Бадиият олами

Сирожиддин РАУФ
* * *
Ҳувиллаган юрак, ҳувиллаган уй...
Қумсоат қумларин эламас, ажаб!
Олис хаёлларга банди бўлган ўй
Кечмиш лаҳзаларни турар ҳижжалаб.
Ёмғир, райҳон иси... Ёниш, ўртаниш –
Чуваланар ўтган кунлар тасмаси.
Инжиган севгини англаш, ўрганиш...
Наҳот ортда қолмиш энди ҳаммаси?!.
Ўзим хато қилдим. Қисмат – беомон.
Баҳорга етибдур қай вақт, қай замон
Хас-хазон тўшалган боғлар оша ким?!
Увол ишқимизнинг тумори – ўтмиш,
Гилос дудоқларнинг хумори – ўтмиш,
Менинг эса бугун келар яшагим!..
* * *
Бардошим тугади, тугамас бу йўл,
Бу йўлда санғиган умидлар етим.
Юрак бўм-бўш, кўзим ёши кўл,
Тоғдай тоқатимнинг тоқига етдим,
Бардошим тугади, тугамас бу йўл.
Бу йўлда санғиган умидлар етим,
Мени сарсон қилган жилвагар сароб.
Йўллар-ку кўп эди синашта, қадим,
Нотаниш сўқмоқни танладим у тоб,
Бу йўлда санғиган умидлар етим.
Юрак бўм-бўш, кўзим ёши кўл,
Нимага ярарди энди бу корим?
Йўлимда унмади мен истаган гул –
Бебақо дунёда бевафо ёрим...
Юрак бўм-бўш, кўзим ёши кўл.
Тоғдай тоқатимнинг тоқига етдим,
Заминнинг тоғлари тубанда қолди.
Ўткинчи дунёнинг ҳавасин нетдим,
Жафолар Ҳақ ишқин кўнглимга солди,
Тоғдай тоқатимнинг тоқига етдим.
Гулноз МЎМИНОВА
* * *
Ёшлик яхши эди ҳарҳолда.
Ғамгин кезларимда жимгина қучиб,
“Ҳаммаси яхши бўлади”
дегувчи инсон бор эди.
Ҳарҳолда ишонар эдим
Қачондир ҳаммаси яхши бўлишига,
Юрагим икки баробар катта эди
Муштимдан.
Қаттиқ севса бўлар эди одамларни
Бундай юрак билан.
Йиллар кечди...
Ишқ афсонасин ямлаб қочган ялмоғизлар
Сулув қизларга дўнди бир юмалаб
Англадимки, ҳеч қачон яхши бўлмас ҳаммаси...
Ва аза тутдим
Будда уятдан йиқилган кунда
Олтин маъбудаларга қўшиб кўмилган
Ривоятлар учун
Кейин тутиб иримчилигим
Оқ лахтак боғлаб келдим
Умай Онанинг ғамгин тимсолига
Жонимнинг ёғини сиқиб
Шам ясадим:
Қачонлардир мени қучиб
“Ҳаммаси яхши бўлади” деган зот,
Қайта оласанми парвона бўлиб?
МУНОЖОТ
Эй севгили!
Бир ишорасила
Тоғларни тевадек чўктирган,
Вулқонларни Ер белига
Оташ нутфаси каби жойлаган севгили!
Эй, айри оқимларни айрилигича
Ёнма-ён оқизиб қўйган,
Очни очлиги, тўқни тўқлиги,
Борни борлиги, йўқни йўқлиги ила
Синаган, сийлаган севгили!
Эй, нурнинг илк толасига
Субҳ қатрасидан кўзгу ясаган,
Ҳаётни томчига, ўлимни сукутга,
Руҳ қушини тан қафасига жойлаган,
Ҳар умр оғочида бир қушни бўзлатган севгили,
Ҳар жуфт қорачиққа бир армон гизлатган севгили,
Ҳар тирик исёнга бир мозор излатган севгили!
Баданимнинг кўк ирмоқларида
Севгили исмларни кўпдан кездирган,
Хиёнат аччиғин обдон сездирган,
Жонни ҳаётдан бездирган севгили!
Биламан, қачонлардир
Ер белида оташ нутфасин қайнатган
Қудрат бармоғила халос этгайсан
Кўк ирмоқларимни қуритган исмлардан,
Эй, севгилилар севгилиси!..
Насрулло ЭРГАШ
* * *
Юракнинг зорлари тавбага ўхшар,
Ёмғирнинг торлари тавбага ўхшар.
Киприкда тасбеҳдай терилиб турган
Кўзимнинг ёшлари тавбага ўхшар...
Қушнинг қанотида тавбани кўрдим,
Хазон япроқлари тавбага ўхшар.
Каъбага бормоққа пулим йўқ менинг,
Онам зиёрати Каъбага ўхшар.
Боқсам тавба каби очилгай китоб,
Китобга эгилсам тавбага ўхшар.
Ўзингдан ўзгага эгдирма, Оллоҳ,
Шеърга эгилмоқ ҳам тавбага ўхшар!
Тавбага ўхшайди тонгнинг отиши,
Қуёшнинг ботиши тавбага ўхшар.
Тавбадир аслида кўнгил оғриши,
Кўнгилнинг қолиши тавбага ўхшар!
Ранжу маломатга ўрганиб қолдим,
Туҳматга қолишим тавбага ўхшар.
Аларнинг гуноҳин Худога солдим,
Қайтариб олишим тавбага ўхшар!
Шоҳсанам НИШОНОВА
* * *
Водий тарафларни эсламай бўлмас,
Ишқни қон-қонингга қориб боради.
Қува томонларда мени соғиниб,
Анорлар кўксини ёриб боради.
Силкитар елпиғич япроқларини,
Мажнунтоллар кутиб кўзлари толган.
Куз. Қишлоқ. Шаҳардан болам келар деб,
Тилла япроқларга беланиб олган.
Укамга ўхшайди суюнчи сўраб,
Ҳар бир дарвозага югурган шамол.
Бироқ сезилмади сенга ташрифим,
Сендан кетмоқлигим бермасми завол?!
Тез чиқиб кетаман араз ургандай,
Кўксим чок-чокидан сўкилар эди.
Қол деб оёғимга ҳув дарахтларнинг
Тилла япроқлари тўкилар эди.
Аммо тўкилмади дилингдаги сўз...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг