Алишер Навоий ғазаллари чуваш тилида янгради
Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консули Фариддин Насриев Чуваш Республикасига амалий сафар қилиб, Россиянинг мазкур минтақаси раҳбарияти, ишбилармон доиралари вакиллари билан музокаралар олиб борди, ўзбекистонлик талабалар ва ватандошлар билан учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Чебоксари шаҳридаги Халқлар дўстлиги уйида Бош консулхона, «Чуваш Республикасининг Ўзбек маданий маркази» жамоат ташкилоти ва Чувашия халқлари ассамблеяси ҳамкорлигида буюк шоир ва давлат арбоби Мир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган навоийхонлик кечаси уюштирилди. Тадбирда давлат ва жамоат тузилмалари вакиллари, ўзбекистонлик талабалар, ўзбек диаспораси фаоллари иштирок этди.
Анжуманни Россия Давлат Думаси депутати Леонид Черкесов кириш сўзи билан очди. У ўзбек ва чуваш халқлари ўртасидаги азалий ришталар, Ўзбекистон ва Чувашия ўртасидаги маданий ҳамкорлик истиқболлари ҳақида фикр юритди. Депутат Алишер Навоий ғазаллари чуваш тилига таржима қилингани, улар севиб мутолаа қилинишини таъкидлади, таржима жараёнида кўрсатилган кўмак учун Бош консулхона вакилларига миннатдорлик билдирди.

Бош консул Фариддин Насриев, ўз навбатида, турли соҳаларда Ўзбекистон — Россия ҳамкорлиги ривожланиб бораётганини қайд этди. Тадбир Чувашия Халқлар дўстлиги уйида ўтказилаётгани ўзбек ва чуваш халқлари ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига ҳисса қўшишини таъкидлади. Бундай учрашувлар Ўзбекистон ва Чувашия ўртасидаги дўстлик йил сайин мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далили бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда адабий кечани ташкил этишдаги фаол кўмаги учун Ўзбек маданий маркази раҳбари Абдували Эргашевга мамлакатимиз Бош консулхонаси ҳамда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат вазирлиги номидан миннатдорлик хати ва эсдалик совғалари топширилди.
Россия мусулмонлари маънавий ассамблеяси вакили Азиз Аббосов Чуваш Республикасининг Ўзбек маданият маркази фаолиятини ижобий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, мазкур жамоат ташкилоти икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш учун мустаҳкам кўприк бўлиб хизмат қилмоқда.

Буюк ўзбек шоири ва давлат арбоби Алишер Навоий ғазаллари чуваш тилида янгради. «Сарпике» ва «Ялкин» халқ рақс ансамблларининг концерт дастури тадбир иштирокчиларига хушкайфият бағишлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «E-ekspertiza» платформаси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш тартиби тасдиқланди
- Нодавлат суд-эксперти сифатида фаолият юритиш янада соддалаштирилади
- «Истанбул Башакшеҳир» меҳмондан ғалаба билан қайтди
- Украинанинг уч вилоятида портлашлар қайд этилди. Қурбонлар бор
- Бу йил Ўзбекистон Пролигасида 14 та жамоа иштирок этади
- Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳрида Тинчлик кенгашининг дастлабки йиғилишида иштирок этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг