Байрам муносиб нишонланди

15:57 06 Апрель 2026 Жамият
136 0

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Қизилқум кенгликларининг геологик жиҳатдан ўрганилиши ўн фоизнинг нари-берисида экан. Табиийки, бу мамлакатимиз геологлари олдига ўта масъулиятли вазифаларни қўйиб, уларнинг меҳнатини қадрлаш ва фидокорликларини муносиб тақдирлашни тақозо этади. Зеро, геологлар аниқлаган ҳар бир кон мустаҳкам хом-ашё захиралари базаси сифатида мамлакат иқтисодиёти барқарорлигини таъминлайди.

Шу жиҳатдан 2026 йил 4 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида» ги Фармонига асосан «Навоийуран» давлат корхонаси Уран геологияси маркази «Зирабулоқ« геология-қидирув экспедицияси бош геологи Толибжон Мўминов «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган геолог« фахрий унвони «Навоий уран» давлат корхонаси геология ва қидирув бўйича директори Шерали Жўраев ҳам «Шуҳрат« медали билан тақдирланиши ҳар бир қизилқумлик геолог қалбида фидокорлик оловини ёқди.

«Навоийуран» ДК захираларини ўстиришда «Зафаробод» кон бошқармаси геология ва геофизика хизмати муҳим ўрин тутади. Чунки уран қазиб олиш жараёни асосан геологлар томонидан аниқланган конлар ва ишлаб чиқилган режаларга бевосита боғлиқ.

— Ҳозирда корхонанинг минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида 12 та конни ўзлаштириш устида иш олиб бормоқда, — дейди давлат корхонасининг геология ва қидирув бўйича директори Шерали Жўраев. — Бугунги кунда янги конларни ўзлаштириш технологияларини такомиллаштириб, ер ости бойликларидан самарали фойдаланиш ва йўқотишларни камайтиришга хизмат қилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, геология хизмати фаолияти кўп қиррали бўлиб, у узоқ муддатли ривожланиш режаларини ишлаб чиқиш, бурғилаш ва қазиб олиш ишларини назорат қилиш ҳамда геологик маълумотларни таҳлил қилишни ўз ичига олади. Айни пайтда бўлимда 40 нафардан ортиқ мутахассис — геологлар, геофизиклар, маркшейдерлар, гидрогеологлар ва техник ходимлар фаолият юритмоқда.

Сўнгги йилларда «Зафаробод» кон бошқармасида марказлаштирилган «Геология ва геофизика ишларини ташкил этиш гуруҳи» ташкил этилиб, Петрел дастури асосида 3D моделлаштириш орқали захираларни ҳисоблаш йўлга қўйилди. Тезкор гуруҳ томонидан геофизик тадқиқотлар натижалари асосида бурғулаш ишларига оператив кўрсатмалар берилмоқда.

Модернизация натижасида барча жараёнлар рақамлаштирилиб, кон усталари планшетлар ва махсус қурилмалар орқали маълумотларни тўғридан-тўғри марказга узатмоқда. Бу эса бошқарув самарадорлигини ошириб, кон бошқармасининг истиқболдаги ривожига мустаҳкам замин яратмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер