Баракаси беқиёс тармоқ

10:26 06 Ноябрь 2025 Жамият
221 0

Кунлар совий бошлади, тоғларда қор, боғлару далаларда унинг учқуни. Мана шундай кунларда иссиқ кийинган, овқатланишга жиддий эътибор қаратган киши муаммога дуч келмайди. Шифокорларнинг айтишича эса бедана гўшти ва тухумининг дастурхонда мунтазам бўлиши кони фойда. Айниқса болалар ва ўсмирлар учун. Давлатимиз раҳбарининг аграр соҳа ривожига катта эътибор бераётгани, солиқ имтиёзларию субсидиялар   беданачиликни ҳам янада ривожлантиришга туртки беряпти.

—Жуссаси кичкина деманг, боқинг, ишни тўғри ташкил этсангиз ва кўпроқ маҳсулот ололсангиз гўшти ва тухумини қаерга сотсам экан, деб юрмайсиз, харидорларнинг ўзи остонангизга келади, —дейди Наманган туманида жойлашган “Шифобахш бедана тухумлари” корхонаси иш бошқарувчиси Акрам Турғунов. — Шу иш билан шуғулланаётганимизга 25 йилдан ошди. Шу йиллар ичида туркиялик ҳамкорларимиз билан биргаликда ишладик ва беданалар бош сонини 120 мингдан оширдик. Тухум ва гўштни ички бозорга ҳам экспортга ҳам жўнатяпмиз.

Акрам Турғуновнинг сўзларига қараганда саноат асосида боқиладиган жониворларнинг янги ва маҳаллий зотларини яратиш масаласига олимларимиз жиддий эътибор қаратиши керак. Чунки истаймизми, йўқми, юртимизда экологик вазият мураккаблашмоқда. Шаҳарлар ҳавосининг нечоғлик ёмонлиги барчамизга маълум. Бу ўз-ўзидан аҳоли саломатлигига,болаларнинг нафақат жисмоний, балки ақлий ривожланишига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Минг дардга шифо бедана маҳсулотлари мана шундай мураккаб иқлим шароитида ҳар бир оила учун саломатликни сақлашда том маънода нажот манбаи бўлиши мумкин.  

—Табиат қўйнида бедана асосан ўсимлик уруғи ва барглари, баъзан ҳашаротлар билан овқатланади. У ер устида кичик хас-чўпли жойларга уя қуриб 9-20 тагача тухум қўяди ва улардан 15–17 кунда жўжалар чиқади, — дейди Акрам Турғунов. — Албатта йирик фермада бедана боқишга киришган тадбиркор аввало жониворнинг маҳаллий шароитга мос ва зотли бўлишига эътибор қаратади.Тухум берувчи зотлар йилда бир йилда 250–300 тухум беради, тухум оғирлиги 10–14 г, айрим махсус зотларда гўшти 250 граммгача етиши мумкин.

Тадбиркорнинг айтишича, камбағал ва иқтисоди ночор оилага жониворлар тарқатишдан аввал ўша кишиларнинг чорвадан, паррандачиликдан хабари борми, озуқани қаерда етиштириб, қай тартибда сақлайди, энг муҳими ҳовлисида жонивор боқишга қизиқиши борми, йўқми, аввало шуни аниқлаш керак. Мана сенга мол ё товуқ-бедана боқавер, деган билан иш битмайди, парвариш дегани тилнинг учидаги иш эмас, бунинг ортида машаққатли меҳнат ва билим, малака ётибди. Агар инсонда жониворга меҳр уйғонмаса, камбағал оила қаддини кўтариб меҳнат қилишни истама, хайрли ишлар кутилганидек натижа бермайди. Қолаверса қўлдан берганга қуш тўймайди, сендан ҳаракат мендан баракат деган гаплар ҳам бор. Ана шу сабабли ишбилармон киши олдин вазиятни, одамларнинг феъл-атворини ўрганади, сўнг кооперация асосида ишлашга киришади.

—Беданачиликни қаердан ўргангансиз, дерсиз. Бу хайрли ишни дастлаб раҳматли устозларим Шарифжон Раҳматов, Маъмуршо Турғунов, Неъматуллохон Абдуллаев бошлаб беришган. Улар билимдон, меҳнаткаш, шогирдларига меҳрибон кишилар эди. Бугун уларнинг савобли ишини Абубакрхон ва Қосимжонлар давом эттиришмоқда, —дейди Акрам Турғунов.—   Яна бир муҳим гапни айтай: ҳақиқий ва давомли бизнес алдовни ёқтирмайди. Бир сафар ишга ёлғон аралашдими, тамом, муносабатларга дарз кетади. Шу боис оилавий корхонамизда барча вазифалар адолатли тақсимланган, баҳонаю дангасаликка асло ўрин йўқ. Агар беданачиликка қўл урмоқчи бўлаётган ёшлар бўлса,марҳамат қишлоғимизга келсин,ўргатамиз.

Унчалик катта бўлмаган ҳудудда тухум йўналишидаги беданалар боқиш орқали юзлаб оилалар рўзғорига қут -барака киритаётган Акрам Турғуновнинг эътироф этишича, “Шифобахш бедана тухумлари”бугун миллий брендга айланиб улгурди ва ўз маҳсулотларини қўшни давлатлардан ташқари яна бешта мамлакатларга экспорт қилишни кўзлаяпти. Ишлаб чиқариш хажми ва маҳсулотлар сифати бунга изн беради. Тадбиркор маҳсулотлар савдосида яқиндан кўмакчи бўлаётган фарғоналик Нурмуҳаммад акадан миннатдор эканлигини “Қани энди мана шундай дўстларинг кўп бўлса”, дея алоҳида таъкидлади.

Абдунаби Алиқулов

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?