Анжумандан кейинги ўйлар

Кўҳна Зомин тоғларида карнай-сурнайлар ғата-ғути билан бошланган адабиёт ва китобхонлик байрами булбуллар чаҳ-чаҳига уланиб кетди.
Замин ва замон яшиллик ва навқиронлик нафаси билан ёрқин тус олди.
Жорий йилнинг 7-9 июль кунлари Республика ёш ижодкорларининг анъанавий Зомин семинари янги – 28-мавсумини юқори кўтаринкилик билан ўтказиб, йигирма саккиз қирни ошиб ўтди.
Йигирма саккиз ёш бир йигитнинг униб-ўсиб, куч-ғайрати ичига сиғмай, тўлиб тошаётган навқирон фасли, десак, ушбу анжуман ҳам мазмун ва моҳиятан тобора такомиллашиб, янада кенгайиб бораётгани табиий ҳол.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги "Ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида " ги 147-сон Қарорига асосан, жорий йилда мамлакатимиздаги мавжуд ижод мактабларининг ҳар биридан 5 нафардан, жами 45 нафар иқтидорли ўқувчиларнинг иштироки ушбу анжуманнинг кўламини янада кенгайтирди.
Семинарда иштирок этаётган иқтидорли ёшлар салмоғи бу йил янада ортгани навқирон авлод учун қувонарли ҳодиса бўлди. Мазкур адабиёт байрамида шу пайтгача юртимизнинг ҳар бир вилоятидан 5 нафардан иқтидорли ёшлар саралаб олиниб, жами 85 нафар истеъдод эгалари қатнашиб келаётган бўлса, бу йил ижод мактабларининг иқтидорли ўқувчилари ҳисобига иштирокчи ёшлар сони 128 нафарга етди.
Яна бир жиҳати, миллий адабиётимиз тарихида «Зомин мактаби» номи билан зарҳал ҳарфларда ёзилаётган мазкур анжуман бу сафар "Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамиятининг Зоминдаги санаторийсида фаолият кўрсатди.
"Навоий кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти санаторийсига беғараз жойлаштирилди. Шунингдек, ушбу муддат давомида семинар иштирокчилари, устоз адиблар ва ташкилотчилардан иборат 185 киши сиҳатгоҳга беғараз жойлаштирилиб, овқатланиши билан боғлиқ барча хизматларга "Навоий кон-металлургия комбинати " ҳомийлик қилди.
Семинарнинг тантанали ёпилиш маросимида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, "Халқ банки" Республика бошқармаси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ва Жиззах вилоят ҳокимлиги томонидан иштирокчиларга семинар статуеткаси, сертификат, ноутбук, телефон, пул мукофотлари ва китоблар жамланмаси топширилди.
“Анъана бу йил ҳам давом этмоқда. Бу рағбатлантиришлар сиз азиз ёшларга берилган кичик бир бўнак, деб қабул қилгайсиз.
Зеро, асл адабиётнинг асл баҳосини берадиган бўлсак, дунё хазинаси етмайди.
Адабиёт ана шундай қудратли кучга эга!” — деди Жиззах вилоят ҳокими ўринбосари Акмал Савурбоев.
Дарҳақиқат, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун моҳияти билан яқиндан таништириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, халқимизнинг буюк тарихи ва маънавий меросига ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларининг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини янада ривожлантириш, назм, наср, болалар адабиёти, бадиий публицистика, адабий танқид, бадиий таржима, драматургия йўналишлари бўйича "Маҳорат дарслари"ни юқори савияда ўтказиб, "Устоз-шогирд" анъаналарини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган анжуманнинг натижаси хайрли бўлишига шубҳа йўқ.
Хўш, бу ҳақда семинар иштирокчилари қандай фикрда?..
Ушбу саволимизга жавоб олиш учун анжуман иштирокчиларига юзландик.
– Мен ушбу анжуманга Қорақалпоғистон Республикаси ёшлари ичидан саралаб олинган иштирокчилардан бири сифатида қатнашаётганимдан хурсандман, – дейди “Назм” йўналиши бўйича иштирок этаётган ёш шоира қиз Гўзал Жумамуратова. – Очиғи, бу ерга келиб, Зомин тоғларининг гўзаллигидан ҳайратга тушдим. Саратоннинг жазирама иссиғи авжига чиққан бир паллада бу гўшадаги салқинлик, мавжланиб оқаётган зилол сувлар, яшил арчазорлар бағридаги сирли гўзаллик ҳар қандай одамни мафтун қилиб қўймай, иложи йўқ, шекилли, худди эртаклардаги Боғи Эрамга тушиб қолгандек бўлдим, Бу ерда ижод қилмаслик мумкин эмас. Бутун дунёнинг ташвишларини йиғиштириб қўйиб, ижод, ижод ва яна ижодга шўнғигиси келаркан одамнинг. Бундай гўзалликлар ичида ижодкор инсонлар албатта гўзаллик яратади. Шундай жаннатмонанд жойда биз учун етарли шароитлар яратиб бериб, биз ёшларни қанотларим, деб улуғлаётган, ўзимизга бўлган ишончимизни ошириб, янги марралар сари чорлаётган Президентимдан миннатдорман.
Энди семинарнинг “Наср” йўналиши қатнашчиси, ёш носир Ўткир Бурхоновнинг фикрларига қулоқ тутамиз.
— 2025 йилги Зомин семинаридан олган таассуротларим мен кутганимдан ҳам зиёда бўлди. Мен бу семинарда наср йўналишида иштирок этдим. Айниқса, устозларнинг ҳар бир иштирокчи устида индивидуал ишлашлари, ҳар бир иштирокчининг фикр-мулоҳазаларини эшитиб боришлари ва тўғри йўналиш беришлари менга жуда маъқул келди, — дейди жиззахлик Ўткир Бурхонов. — Юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ўртасида фикр алмашиш имконияти мавжуд бўлди. Машғулотлар мобайнида ҳам ва машғулотлардан бўш вақтимизда ҳам адабиёт ҳақида турли хил суҳбатлар ўтказдик ва ўзаро фикр алмашдик. Бунда ҳар бир иштирокчи ўз асарини ўқиши ва уни бошқа тенгдошлари таҳлил қилиши, асарнинг ютуқ ва камчиликларини таҳлил қилиши, тақдим қилинган асарлар юзасидан қизиқарли баҳслар уюштирилиши натижасида ҳар биримизнинг адабиёт ҳақидаги қарашларимиз, шу жумладан менинг ҳам қарашларим бирмунча янгиланди: хатоларимдан тўғри хулоса чиқардим, ижод намуналарим устида янада кўпроқ ишлашим кераклигини англадим. Бундай хулосаларга келишимизга устозларимизнинг фикрлари, адабий сабоқлари сабаб бўлди. Улар бизга соф, ҳақиқий бадиий адабиёт қандай бўлиши кераклиги ҳақида амалий тавсиялар беришди.
Мазкур семинардан сўнг, мен ўз олдимга катта мақсад қўйдим. Халқнинг дарди, унинг қувонч ва ташвишлари билан яшаб, эл-юрт равнақига, халқ маънавиятини оширишга хизмат қилувчи асарлар ёзишга ҳаракат қиламан ва буни албатта уддалайман, дея ўз-ўзимга ваъда бердим.
Нигоҳимизни “Бадиий публицистика” йўналишида ижод қилаётган ғаллаороллик қизимиз Муслима Пардабоевага қаратамиз.
— Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, адабиёт – халқнинг юраги бўлса, миллий матбуотимиз – давр виждонидир. Президентимиз ташаббуси ва яратиб берган имкониятлари доирасида бошланган ва йиллар мобайнида давом этиб келаётган семинар ниҳоятда кўтаринки руҳда ўтди. Семинар доирасида юртимизнинг турли гўшаларидан келган ижодкорлар бир даврада жам бўлишди. Таниқли адиблар, адабиётшунос олимлар, публицист ва таржимонлардан иборат устозлар олиб борган маҳорат сабоқлари биз учун ҳақиқий мактаб бўлди. Зомин мактабидан олган сабоқларимиз – йўлларимизни ёритувчи йўлчироқ бўлишига ишонаман.
— 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида иштирок этиб, ҳурматли Президентимизга адабиёт туризмини ташкил қилиш ҳақидаги ўз таклифимни билдириш бахтига муяссар бўлдим, — дейди семинарнинг «Бадиий таржима» йўналишида қатнашаётган ёш таржимон Нилуфар Рухиллаева. — Чет элларда ўзбек адабиётини тарғиб қилиш учун миллий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга таржима қилиб, адабиёт туризми орқали миллий қадриятларимизни умуминсоний қадриятларга айлантириш орзуси билан яшаяпман.
Ҳа, ижодкор ёшларимизнинг орзу ва интилишлари юксак. Зомин мактаби сабоқлари уларнинг орзу-истакларига қанот берувчи чинакам МАҲОРАТ МАКТАБИ бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу ўринда Ўзбекистон Халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг семинар очилиши маросимида сўзлаган нутқидан бир парча келтиришни жоиз, деб билдим.
— Байрамлар байрамларга уланиб кетаётган ушбу қутлуғ кунларда биз катталар сизларга ҳавас билан боқиб турибмиз. Давлатимиз раҳбари сизларга катта умид ва ишонч билдириб, сиз азиз ёшларни олтинларим, қанотларим, деб улуғламоқда. Бугунги кунда сизлар учун очилган имконият эшиклари бизнинг давримизда туш каби эди. Бизнинг болалигимиз, ёшлигимиз пахта далаларида қолиб кетган. Ўқувчилик давримизнинг аксар қисмида ғўза чопиғи, пахта терими каби дала ишлари билан банд қилинганимиз учун, жуда кўп дарс соатлари ўтилмай қолиб кетарди.
Бугун сизлар шундай бахтли ёшларсизки, керакли билимларни қунт билан эгаллаб, ўзларингизни намоён қилишларингиз, яратилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдаланишларингиз учун вақт ҳам, зарур шарт-шароитлар ҳам мавжуд. Сизлардан фақат ўқиб-ўрганиш, олган билим ва кўникмаларингизни келажакда шу азиз Ватан тараққиёти, халқимиз фаровонлиги йўлида сарф этувчи асл фарзандлар бўлиб улғайишингиз талаб этилади.
Зеро, инсон фарзандининг бу ёруғ дунёдаги энг олий юмуши – ўзгаларга бахт улашиб, бахтга эришиш.
Шу ўринда Президентимиз ёнларида Умра сафарига бориб, муқаддас Каъбатуллоҳда гувоҳ бўлганим бир ҳодисани айтмасам бўлмайди. Ўша қутлуғ даргоҳда давлатимиз раҳбари Оллоҳга муножот қилар экан, қайта-қайта юртимизга тинчлик, халқимизга омонлик, бахт-саодат сўраб, «халқимга, халқимга, халқимга», дея илтижо қилавердилар. Шунда муфти ҳазратлари:«Ҳурматли Президент, ўзингизнинг оилангизга, фарзандларингизга ҳам сўранг, ахир», — деганларидан сўнггина, охирида ўз фарзандларига ҳам сўрадилар.
Халқ шоири Каъбатуллоҳда кечган ўша воқеани эслаш жараёнида кўзларига келган ёшни тўхтатиб қолиш учун бир муддат сукутга чўмди. Сўнг Ватан ва ёшлик тараннум этилган шеърларидан ўқиб берди.
Албатта, шоирнинг ҳаяжони иштирокчиларга ҳам юқиб, қалблар эзгулик нурлари ила поклангандай, Зомин тоғлари навқирон авлоднинг дилидан тилига чиққан ёшлик ва шодлик қўшиқларидан янада юксалгандай бўлди...
Айтгандай, яна бир иштирокчи Маҳлиё Хуррамова ҳақида айтишни унутай, дебман. Унинг фикр-мулоҳазалари, фалсафий қарашларини тинглаб, юртимиз келажаги ақлли, дунёқараши кенг ёшлар қўлида бўлишига ишонч ва умиддан юраклар ёлқинланади.
Қаранг, қандай фикрлайди бу зукко қизимиз.
— Баъзида инсонга ҳаракатдан тўхтаб, фикрлаш керак бўлади. Зомин айнан шундай макон. У ерга келган ёшлар, аввало, ташқи оламдаги шовқиндан, замонавий ҳаётнинг тезлигидан, ўзларининг жамиятга исботлашга қаратилган доимий курашидан бир муддат ажралишади. Бу ажралиш эса уларга ичкарига қараш имконини беради — ўз "мен"ини эшитиш, англаш ва тушуниш учун, — дейди Маҳлиё Хуррамова. — Зомин мактабининг энг катта ютуғи — бу ерда инсон бир шахс сифатида қадрланади. Биздан жавоб эмас, фикр сўралади. Биздан тўғри йўл талаб қилинмай, ўз йўлимизни топишимиз кутилади. Семинар – ёшларни тайёр ғоялар билан тўлдириш эмас, балки уларга саволлар бериш орқали ўз фикрларини шакллантириш макони.
Семинар давомида юрагимда аллақачон яшириниб юрган, лекин ифода топмаган фикрлар тилга кирди. Одам билан одам ўртасидаги чин дилдан бўлган суҳбат, устозларнинг самимий нигоҳи, тенгдошларнинг ҳаётга, ижодга, жамиятга оид чуқур қарашлари — буларнинг барчаси масъулият беради одамга.
Зомин — ёшлар онгида илдиз отаётган, лекин ҳали гулламаган фикрлар учун ҳосилдор замин. Бу ерда ҳеч ким сендан мукаммаллик кутмайди — лекин ичингдаги ҳақиқатга садоқат кутишади.
Зомин семинари менга — илҳом ва энг муҳими, ҳаракат қилишга ишонч берди. Бундан сўнг у ерда олган тажрибаларимни амалда қўллашни, ўз устимда мунтазам ишлашни режалаштиряпман.
Ижодимни янада чуқурлаштириш, ёзганларимни жамоатчиликка тақдим этиш, кўпроқ ўқиш ва ўрганиш — бу энг яқин мақсадларимдан. Шунингдек, семинарда танишган ёш ижодкорлар билан алоқа узмасдан, янги лойиҳаларда ҳамкорлик қилиш ниятидаман.
"Зомин" менга йўл кўрсатди, энди навбат — шу йўл бўйлаб қатъият билан юришимда!
Уч кунлик мушоиранинг давоми узун йўл бўйлаб, юртимизнинг ҳар бир гўшасига, ҳар бир хонадонига кўчиб, адабиёт зиёси қалбларимизни бирлаштиради, дея умид қиламиз.
Қутлуғ йўлга тушган йўловчилар, йўлингиз мунаввар бўлсин!
Меҳрибон АБДУРАҲМОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва
Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Сардобанинг сири нимада?
- Тошкентда «Иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви соҳаларида илғор тадқиқотлар» мавзусидаги халқаро илмий симпозиум ўтказилди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг