Аҳоли кайфиятининг ойнаси

15:59 18 Май 2020 Жамият
1231 0

Электр энергияси таъминотидаги беқарорлик яқин ўтмишимизнинг оғриқли нуқталаридан бири эди. Албатта, бунинг бир қатор сабаблари бўлиб, аслида улар кўп ҳам тилга олинмас, аксинча истеъмолчи қарздорлиги доим рўкач қилинарди.

Икки-уч йилдирки электр энергияси таъминоти анча эпга келиб қолди, бинобарин “узилишлар” сабаби ҳам рўй-рост айтилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. Зеро, мамлакатимизда инсон манфаати устувор тутилиб, истеъмолчиларга узлуксиз электр энергияси етказиб бериш фуқаронинг бугундан розилиги, эртанги кунга ишончи гарови сифатида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Республикамиз Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йиллар даврида паст кучланишли электр тармоқларини модернизация қилиш ва янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дасутриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Қарорга кўра “Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ ҳамда унинг таркибидаги тузилмалари томонидан 2020 йил режасига асосан 652,0 км электр узатиш тармоқлари ва 88 дона трансформатор пунктларини модернизация ва янгидан қуриш ишлари режалаштирилган.

Ушбу синовли кунларда ҳам корхона ишчи мутахассислари карантин ва санитария-гигиена қоидаларига риоя қилган ҳолда белгиланган чора-тадбирлар доирасида иш олиб бордилар.

Хусусан, вилоятда аҳоли сони энг кўп бўлган Хатирчи туманида шу йилнинг биринчи чорагида 24,5 километр ҳаво электр узатиш тармоқларини янгидан қуриш, 11та трансформатор пунктлари ҳамда 300 зиёд темир-бетон таянчларини ўрнатиш режалаштирилган эди. “Олмазор”, “Бунёдкор”, “Янги” маҳаллаларида 172та темир-бетон таянч ўрнатилиб, 5 трансформатор пунктлари янгиланди. Шунингдек, 4,5 км СИП русумли кабел тармоғи ва 10 кв.ли АС кабеллар тортиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. “Буғирдоқ” қишлоғида эса 4 километр ҳаво электр узатиш тармоқларини тортиш, иккита трансформатор пунктини ўрнатиш ва эски сим ёғочларни алмаштириш ишлари якунланди.

Электр энергияси хонадонларда ойдинлик, иқтисодиётимизда барқарорлик омили. Шу билан бирга аҳоли хушкайфиятининг гарови ҳамдир. Мазкур мезон қандай шароит бўлмасин, хоҳ ташвишли, хоҳ хушнуд кунлар бўлсин, ўз кучида қолаверади.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер