Амирнинг ушалмаган армони

ХХ асрда, аниқроғи, Совет ҳокимияти йилларида адолатсиз сиёсат, инқилоб, тўнтаришлар ва қатағонлар туфайли кўплаб юртдошларимиз кўзда ёш, юракда чексиз алам ва ўкинч билан она-Ватандан айро тушди. Аччиқ тақдир улар пешонасига ватангадолик азоб-уқубат ва машаққатларини битди. Ўзбекистонни ўтган асрнинг 30-йилларида 8 ёшлигида тарк этган, бир умр Саудия Арабистонида яшаган Мўминжон Андижоний ватанига йўллаган мактубларидан бирида:
Ғурбатда агар етса ўлим гул баданимга,
Қабримни қазиб нашимни юлса, кафанимга,
Тобутим юксак ера бир лаҳза қўйинглар,
Шояд етишур бўйи Ватан бу жасадимға
деган мисраларни бежиз битмаган.
Ватаннинг бир кафт тупроғини кўзига суртиш армонида дунёни тарк этган миллатдошларимиз хорижда камбағал яшамади. Улар салоҳият, илм, ақл-идрок, чидам ва ирода, меҳнатсеварлик, ҳалоллик туфайли ўзга элларда ҳам тўқ ва фаровон умр кечирди. Муҳожир ўзбекларнинг кекса авлоди вакиллари билан мулоқотлар чоғида «Орамизда гадо ва қашшоқлар, бизга садақа қилинг, яхшилар» деб юрувчи бирорта ҳам тиланчи йўқ. Биз фақат Ватан гадосимиз» деган сўзларни эшитганим бор.
Ватангадолик тақдири Бухоронинг сўнгги амири Сайид Олимхонни ҳам четлаб ўтмади. Амир большевиклар ва Қизил Армия қисмлари билан муросасиз жангларда енгилди. 1921 йил март ойида бир қатор амалдор ва аёнлари билан қўшни Афғонистон ҳудудига муҳожирликка ўтди.
Совет мафкураси асосида ёзилган китоб ва адабиётларда Амир Олимхон 23 йил давомида (1921-1944 йй) гадо ва қашшоқликда яшади. Унга тузалмас касаллик ёпишди. Умрининг охирида «вос-вос» касалига дучор бўлиб, ақлдан озди. Хор-зорликда бу дунёни тарк этди қабилидаги тарих ҳақиқатидан йироқ уйдирмаларни ўқиш мумкин.
Аслида афғон заминида Амир Олимхон камбағал ва қашшоқ бўлиб қолмаган эди. У амирликнинг тилларда достон хазинасидан Афғонистонга олиб ўтган олтин, кумуш, гавҳар ва бриллиантлар ҳисобидан ўша даврда савдо айланмаси 1 миллион олтин сўм бўлган заргарлик дўкони очганди. Амирни излаб кейинчалик Қобулга етиб келган аёнларидан бири Ҳожи Мирзо девонбеги Бухоро амирлиги хазинасида сақланган, олтин ва жавҳарлар билан безатилган қимматбаҳо тожларни Сайид Олимхонга келтириб топширгани ҳам маълум. Бу каби олтин тожларга Амир Олимхон Қобулда яшаган Фатуҳ боғига ўхшаган шинам масканларнинг ўнтасини сотиб олиш мумкин эди. Амирнинг вакили Тўрақул даллол томонидан Пешовар банкига қўйилган пулларнинг бир қисми ҳам унинг ҳисобига ўтганди. 1928 йилда Амир Швейцария банкидаги пулларини олишга урингани, ўз вакилини Женевага юборганлиги ҳам маълум.
Хуллас, Сайид Олимхон Совет даври адабиётларида ёзилганидек, муҳожирликда қашшоқ ва гадо бўлиб қолган эмас.
Бироқ унинг Бухорои шарифни, аждодлардан мерос Ватанни соғиниб, она-юрт ҳавосидан лоақал бир марта тўйиб нафас олиш умиди билан яшагани айни ҳақиқат.
Амир Совет ҳокимияти пойдевори мўрт давлат, кўп ўтмай қулайди. Ватанга қайтадиган кун келади, деган умид ва ишонч билан умргузаронлик қилган. Ҳатто, охирги нафасигача, бухороча либосини ечмай, давраларда, тўй-ҳашамларда, байрамларда миллий кийимда юрган. Афғонистонда 1919–1928 йилларда ҳукмронлик қилган Амир Омонуллохон афғонларнинг мустақиллик байрами (Жўшон)га амирни таклиф этганида у бухороча кийимда борган. Афғонлар ундан европача кийиниб келишни сўрашган. Бундай таклифдан аччиқланган амир қайта-қайта таклиф қилишларига қарамай кейин Жўшон байрами тадбирларида иштирок этмаган.
Амир Олимхон умрининг сўнгги йилларида Ватан соғинчи суяк-суягидан ўтган. Биз бунга ўз вақтида афғонистонлик кексалар билан мулоқотлар давомида амин бўлгандик. Хотираларда айтилишича, Амир ватани ва уч фарзанди – Султонмурод, Шомурод, Райимни соғиниб кўзига ёш олиб турган.
Айтмоқчи, Амирнинг Афғонистон пойтахти Қобулда турли хотинларидан 16 ўғил ва 21 нафар қиз, жами 37 фарзанди дунёга келган. 1931 йилда таваллуд топган ўғилларидан бири Сайид Мансур Олимий ўзининг «Бухоро–Туркистон бешиги» номли китобида отаси умрининг охирида ватангадолик деган бедаво дардга дучор бўлганлигини қайд этган. Амир кўзлари ожиз бўлиб қолсада, ўғилларидан Амударё бўйига олиб боришларини сўраган. Ўша ердан туриб, қўл етмас манзил – она-юрт томон узоқ вақт термулиб туришни хуш кўрган. Вафотидан олдин Бухорои шарифнинг ширин-шакар меваларини соғиниб, Ғурбин анорини кўп эслайдиган бўлиб қолган.
У 1943 йилнинг кузида (ўлимидан бироз олдин) Афғонистон давлатининг бош вазири Аҳмадшоҳ қабулида бўлган. Ўшанда у вазирга «Афғонистонга келганимга 23 йил бўлди. Шу давр ичида кўп ғурбат ва мусибатларни бошимдан кечирдим. Лекин Ватан ёди бир муддат ҳам қалбимни тарк этмади. Ватан ёди билан яшадим. Ватан ёди билан ўламан» — деган экан.
Бухоро амири Сайид Олимхон Совет ҳокимиятига мутасаддиларидан Ватанга қайтаришни сўраб бир неча бор мурожаат қилган. Афғонистондаги айрим ўзбек муҳожирлари Бухоро амирлиги ҳудудидан ўзига битта вилоят ажратиб беришларини сўраганлигини ҳам айтишади. Аммо И.В.Сталин (1878-1954) унинг барча мурожаатларини эътиборсиз қолдирган.
Хуллас, Амир Сайид Олимхон муҳожирликда бир умр Ватан меҳри билан яшади, унинг пешанасига Ватан дея Ватансиз қолганлар қисмати битилди.
Шодмон ҲАЙИТОВ,
Бухоро давлат университети ўқитувчиси,
тарих фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг