Андиша йўқолмасин

Халқимиз одобида андиша, деган фазилат бор. Бошқа ҳалқларда ҳам шу хислат бўлса бордир, бироқ бошқа хорижий тилдаги бир қатор сўзлар унинг моҳиятини тўлиқ акс эттира олмайди. Сўзни мисол билан ифодалаб, славян характерини мукаммал биладиган ҳамкасбим Владимир Полетаевга тушунтираман.
– Владимир Александрович, мисол учун сиз истиқомат қилаётган ҳовли ёки ишлаётган идора ёнига қўшниларнинг ахлат тўкишини билсангиз, ёши улуғ аёлни хижолатга қўймай, деб индамасангиз, сизнинг бу ҳаракатингизни миллатдошларингиз нима деб аташарди.
В. Полетаев тушунмадим, дегандек елка қисади. Халқимизнинг мулоҳазакорлиги, босиқлиги туфайли аламини ичига ютишидан яна бир қанча мисоллар келтираман.
– Албатта, мен қози эмасман, – дейди Полетаев пинагини бузмай. – Лекин буни қўрқоқлик деб ҳисоблайман. Бошқа тарафдан номардликдан бўлак нарса эмас.
Халқимиз чинданам ориятли – адолатсизлик суяк-суягидан ўтиб кетса ҳам андишага боради. Баъзан нимадандир ёки кимдандир ёзғириб, атрофдагиларни безовта қилганларни ношукр санаб, кўпам хушламаслик ҳолати ҳам ўзбекчиликка хос. Шундан бўлса керак, бирор муаммога дуч келдими, таниш-билиш ва бошқа йўсинлар билан ҳал этишга уриниши бор гап.
Мамлакатимизда инсон омили ва унинг манфаатлари юксак қадрият даражасига кўтарилди. Барча ҳаракатлар унинг эртанги кунга мустаҳкам ишонч билан фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга йўналтирилди. Давлат раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони асосида барча давлат идораларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш фаолияти қайта кўриб чиқилиб, сайёр қабул кўринишидаги учрашув ва мулоқотларни ўтказиш йўлга қўйилди. Ҳақли талаб қаноатлантирилиб, узоқ йиллик муаммолар бартараф этилди.
Биргина Навоий мисолида олсак, яқин саккиз йилда уй-жойли бўлган қарийб 40 минг оиланинг салкам 800 тасини ногирон ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлам вакиллари ташкил этади. Мураккаб жарроҳлик операциялари вилоятнинг ўзида амалга оширилиб, ўтган йилда 1358 нафар бемор юқори технологик операциялар ўтказилиши натижасида дарддан фориғ бўлишди. Болалар миллий маркази билан биргаликда 59 нафар болада юрак туғма нуқсонлари операция йўли билан бартараф этилди. Навоий, Зарафшон шаҳарларида буйрак трансплантацияси муваффақиятли амалга оширилди. Шифо истаб марказий ва хорижий клиникаларга мурожаат этиш эҳтиёжлари кескин камайди.
Етти-саккиз йил аввал “Халқ қабулхоналари”га ёпирилган фуқаролар асосан юқорида биз санаган муаммолар билан келар, табиийки уларга бирваракай ечим топиш мушкул эди. Амалдаги қонун талабларига мос келмайдиган мурожаатлар рад этилиб, норози бўлса, юқори турувчи идорага шикоят қилиш ҳуқуқига эгалиги ҳақида тушунчалар берилди.
Таҳририятимизга Кармана туманида истиқомат қилувчи Салима Собировадан келган мурожаат шулардан бири бўлиб, унда фуқаро турмуш ўртоғи номидаги ва айни пайтда ўзи яшаётган хонадонга рўйхатдан ўтишига ёрдам сўрайди. Бир қарашда хамирдан қил суғургандек осон ҳал этилиши лозим бўлган масала. Бироқ мазкур талабнинг қаноатлантирилиши иккинчи томон, яъни мурожаатчининг турмуш ўртоғи Ҳикмат Обидовнинг ҳақ-ҳуқуқини поймол этишини инобатга олсак, масаланинг нақадар чигаллиги ойдинлашади.
Уни қисқагина баён этсак, Ҳ. Обидов ва С. Собирова 2014 йилда турмуш қуришган. Унга қадар Ҳикмат Комила Сафарова билан оила қуриб, икки нафар фарзандли ҳам бўлишган. Комила оғир касалликдан сўнг вафот этгач, Ҳ.Обидов Салимага уйланади. Орадан бир йил ўтиб, оилада эгизаклар дунёга келади. Оилада фарзанд дунёга келиши, албатта чексиз қувонч. Айниқса, икки нафар ва ундан зиёд эгизакларнинг туғилиши неча йил, неча юз оилада бир бор рўй берадиган ҳодиса. Мазкур оила қувончига Салима ишлаган корхона ҳам шерик бўлиб, икки ўринли болалар аравачаси совға қилади. Туман ҳокимлиги бир бош соғин сигир, бошқа рўзғор буюмларини суюнчи сифатида топширади. Туман тиббиёт бирлашмасининг бош шифокори, унинг ўринбосари туман хотин-қизлар қўмитаси раиси эгизаклар ва онанинг ҳолидан тез-тез хабар олиб, имкон даражасида кўмаклашади. Албатта, буларнинг барчаси лавозим тақозосигина эмас, балки халқимизга хос меҳр-оқибат, ташвишларга елкадошлик ифодасидир.
Ҳаёт эса бир маромда кечмайди. Баъзан оиладаги қувончни саноқли дақиқаларда нохушлик эгаллаши мумкин ёки аксинча. Хуллас, рўзғордаги келишмовчиликларнинг бирида Салима Ҳикматга эгизакларнинг биологик отаси у эмаслигини маълум қилади. Оила қўрғонига дарз кетади.
Ҳикмат Обидов Салима билан бугун ҳам бир ҳовлида яшайди. Уни ҳайдаб солмаган, ғавғо қилмаган, шунчаки ҳовлисининг бурчагидан бир уй, бир даҳлиз ажратиб берган. Мурожаатчи бугун ушбу ҳовлида рўйхатдан ўтказишларини талаб этиб, турли идораларга арз қилмоқда. (таҳририятдан: мазкур мурожаат ортида фуқаронинг тақдири, эгизакларнинг келажаги турганлигини инобатга олиб, исми шарифлари ўзгартирилди).
Оила мураккаб хилқат. Жамиятнинг ушбу энг қўйи бўғинида зиддиятлар барча давр ва барча мамлакатларда учраб туради. Қолаверса, у билан боғлиқ муаммоларни ечишнинг ягона йўли ҳам мавжуд эмас. Мазкур ҳолатга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қонуний баҳо бериб, нуқта қўйишлари аниқ. Биз эса масаланинг инсоний, ахлоқий жиҳатларига эътиборимизни қаратмоқчимиз. Шу мақсадда Ҳикмат Обидовга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик. У генетик экспертизага мурожаат қилмаганлигининг сабабини собиқ турмуш ўртоғи инкор этмаётган нарсани экспертизагача олиб бориб, элга овоза қилишни ўзимга эп кўрмадим, дея изоҳлади.
— Ҳовлидан чиқариб юборсам, уч бола билан борадиган жойи йўқ, — дейди Ҳ. Обидов. — Болаларга ачиндим. У бўлса, энди рўйхатдан ўтиб, мен билан уй талашмоқчи. Бунисиям майли, рўйхатдан ўтай, эрга тегиб шу уйда эр-хотин яшаймиз, дейди.
Бунга яна бир мисол. Ушбу ҳолат вилоятдаги умумтаълим мактаблардан бирида содир бўлди. Мактабнинг битирувчи қизлари хонадонлардан бирида сумалак тайёрлашади. Ушбу тадбирга онаси қилдан қийиқ ахтариб, жанжал кўтарадиган синфдош дугоналаридан бирини қўшишмайди. У эса хабар топиб, бутун соҳа мутасаддиларини оёққа қўяди. Мактаб директори қизнинг онасидан синфда дўстона муносабатлар барқарорлигини таъминлай олмагани учун бош эгиб кечирим сўраттирилди. Шу йўл билан дўстона муносабат таъминланадими, деган савол ҳеч кимни ўйлантирмайди ҳам. Сиртга чиқаришга эса андиша изн бермайди.
Андишали киши ўз озори эвазига бўлса-да обрў-эътиборини иҳоталайди, ҳимоя қилади. Андишасизлар кўра била туриб, наинки одоб ахлоқ меъёрлари балки амалдаги қонунни менсимайди. Бироқ, шунга қарамай чўкаётган одам хасга ёпишади, деганларидек жавобгарликдан бўйин товлаш ва жазодан қутулиб қолиш мақсадида турли уйдирмалар ўйлаб топиб, бировни маломат қилишга уринадилар. Уларнинг хатти-ҳаракатларини маъқуллаб, ҳа баракалла, дея "овоз" йиғишга муккасидан кетган ижтимоий тармоқлар “шоввоз”ларини айтмасак ҳам ҳамма билиб қолди. Бугун миллиард сўмдан ошиқ ёки 150 минг доллар алимент тўлаётган отанинг “қаҳрамон” даражасига кўтарилиши шу каби муносабат ҳосиласи.
Аслида ҳамма нарса қайси ракурсдан туриб, кузатишга боғлиқ. Туяга тепадан қарасанг, ўқдай тўғри кўринади. Ёнидан эса “ўзи қаерим тўғри”, деганиям рост. Кимдир уни “саҳро кемаси” деб мақтаса, бошқа биров “йилдан қолган туя” дея масхара қилади. Карвон эса ўтаверади.
Андишасизларга яшаш осонроқ. Мисол учун ишда мунтазам “прогул” қиладиган ходим аввалига раҳбарни йиғилишларда икки-уч бор танқид қилади, кейин у ер бу ерга ёзади. Мабодо у аёл киши бўлса, раҳбар сену менга боришдан андиша қилади. “Прогул” қилсаям, рағбатлантиришдан қуруқ қолмайди.
Бугун айрим телеканаллар орқали намойиш этилаётган сериаллар назаримизда ўзбек аёли фитратидан андишани сиқиб чиқармоқда. Оилада, иш жойида, кўчада бу каби сериалларни деярли ҳар куни учратиш мумкин. Миллатимизга хос бўлган хулқнинг ажойиб кўриниши андиша ҳақида эса ҳеч ким ёзмайди. У бугун қўрқоқлик аломатига чиқарилган.
Темур ЭШБОЕВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг