Бадиият олами

Йўлдош ЭШБЕК
СЕНИНГ ҚЎШИҒИНГ
1
Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Тепамизда чарх уришиб
Қалдирғочлар учажак!
Шундай қўшиқ айтган эдинг сен,
Шундай қўшиқ… ҳаётдай азиз.
Ва дунёга қайтган эдим мен,
Дунё менга қайтди ўша кез.
Қўшиғингни булоқлар тинглаб,
Шамолларнинг тили тугилди.
Осмон юзи кўзинг нусхалаб,
Ўпмоқ бўлиб сенга эгилди.
Қалдирғочлар учди тепангда,
Қўшиқ айтиб шўхшан, дилрабо.
Ўн еттида эдинг ўшанда.
Ўн еттига тўлганди дунё.
Дунёлардан рашк қилдим сени,
Дунёларга ишонмас эдим...
2
Қалдирғочлар келмоқда учиб,
Баҳор қувиб яшарлар доим.
Ушбу дамда сен ёдга тушиб,
Аламларда қоврилар ўйим.
Сен умрингаи бўлдинг иккига,
Энди менга икки хил ўйсан.
Тўлиб кетса дардпар кўксимга,
Ёлғизликнинг ҳукмидан тўйсам,
Мададга зор одамдай гоҳо,
Атрофга жавдирар нигоҳим.
Кўзларимда интиқ илтижо,
Кўзларимда тизилар оҳим.
Шунда излаб қоламан зор-зор,
Ўн етти ёш кўҳлигим қайда?
Ва қайтмоқ бўламан интизор
Ўн етти ёш дунёга қайта.
Мени чорлар илк умринг маъсум,
Мени чорлар ул покиза ишқ.
Қайғуларга чек қўйиб, бир зум –
Руҳимда тирилар ул қўшиқ:
“Биз бахтиёр бўлгаймиз хўб,
Бизни зафар қучажак!
Бошимизда чарх уришиб,
Қалдирғочлар учажак!”

Сардор САЪДУЛЛАЕВ
БЕЛГИ
Кўзларим йўлингда, демак, ишонар,
Армонга элтмагай балки бу сўроқ.
Бугун икки шамнинг бириси ёнар –
Висолми, ҳижронми, билмайман бироқ...
Умиднинг қўллари бўйнимдан қучар,
Зумда маҳв бўлажак абадий фироқ.
Бугун икки шамнинг бириси ўчар –
Ҳаётми, ўлимми, билмайман бироқ...
* * *
Мардлар хийлалардан кўрганда жабр,
Ва фасод атрофга отганда илдиз.
Тарих дафтаридан ўчди давлатлар,
Осмонда сўнгандай лаҳзалик юлдуз.
Тўғри, боқий эмас бирор салтанат,
Лек бу эврилишнинг бор сабаблари.
Сарой ичидаги худбинлик ҳамда
Хоинлик ағдарди уларнинг барин.
Шул сабаб сўзимни шиор этиб ол,
Манфур иллатларни айлагин ағёр.
Токи парчаларга кетмай бўлиниб,
Юрагим эгангга панд берма зинҳор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Ўзбекистон дунёдаги сайёҳлар оқими энг тез ўсаётган етти мамлакатдан бири — БМТ ҳисоботи
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг