Беминнат кўмакдан хонадонлар ҳам, кўнгиллар ҳам илиди

12:55 06 Декабрь 2022 Жамият
513 0

Фото: Халқ сўзи

Ҳаммаёқни қор қоплаб, қиш ўз зийнатини кўз-кўз қилаётган бир паллада Андижон шаҳрининг «Далварзин» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Тожинисо Камолованинг кўнглига хавотир оралади. Электр энергияси ва табиий газ таъминотидаги узилишлар кузатилаётган бир чоғда совуқ кунлардан қандай ўтиб олиш ташвиши хаёлини фаромуш қилди. Ахир иссиқ жонга иссиқлик керак, болаларга ош-овқат дегандай, қўлида чақалоғи ҳам бор. Буёғини сўрашса, турмуш ўртоғининг топгани рўзғорга етмагани боис кам таъминланганлар рўйхатида туради.

Ана шундай оғир ўйларда бешик тебратиб ўтирган аёлнинг хаёлини дарвозанинг тақиллаган овози бузди.

— Вилоят ҳокимлиги номидан оилангизга ярим тонна кўмир олиб келдик, — дейишди келганлар.

Бу хабардан аёлнинг боши кўкка етди. Кўнгли ёришиб кетди.

Дарҳақиқат, қишнинг илк кунларидаёқ мавсум ташвиши ҳар биримизни саросимага солиб қўйгани рост. Ана шундай дамларда Андижон вилояти ҳокимлиги кам таъминланган оилалар орасидан 1 минг 98 та энг эҳтиёжмандларини саралаб олди. Уларнинг ҳар бирига ярим тоннадан кўмир ажратилди.

— Андижон шаҳрида салкам ярим миллион аҳоли истиқомат қилади,-дейди вилоят марказидаги «Соғлом турмуш» МФЙ раиси Шерали Маннонов. — Афсуски, уларнинг 183 нафари энг эҳтиёжмандлар тоифасига мансуб. Шулардан 4 нафари бизнинг маҳаллада истиқомат қилади. Вилоят ҳокимлиги томонидан уларга бепул кўмир ажратилганини эшитиб, саховатпеша ҳайдовчилар беминнат хизматга шошилдилар. Шундай қилиб, вилоятдаги 1 минг 98 та оилага тезлик билан сифатли ёнилғи элтиб берилди.

Айтиш жоиз, эҳтиёжманд оилаларга кўмир билан бир қаторда 9 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам етказилди.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер