Ахборот-кутубхона марказига 100 миллион сўмлик китоб совға қилинди

13:35 23 Апрель 2025 Жамият
99 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». «Ўзбекистон — китобхонлар юрти» шиори остида бўлиб ўтаётган V республика «Китобхонлик ҳафталиги»ги Ёзёвон туманида ҳам ўзига хос эзгу ташаббуслар билан бошланди.

Туман ахборот-кутубхона марказида ўтказилган тантанали тадбирда ёзёвонлик ёзувчи-шоирлар, фахрий ижодкорлар, маънавият соҳаси фидойилари ҳамда фаол китобхонлар қатнашди.

Ёзёвон тумани ҳокими Дилшоджон Жалилов тадбир иштирокчиларини китобхонлар байрами билан табриклади. Ўзининг севимли китоблари, хусусан, болаликда мароқ билан ўқиган Саид Аҳмаднинг «Уфқ» романи ва ўзбек адабиётининг бошқа ноёб дурдона асарлари ҳақида хотираларни эсга олди.

Китобхонлик байрами турли викториналар, ёш санъаткорларнинг чиқишлари билан янада файзли ўтди. Ахборот-кутубхона маркази томонидан иштирокчиларга янги китоблар совға қилинди.

— Ҳафталик доирасида туман ҳокимлиги томонидан марказимизга 100 миллион сўмлик китоблар олиб берилиши ҳақидаги янгилик барчамизни беҳад севинтирди, — дейди Ёзёвон тумани ахборот-кутубхона маркази раҳбари Мусожон Охунов. — Дарҳақиқат, инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёс. Кутубхона фонди бойиб, янги адабиётлар, ўқув-услубий қўлланмалардан фойдаланиш имконияти яхшиланиши ёзёвонлик китобхонлар, бевосита янги авлод вакиллари учун айни муддао бўлади.

Шу боис ҳафталик доирасида юртимизнинг таниқли ёзувчи-шоирлари билан учрашувлар ҳамда янги китоблар тақдимотларини ўтказишни мақсад қилганмиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?