Алишер Навоий Карманада бўлганми?

18:06 06 Февраль 2026 Жамият
430 0

Кармана юртимизнинг Буюк Ипак йўлидаги қадим манзилларидан. Дастлаб саккизинчи асрга тааллуқли тарихий манбалардагина тилга олинган бўлса-да, сўнгги тадқиқотлар шаҳар милоддан олдинги биринчи минг йилликда пайдо бўлганлигини тасдиқлади.

Не-не босқину истилолар, ободлик ва рўшноликларни бошидан кечирган шаҳар ўтмишини унинг ғарбидаги Сардоба ҳамда туташ Работи Малик карвонсаройларидан айрича тасаввур этиш мушкул. Мазкур обидалар ўн биринчи асрга тегишли бўлиб, қурилиш материалларидаги бир хиллилик улар деярли бир даврда бунёд этилганлигидан далолат беради.

— Сардоба ва Работи Малик карвонсаройлари ўтмишда ҳукмдорлар шаҳар ташқарисида бунёд этган иншоотлардан бири бўлиб, бу ниҳоятда камдан-кам учрайдиган ҳолдир, — дейди ўлкашунос олим Рамазон Эгамов. — Ҳар иккала қурилишда ҳам ўз замонаси меъморчилиги ва сув тозалашнинг сўнгги ютуқлари жамланган. Хусусан Сардобадаги сув икки қатор саксовулнинг писта кўмири, бир неча бор туя жуни тўшамалари ва гил орқали сизиб ўтиб, тозаланиб тўпланиши, кейинчалик шамол йўналишларининг аниқ ҳисоб-китоблари асосида қурилган туйнуклар орқали салқинлаштирилиши ўша даврда аждодларимиз яратган кимё, физика, геометрия ва тупроқшунослик фанлари ютуқларининг самарасидир.

Албатта, мазкур ютуқлар “Самарқанди фирдавсмонанд”га сафар чоғида ҳазрат Навоий ўз достонларида тараннум этган Қоран тоштарошлиги, Боний меъморчилигию, Моний наққошлигини тасвирлашга Карманадаги Сардоба ва Работи Малик каби муаззам иншоотлар илҳом бермаганмикин, деган фикр туғилади.

Ҳазрат Навоийнинг Ҳиротдан Самарқандга сафар йўли ва шоирнинг Карманада бўлган ёки бўлмаганлиги ҳақида бирор-бир манба ёхуд бирор бир аниқ маълумот йўқ, — дейди навоийшунос олим Тоҳир Хўжаев. — Бироқ илмий тадқиқотларда бундай шароитда назарий жиҳатларга устуворлик берилади. Транзит йўллар бўйлаб шаклланган карвонсаройлар одатда “работ” деб номланган ҳамда у ерда нафақат савдогарлар ва уларнинг уловлари, балки зиёратчилар, саёҳатчилар давлат арбоблари ва элчилари ҳам тўхтаб ўтишган. Ўша даврда Кармана Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаси бўлганлиги, Сардоба ва Работи Малик каби юксак инфратизимга эгалигини инобатга олиб, ушбу тахминни илгари суриш мумкин.

Хуллас, сафар қайси йўл орқали бўлмасин, Иккинчи уйғониш даврининг чўққисида бўлган Мовароуннаҳр турли меъморий иншоотлар – масжид ва мадрасалар, хонақоҳ ва карвонсаройлар, боғ ва мафтункор иморатлар ҳамда бир қатор зийнатли ва дилкушо манзиллар улуғ бобокалонимиз дилида эстетик ҳис-туйғуларни янада юксалтириб, ижодий илҳом берганлиги аниқ. Эҳтимол, йўл-йўлакай Маликчўл ва Қизилқум чўлликларидан ўтаркан, шоир мазкур биёбонларда ҳам гўзал кентлар қад ростлашини орзу қилиб, уни кейинчалик ўз достонларида тараннум этган бўлса не ажаб!

XX асрда ушбу заминда ҳазрат номи билан аталувчи шаҳарнинг яратилиб, шарофатли йилларда чинакам чирой очаётганлиги эса бугуннинг ҳақиқати. Шоир сиймоси, фалсафасига юксак эҳтиром мазкур гўшадаги кадамжолар ва меъморий обидалар ободлиги ва унинг муаззам ҳайкали тикланиши билан тўкислик касб этди. Не-не улуғ сиймолар нигоҳи тушган осори атиқалар асл ҳолига келтирилди.

Шу ўринда ушбу заминда тарихнинг такрорланиб, яна бир эврилишга диққатингизни тортсак. Бугун ушбу манзилда минтақалараро аҳамиятга молик аэропорт тикланиб, халқаро логистика марказига асос солинган. Мағрибу Машриқни боғловчи ҳаво йўлларидаги карвонлар эндиликда ушбу манзилда бир муддат тўхтаб, нафас ростлайди. Дарвоқе, шарқшунос олим И.И.Умняковнинг таъкидлашича, Работи Малик карвонсаройининг пештоқига куфий ёзувда “Жаҳон султони ушбу гўзал ва шинам бинони халқнинг тўхтаб дам олиши учун барпо этган. Бу карвонсарой Худонинг марҳамати бўлиб, улуғворлигини ўзида сақлаб қолган. Бу гўзал бинонинг майдони ва айвони жаннатмакон жойга айланган...” деган сўзлар битилганини ўқишга муваффақ бўлган.

Яқинда мамлакатимиз раҳбари Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда авиация корхоналарини трансформация қилиш юзасидан тақдимот билан танишиб, унинг салоҳиятини ошириш борасида бир қатор вазифа ва чора-тадбирларни белгилади. Албатта, ушбу қўнимгоҳ яқин келажакда минтақанинг муҳим манзилларидан бирига айланиб, келажак авлод унинг ўтмишидан буюк сиймоларнинг изларини излаш имкон яратади.

Темур ЭШБОЕВ

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?