Армон

17:03 05 Май 2020 Жамият
1227 0

1942 йил. Қирғинбарот жанглар авж олган кунларнинг бирида Тўрақўрғоннинг Катта Қурама қишлоғидан фронтга йўл олган йигитларнинг навбатдаги гуруҳида эндигина ўн саккизни қоралаган Икромжон Умрзоқов ҳам бор эди. Поезд уларни тўппа-тўғри Сталинградга олиб борди. Уч ойлик тайёргарликдан ўтгандан сўнг “янгилар” ҳам ҳаёт-мамот курашига киришиб кетди.

- Ҳар бир жангга фақатгина “Олға” хитоби билан қирардик, -дейди фронтчи отахон. – Бироқ, рўпарангда сени яксон қилишга шай турган душман аскари билан ҳисоблашмасликнинг иложи йўқ, озгина бўш келдингми, дайди ўққа учасан. Ажал ҳамиша ёнимизда юрган. Баъзан ўқлар ёмғиридан саросимага тушиб ёнимизда яраланган сафдошимизга ёрдам кўрсатишга улгурмай ҳам қолардик. Уч юз ўттиз мингдан ортиқ немис аскари қуршаб олинган Сталинград жангларидаги бир ҳолат ҳали ҳамон кўз олдимдан кетмайди. Яқинимизда рўй берган портлаш натижасида учиб чиққан осколка мендан беш метрча нарида бораётган рус йигитнинг икки қўлини елкасидан узиб юборди. Қани энди “сув, сув...” деганича атрофдагилардан нажот кутаётган бечоранинг яқинига йўлаб бўлса. Йўқ, қутқариб қолишнинг иложи бўлмади, бир илож қилиб ёнига борганимизда унинг жони узилганди.

Беаёв жангларнинг ҳеч бири талафотсиз бўлмаган. Ўзини ҳарчанд эҳтиёт қилмасин душман ўқи И. Умрзоқовни ҳам четлаб ўтмади. Юришларнинг бирида немис аскари уни елкаси, оёғидан яралади. Оёғи тузалиб кетган бўлса-да, кўкрагига яқин жойдаги металл парчасини узоқ вақт кўтариб юришига тўғри келди. Беш йил дегандагина Владимир Шаповалов деган профессор врач жарроҳлик йўли билан олиб ташлади.

-Болам, биз қандай қилиб ғалабага эришдик, биринчи навбатда одамларимизнинг қатъияти, руҳи баландлиги билан,-дейди Икромжон ота. – Айниқса, фронт орти республикалари, хусусан, Ўзбекистондан бориб турган ёрдам, ҳамюртларимизнинг маънавий мадади ҳар бир ўзбек жангчисига куч, далда берган. Серқуёш юртимиз вакилларидан иборат санъаткорлик труппаларининг жанглар оралиғидаги концертлари, Тамарахоним ва Ҳалима Носированинг Ўзбекистон нафаси уфуриб турган қўшиқ ва рақсларидан ғайратимиз жўшган. Ана шундай дамларнинг бирида Тамарахоним ўзининг зукколиги билан ҳаммани қойил қолдирди. Унинг кўплаб тилда қўшиқ айта олишини эшитган рус офицери “Битта испанча қўшиқ айтиб беринг-чи”, деб қолди. Опа сира иккиланмади. Талабига жавобан қўшиқ янграган чоғда эса офицер қандай қилиб испанча рақсга тушиб кетганини ҳам сезмай қолди.

Икромжон Умрзоқов урушнинг кейинги босқичларида Украинанинг бир қатор шаҳарларини фашист газандаларидан халос қилишда қатнашди. Миллионлаб ҳамюртларимиз қатори жангларда собит туриб, ғалаба нашидасини суришга муваффақ бўлди.

Иккинчи жаҳон урушининг аччиқ хотиралари билан она қишлоғига қайтган Икромжон ота республика халқ хўжалигини тиклаш ва ундан кейинги тараққиёт йилларида турли жабҳаларда астойдил меҳнат қилди. Ҳамқишлоқлари унинг туман ижроқўми, маданият бўлими, қишлоқ Кенгаши ва бошқа жойларда юқори ташкилотчилик намуналарини кўрсатганлигини фахр билан ёдга олади. Ўзига мос аёл билан турмуш қуриб, кўпчилик ҳавас қиладиган намуна оила соҳиби бўлди. Уч нафар фарзанд ортидан 15 га яқин невара, 50 дан зиёд эвара-чевараларнинг суюкли бобосига айланди. Буюк ғалабанинг 75 йиллиги яқинлашаётган шу кунларда юз ёш остонасида турган азиз инсон яшаётган хонадон гўёки табаррук қадамжога айлангандай. Қўни-қўшни, қишлоқдошлар, маҳаллий ҳокимият, жамоат ташкилотлари вакилларининг йўқловидан бобонинг димоғи чоғ.

- Ҳаётимдан розиман, чунки, бир инсон умрича мазмунли яшадим, -дейди Икромжон ота. – Бироқ, дилимнинг четида турган бир армон борки, сира унутолмайман. У ҳам бўлса, ярадор қуролдошимга бир қултум сув тутишга улгура олмаганим. Яна бир армоним ўша 1942 йилда маҳалламиздан мен билан фронтга отланган Турдали Бойзоқов, Мамажон Абдуллаев, Султон Жайлонов сингари тенгдошларимнинг номаълум аскарга айланиб, ҳоки ўзга юртларда қолиб кетгани. Урушдан қайтмаган 120 нафар маҳалладошимиз кетар пайти тишлаб қолдирган патирлар яқин вақтларгача уйлар пештоқида осилиб турди. Ахир, уларнинг ҳам шундай ёруғ кунларни кўришга ҳаққи бор эди-ку! Мана шуниси армон!

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
 “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер