Унутмас мени боғим...

Инсон қадри — улуғ, хотираси — муқаддас
Бу муқаддас юртда инсон — азиз, унинг қадри — улуғ, хотираси — муқаддас. Жонажон Ўзбекистонимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги арафасида имзоланган “Ўзбекистонда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорларни мукофотлаш тўғрисида”ги Президент Фармони бу фикрнинг амалий тасдиғи бўлди.
Фармонга мувофиқ, мамлакатимизда илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳаларини ривожлантириш, жамиятимизда эзгулик ва адолат, ватанпарварлик ва бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона хизмат қилиб, авлодларга қолдирган бой мероси, сермазмун ҳаёти ва инсоний фазилатлари билан эл-юрт хотирасидан чуқур жой эгаллаган бир гуруҳ марҳум олим ва ижодкорлар орденлар билан мукофотланди. Улар орасида халқимизнинг суюкли шоирлари — Қуддус Муҳаммадий, Рауф Парфи, Тўра Сулаймон, Анвар Обиджон ва Муҳаммад Юсуф ҳам бор.
Шеърият — сўз санъати, адабий бойлик. У қалблардан жой олдими, ўқувчи меҳрини қозондими, тилдан тилга, дилдан дилга ўтиб яшайверади. Шу маънода, чинакам шоирларнинг адабий мероси — абадиятга дахлдор. Маърифатпарвар, оташнафас шоир Усмон Носир шеърларидан бирида “Баргдек узилиб кетсам, унутмас мени боғим”, деб ёзганида айни ҳақиқатни назарда тутганди.
Инсон қадрини улуғлаш, аждодлар хотирасини эъзозлаш, уларнинг ибратли ишларини кенг тарғиб этиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатларнинг узвий давоми сифатида Президентимиз Фармони билан мукофотланган халқ шоирларининг ижодий меросидан гулдаста ҳозирланди. Қуйида боқий сатрлар асосида тайёрланган шеърий туркум эътиборингизга ҳавола қилинмоқда.
ШЕЪРИМ, ОЧИЛ ДАСТУРХОН
Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.
Эл ўғлин қилай меҳмон,
Бўлайин улкан мезбон.
Шоирингман меҳрибон,
Қилгим келар улкан иш,
Дунёда энг кўркам иш.
Шеър булоғим қайна, жўш,
Шеържоним, бўл оққуш,
Шеърим ҳаёт боғбоним,
Шеър аскарим — посбоним.
Паҳлавон беозорим,
Кўнгилларни ёзарим,
Юрагим осмонисан,
Эл-юртим посбонисан,
Тинчлигим каптарисан,
Ўқувчим дафтарисан.
Қадрдон мактабимсан,
Юрагим, рубобимсан.
Сенсан қўшиқ, улкан куй,
Сен кирмаган бирон уй,
Сен бўлмаган байрам, тўй,
Қолмасин ҳеч бир элда.
Янгра шеърим, минг тилда.
Халқ юрагин макон эт,
Халқим кўнглин осмон эт.
Ёқимли бўл ҳаводек,
Жон озиғим наводек,
Жон бағишла ўликка,
Завқ бағишла тирикка.
Шеър десам жоним эрир,
Жону жаҳоним эрир.
Онамнинг алласи шеър,
Ҳофизлар ялласи шеър.
Халқимга мададкорим.
«Ҳайт» туяга мадорим.
Шеърим, очил дастурхон,
Шеърим — очиқ дастурхон.
Қуддус МУҲАММАДИЙ,
Ўзбекистон халқ шоири.
* * *
СЎНМАС РУҲИМИЗДА МАТОНАТ АСЛО,
Аждодлар шарафи абадий яшар.
Мукаррам зиёсан, эй туркий Дунё,
Қўллагил, Оллоҳим, қўллагил, Башар.
Сўнмас руҳимизда матонат асло.
Ёлғиз Оллоҳимиз, чорлар Истиқлол,
Муборак сиймолар, ботирлар чорлар.
Ёлғиз паноҳимиз, чорлар Истиқлол,
Жаҳонга, Инсонга муҳаббат порлар,
Ёлғиз Оллоҳимиз, чорлар Истиқлол.
Уйғон, турк Дунёси, муқаддас Турон,
Қуёш, бошимиздан сочгил қутлуғ нур.
Асл Турк юрти бу, қадим, навқирон,
Темур умиди бу, Туркистон мағрур,
Уйғон, турк Дунёси, муқаддас Турон.
Рауф ПАРФИ,
Ўзбекистон халқ шоири.
МУҚАДДАС ҚЎШИҚ
Ассалом, она юрт, тонглар ўлкаси,
Таъриф, тавсифингнинг йўқ ниҳояси.
Сенга бағишланур муқаддас қўшиқ,
Бу – ўзбек элининг ўз мадҳияси.
Кўҳна ота юртим, қадим Туроним,
Ўз бешик, ўз тилим, шавкатим, шоним.
Етти иқлим ичра тенги топилмас –
Тупроқ, тоши олтин Ўзбекистоним.
То башар бор экан, бор экан қуёш,
Бирлашган элга ёв отолмагай тош.
Ёвқур йигитларинг, лочин қизларинг
Ғанимлар олдида эгмаганлар бош.
Дастурхони очиқ, хирмони баланд,
Самовий тоғлари номига монанд.
Оламга машҳур не зотлар Ватани,
Меҳринг қон-қардошлар меҳрига пайванд.
Сен – тошқин Жайҳуним, теран Сайҳуним,
Сен – менинг ўтмишим, сен – ёруғ куним.
Елкадош ўлкалар билан ҳамнафас,
Шонли Туркистоним – Ўзбекистоним.
Гулинг гулзор бўлсин, қирларинг ўрмон,
Дарёларинг денгиз, кўлларинг уммон.
Ҳудудинг дахлсиз, яловинг юксак,
Сен – Шарқнинг машъали, сен – доруломон.
Тўра СУЛАЙМОН,
Ўзбекистон халқ шоири.
ҒИЛДИРАГИ ЙЎҚДИР ВАТАННИНГ
(Бир “Игнабарг шеър”нинг давоми)
Кетолмади Бобур ҳам бошлаб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Боролмас, минг чорла кўз ёшлаб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Қумлоғини қирдириб бўлмас,
Тоғин бошқа қурдириб бўлмас,
Денгиз томон жилдириб бўлмас,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Тураверар ботқоғу жари,
Саҳролари силжимас нари,
Суриб бўлмас соз иқлим сари,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Ватан деган инимиз битта,
Ватан билан динимиз битта,
Яхши-ёмон кунимиз битта,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Фидоликка шайликда – қудрат,
Эркимизни бой берсак мудраб,
Қочолмаймиз хорижга судраб,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Мозорли халқ сондан ўчмайди,
Ёт миллатни ёт ер қучмайди,
Кимдир кўчар, Ватан кўчмайди,
Ғилдираги йўқдир Ватаннинг.
Анвар ОБИДЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.
ТАЛАБАЛАР МАДҲИЯСИ
Алп ўғлонлар ўлкаси бу кўҳна Турон,
Қалқонлари, қанотлари, илм истанг.
Ярим аср бунёд этган Соҳибқирон,
Алишернинг авлодлари, илм истанг!
Тахтдан тушганда ҳам отдан тушмай юрган,
Аждодингиз уй қурмаган – Давлат қурган.
Юрти учун елкасида тоғлар сурган,
Рустамлари, Фарҳодлари, илм истанг.
Кўз очганда кезиб етти баҳри уммон,
Етти тилда сўзлашган биз – тили бийрон.
Ватанида Тож Маҳаллар тиклар султон –
Бобурлари, Беҳзодлари, илм истанг.
Ҳақ йўлида сиз – илмнинг умматлари,
Халқ йўлида ҳидояти, ҳимматлари.
Мадад бўлсин Яссавийнинг ҳикматлари,
Бобо Машраб баётлари, илм истанг.
Илм истанг, изингиздан ибрат ёғсин,
Ихлосингиз, шаҳдингиздан шиддат ёғсин.
Ортингиздан мағрур-мағрур миллат ёғсин –
Мулки Турон нажотлари, илм истанг!..
Алп ўғлонлар ўлкасидир Ўзбекистон,
Эркли элнинг қанотлари, илм истанг.
Ярим жаҳон бунёд этган Соҳибқирон,
Алишернинг авлодлари, илм истанг.
Муҳаммад ЮСУФ,
Ўзбекистон халқ шоири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг