер