“Бадиият олами”

Фото: Архив сурат
Мамлакатимизда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар силсиласида адабиётни ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидорларни кашф этиш ва тарбиялашга қаратилган ишлар бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Зотан, инжа санъат халқнинг маънавий-руҳий озуқасидир. Бадиий сўз қудрати инсон қалбини нафақат поклайди, балки тафаккур оламини ёритади, орзу-умидлари рўёби сари қанот бўлади, уни янги-янги марралар сари рағбатлантиради.
www.xs.uz сайтимизда “Бадиият олами” рукнининг ташкил этилишидан кўзланган эзгу мақсад-муддао ҳам шу. Ўқувчиларга ушбу рукн остида ёзувчи-шоирлар, адабиёт бўстонига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар асарларидан туҳфа этиб борамиз.
Муштарийларимизни халқимизнинг маънавий савиясини янада ошириш, дидини юксалтириш, уларни бадиий сўзнинг бепоён жилвасидан баҳраманд этиш, орзу-умидлари рўёби томон олға интилишга ундаш, руҳлантиришдек эзгу ишларга камарбаста бўлишга чорлаб қоламиз.
Зебо МИРЗО
ИЗТИРОБ
Нима бўпти, эсламасангиз,
Нима бўпти, қараб қўймасам?
Дилингизда тошармиди ҳис,
Сиз деб куйсам,
ёки куймасам?
Менга лаънат бўлган бу ишқдан
Ёниб кетса ҳаётим беиз,
Бутун умр севиб ўтсаму,
Бир лаҳза ҳам
севолмасангиз...
Нима бўпти, мен сизнинг эмас,
Севгингизнинг бўлсам тутқуни?
Севиб ўтсам,
Севиб ўпсам маст,
Хаёлимда сақлаб мен уни?
Киприкларим юмсам,
У ҳозир
Ҳузуримда бўлади пайдо:
Мана, титроқ қўлларим сузар
Унинг тошқин сочлари аро!
Мен севган У – жудаям ёруғ!
Мен севган У – мағрур ва ҳалол!
Суянаман елкаларига
Тонгни қучган атиргул мисол!
У – менинг мард,
тенгсиз Қиролим,
Мен у билан Ҳур маликаман,
Бахт яратиб ҳар нафасидан,
Осмонларга юлдуз экаман!
...Юрагимни енгаман деманг,
Юрагимда гарчанд фақат Сиз!
Билсангиз...
Мен жуда бахтлиман!
Нима бўпти...
Билолмасангиз!
Кўнглингизни бўлаклаб беринг,
Қушчаларга едиринг, майли.
Сиз севгимга қилмангиз шафқат,
Бахтсиз ўтган бахти туфайли!
Қўл силатаманг...
кулманг...
ачинманг...
Ачинаман мен сизга кўпроқ.
Севилган-у, буюк ишқ билан,
Севилганин билмаган бироқ!..
* * *
Сен – чашма,
Энг юксак осмон тоқида,
Худойим яширган жаннатий чашма.
Сен – чашма,
Ой – мавжинг сояси, сенга
Талпинар дунёда жамийки ташна.
Сен-чашма,
Тангрининг ҳузуридаги,
Малаклар тиланган илоҳий булоқ.
Сен – чашма,
Бир умр руҳимда оққан,
Мунтазир қўлларим етмаган бироқ.
Сен – чашма,
Берилган фақат уйқуда,
Бир лаҳза тажаллинг комига чўмиб,
Олгин деб, озурда жисму жонимни,
Ухлаб ўтаяпман кўзларим юмиб!
Сен – чашма,
Юлдузлар ортидан елиб,
Нур каби кўксимда ёнгувчи чашма.
Сенинг кўзларингдан дунёга келиб,
Менинг лабларимга томгувчи чашма!
Сен – чашма...
Дадахон МУҲАММАДИЙ
* * *
Ёмғир ёғаяпти кўнглингга,
Қара!
Кутаман, руҳимда бир илинж сарсон.
Қушлар шом бошлади ва сўнгги чора –
Тўфонлар юборди қошингга осмон.
Ёлғизлик истайсан, фақат ёлғизлик,
Булутлар бошингда тўзғийди бир дам.
Тун чўкиб боради, кўзингда ҳадик,
Узоқлаб боради кулгуларинг ҳам.
Тўфонлар юборди қошингга осмон,
Ёмғир исин туяр қайсидир сезги.
Ана шу тўфондан ўтолсак омон,
Бахтиёр яшаймиз, бахтиёр севги.
Ёмғирдай тўкилиб кутяпти бир жон,
Томчилар кўнглингга етар тобора.
Энди қайтиш керак – келишинг гумон,
Ёмғир ёғаяпти.
Кўнглингга қара!
* * *
Майлими кетмасам,
Майлими қолсам?
Кўрсам бу замоннинг бебош зайлини.
Сизга кенг, менга тор келган дунёнинг
Бир четида яшаб турсам майлими?
Худо бир асради, кўнглингиз қолди,
Манзили йўқ макон қидирган кунда.
Ишонч муҳаббатдан устун келди ва
Қайтадан яралди кўнглимиз шунда.
Мен сизни севаман,
Исбот шарт эмас,
Умрингизга ранглар, ишқ, олов солсам…
Саҳарлар бизники, жоним, саҳарлар,
Майлими кетмасам,
Майлими қолсам?!
Бобур ЭЛМУРОД
* * *
Наҳот энди севги – оташин,
Ёндиролмас ҳеч бир кишини.
Етти алпга шарт қўйиб Барчин,
Кутмай қўйди Алпомишини.
Сув қидириб кетди Фарҳодлар,
Лек оқмади дарёлар тўлиб.
Алпомишдек кетиб ўғлонлар,
Қайтолмади Алпомиш бўлиб.
Ичимизда кўп эди Широқ,
Умид қилдик, тўсар ғовларни.
Биз кутгандай бўлмади бироқ,
Бошлаб келди улар ёвларни.
Кимдир ҳамон тушмади отдан,
Эгарларга мингашди кибор.
Энди чиқинг, ўзингиз чоҳдан,
Қутқаргани келмас Бойчибор.
Тор кўнгилга сиғмайин қолди,
Мажнунларнинг муҳаббатлари.
Отабеклар Кумушларига
Ёзмай қўйди севги хатлари.
Хотирамда бари – уларнинг,
Эслайверсам қийнайди ёди.
Бунча гўзал – инсониятнинг
Китобларда қолган ҳаёти.
* * *
Бир кўнгил ўстирсанг, ичингда
Яшаса энг буюк зотларинг.
Ичкарига кира олмаса
Ёмонотлиқ, ёмон отларинг...
Ағанаса туйғуларингни
Босиб ётган минг-минглаб харсанг.
Алдамаса қулоқларинг ҳеч,
Кўзларингга буткул ишонсанг...
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда,
Ичингда бир кўнгил йўқласанг.
Кўз юмсанг, қоронғу бўлмаса
Ёп-ёруғ кунларда ухласанг...
Бир кўнгил ўстирсанг ичингда...
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг