АҚШ қўшинлари Ироқдаги авиабазадан чиқиб кетди
Фото: AP
Ироқ ҳукумати 18 январь, якшанба куни мамлакат ҳудудидаги федерал тасарруфга кирувчи ҳарбий объектлардан АҚШ қўшинлари тўлиқ чиқарилганини маълум қилди. CNN нашрининг ёзишича, бу ҳудудга ярим мустақил Курдистон минтақаси кирмайди — у ерда АҚШ ҳарбийлари ҳануз қолмоқда.
Ироқ Мудофаа вазирлигига кўра, ғарбий Анбар вилоятида жойлашган Айн-ал-Асад авиабазасидан АҚШнинг сўнгги ҳарбий маслаҳатчилари ҳам чиқиб кетган. Мазкур база сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт давомида АҚШ қўшинларини қабул қилиб келган.
Вазирлик, шунингдек, Исломий давлат (ИШИД) гуруҳига қарши тузилган АҚШ етакчилигидаги халқаро коалиция Ироқ Қўшма операциялар қўмондонлиги қароргоҳидан ҳам чиқиб кетганини билдирди. Энди ушбу объектлар тўлиқ Ироқ хавфсизлик кучлари назоратига ўтган. АҚШ ҳарбийлари Ироқ ҳукумати талаб қилганидан сўнг, 2023 йилдан бошлаб мамлакат хавфсизлигидаги иштирокини босқичма-босқич қисқартириб келаётган эди.
Бироқ АҚШ қўшинлари Курдистон минтақасидаги Эрбил вилоятида жойлашган Ҳарир авиабазасида ҳалигача қолмоқда. Ироқ марказий ҳукумати мамлакатнинг шимолидаги ушбу минтақани тўлиқ назорат қилмайди, чунки Курдистон Ироқ Конституциясига мувофиқ ўз ҳукумати, парламенти ва хавфсизлик кучларига эга автоном ҳудуд ҳисобланади.
АҚШ ҳарбийларининг Ироқдаги сони йиллар давомида кескин ўзгариб келган: 2003 йилдаги босқиндан сўнг энг юқори нуқтада 170 минг нафарга етган, 2011 йилда эса тўлиқ чиқарилган. 2014 йилда ИШИДга қарши кураш доирасида Ироқ илтимосига биноан 5 минг нафарга яқин ҳарбий қайта жойлаштирилган. 2021 йил декабрда АҚШ жанговар вазифалар тугаганини эълон қилганидан бери мамлакатда тахминан 2,5 минг нафар америкалик ҳарбий маслаҳатчи қолаётган эди.
Ироқ Мудофаа вазирлиги 17 январь, шанба куни Айн-ал-Асад авиабазасида бўш қолган биноларни кўздан кечираётган юқори лавозимли ироқлик қўмондонлар акс этган видеони ҳам эълон қилди. АҚШ Марказий қўмондонлиги Ироқ томони берган маълумотларни тасдиқлади.
Ироқ расмийларига кўра, мамлакат қуролли кучлари ҳозир мамлакат хавфсизлигини таъминлашга қодир, АҚШ билан келгусидаги ҳамкорлик эса асосан тайёргарлик, қурол-яроғ хариди ва қўшма машғулотлар доирасида давом этади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
- Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатларидан иборат делегация аъзолари Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг