Амир Темур ҳақида янги роман
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими ташаббуси билан таниқли адиба Шарофат Ашурова қаламига мансуб «Илоҳий тун» романи нашрдан чиқарилди. Мазкур романда Амир Темур ҳазратларининг ўсмирлиги, ёшлиги, яъни 30 ёшгача Қарши ва Шаҳрисабзда кечган ҳаёти қаламга олинган. Ўз даврида Мовароуннаҳр пойтахти бўлган Қаршининг мўғуллардан тозаланиши ва мустаҳкам қалъа қурилиши ҳақида ҳикоя қилинади.
Асар ўтган аср 80 йилларида ёзилган бўлиб, нашриётларда саргардон юрган. 1995 йилда академик Бўрибой Аҳмедов раҳбарлигидаги Амир Темур фаолиятига доир асарлар комиссияси томонидан чоп этишга тавсия этилган. 1996 йилда 10 минг нусхада романнинг бир қисми қисса ҳолида чоп қилинган.
Унинг саҳифаларида ҳеч бир асарда қаламга олинмаган воқеалар, Шайх Шамсуддин Кулол, Темурбек, Комолой, Тарағай Баҳодир, Амир Қазоғон, Али Насафий, Довурбек, Йўқон Хотун, Ҳусайн, Абдулла, Мубашир, Нурмуш оқа каби ёрқин образларда ўша давр қиёфаси чуқур талқин этилган. Темурбек ва дўстлари бошига тушган бало-қазолар, пири муршидларнинг босқинчиларга қарши халқ ғалаёнларига раҳбарлик қилиши, ғалаба келтирувчи жангларга тайёргарлик даври ўзига хос бадиий бўёқларда тасвирланган.
Тошкент шаҳридаги «Очун» нашриётида минг нусхада нашр этилган китобга академик Акмал Саидов кириш сўзи ёзган. «Шарофат Ашурованинг мазкур романи мухлислар қўлига етиб бораркан, асарда талқин этилган қаҳрамонлар ибрати, айниқса, ёшларимизда катта ижобий таассурот қолдиришига ишончим комил. Амир Темур ҳазратларининг миллат эрки, тили, озодлиги, халқимиз шаънини кўтаришда ёшларга ибрат бўлгулик кўплаб фазилатлари, яъни ҳарбий салоҳияти, дўстга садоқати, муаммоларни тез ва режали ҳал этишдаги қобилияти, сезгирлиги, жасурлиги, сарбозларига ишониши, ортидан эргашган инсонларни ора йўлда қолдириб кетмаслиги каби қадриятлар зукко китобхон эътиборини қозониши тайин», дея қайд этади сўзбоши муаллифи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Ўтган баҳсда концентрация бироз жойида эмас эди. Шу сабабли “жиннича” хатоларга йўл қўйдик” — Фабио Каннаваро
- АҚШ мудофаа харажатлари туфайли НАТО бўйича иттифоқчиларини ҳимоя қилишдан воз кечиши мумкин
- Бен Кингсли иштирок этган Ислом цивилизацияси маркази ҳақидаги фильм New York Festivals 2026 финалига йўл олди
- Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан телефон орқали мулоқот қилди
- Тошкентда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича Жаҳон кубоги босқичи старт олди
- «Дронлар дуэли» ёхуд Украинадан Эронгача бўлган синов полигонларида шаклланган янги дунё тартиби
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг