Байрам арафасида уйли бўлдим — Ибодат Ҳалимова

17:20 30 Август 2023 Жамият
582 0

Фото: “Халқ сўзи”

Бухоро вилояти Жондор туманида истиқомат қилувчи Ибодат Ҳалимова учун Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги бир умр ёдда қоладиган бўлди. Гап шундаки, “Аёллар дафтари”да турган И. Ҳалимова байрамни илк бор ўзининг янги уйида кутиб олмоқда.

— Бу юртдошимиз ижтимоий ҳимояга эҳтиёжманд фуқаро сифатида шу пайтга қадар “Қалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги ижтимоий ётоқхонада яшарди, — дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими раиси Жўрабек Козимов. — Унинг хоҳиш-истаги, қолаверса, ёрдамга муҳтож фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурга мувофиқ, “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги массивда қад ростлаган кўп қаватли уйлардан бири Ибодат Ҳалимовага ажратилди.

— Халқимиз “Ўз уйинг – ўлан тўшагинг” дея бежиз айтмаган, — дейди ўз навбатида И. Ҳалимова. — Мен бу кунни орзиқиб кутган эдим. Байрамни шундай шинам ва кўркам уйда кутиб олаётганимдан хурсандман. Менга ўхшаган кўмакка муҳтож хотин-қизларнинг ташвишини енгил қилаётган Президентимиз, ҳукуматимиздан миннатдорман.

Айтиш жоизки, Жондорда туман ҳокимлиги, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлими ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”да турган фуқароларнинг муаммолари ўрганилиб, улар ечими топиляпти. Байрам арафасида ўнлаб эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, уй- рўзғор буюмлари ҳадя қилинаётгани юртимизда эзгу ва хайрли ишлар изчил давом этаётганидан далолат бермоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер