Агрокластерлар: Барча бирдек манфаатдор бўлган келажакни яратади

22:29 08 Февраль 2021 Кластер
1424 0

Тараққиёт бир зум тўхтамайди. Унга эришиш учун илғор ғоя ва ташаббусларни амалиётга дадил татбиқ этиш лозим. Тўғри, янгилик жорий қилинган жойда унча-мунча камчилик ҳам учрайди. Бу — табиий ҳол. Аммо ривожланиш натижаларини таҳлил қилмай, бир томонлама фикр билдириш ҳаракатланиб кетаётган ғилдиракларга чўп тиқиш билан баробардир.

Гап, аграр соҳани модернизация ва диверсификация қилишга устувор аҳамият берилаётгани ҳақида кетмоқда. Эътироф этиш жоиз, давлатимиз раҳбари ғояси асосида сўнгги йилларда қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлашнинг занжирли усулига асосланган кластер тизими пайдо бўлди. Хўш, бунинг аҳамияти нимада?

Экспертларнинг таъкидлашича, кластерларни шакллантиришдан мақсад — шаҳар, туман ва вилоят ичида жойлашган бир хил соҳа корхоналарини ҳамда улар билан ягона технологик занжирда бўлган таълим, илмий, муҳандислик, консалтинг, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва бошқа хизматларни уйғунлаштиришдир. Шу асосда инновацион ишлаб чиқариш ташкил этилади ва рақобатбардош товарлар яратишнинг яхлит платформаси юзага келади. Энг муҳими, бу жараёнлар аҳолининг бандлик даражасини таъминлашда катта аҳамият касб этиши қатори турмуш даражасини ҳам оширишга хизмат қилади. Мазкур тизимда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча мутахассислар — деҳқонлар, олимлар, инженерлар, агрономлар, иқтисодчилар, ветеринарлар, олий ва ўрта махсус таълим ўқув юртлари ўқитувчилари, талабалари, илмий ходимлар, хуллас, барча бир ёқадан бош чиқариб, ягона мақсад сари интилади.

Бинобарин, мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — «драйвер»ига айланди. Буни биргина пахтачиликда ҳосилдорлик бир йилда ўртача 10 фоизга ошгани, пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилингани ҳам яққол тасдиқлади. Бундай салмоқли натижаларга эришишда кластерларнинг ҳиссаси жуда катта бўлди.

Шундай экан бугун нафақат агросаноат мажмуи, балки у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқлар истиқболи кластер услуби билан боғланаётгани бежиз эмас.

Бунда соҳанинг қонунчилик пойдевори яратилиб, такомиллаштириб борилаётгани ҳал қилувчи аҳамият касб этяпти, албатта. Зеро, шу асосда тармоқда фаолият юритаётган барча инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла кафолатланмоқда, кластерлар давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай агробизнес муҳити яратиляпти. Ўтган йили Президентимиз томонидан 12 та Фармон ва 30 дан ортиқ қарор қабул қилингани, уларнинг ижроси сўзсиз таъминланаётгани бунинг тасдиғидир.

Лекин шуни айтиш жоизки, охирги йилларда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Яқинда парламент қуйи палатаси томонидан «Деҳқон хўжалиги тўғрисида»ги Қонун янгитдан қабул қилинди. Унда деҳқон хўжалигига бундан кейин ижарага бериладиган ер майдони минимал 0,06 гектар ва максимал 1 гектаргача, ижара муддати эса боғдорчилик ва узумчилик учун — 50 йил ҳамда сабзавотчилик ва полиз учун — 30 йил этиб белгиланди. Деҳқон хўжалиги ерларини олиб қўйишнинг асослари мустаҳкамланди ҳамда ерни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилиши каби аниқ нормалар жорий этилди.

Шунингдек, «Томорқа хўжалиги тўғрисида»ги Қонунда ҳам тегишлича янгиликлар белгиланди. Хусусан, томорқа эгалари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг мева-сабзавотчилик кластерлари билан ҳамкорлиги асослари ва мева-сабзавотчилик кооперацияларига аъзо бўлишларига кўмаклашиш билан боғлиқ қатор қоидалар киритилди.

Бундан ташқари, қуйи палатада Ер кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси устида ишлар якунланмоқда.

Амалиёт кластер тизимини аграр соҳанинг истиқболи эканлигини кўрсатаётган экан, унинг ҳуқуқий асосини мукаммал, пишиқ-пухта ишлаб чиқиш айни заруратга айланмоқда. Шу боис, биз, депутатлар «Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида»ги, «Агрокластерлар тўғрисида»ги қонунларни ҳам қабул қилишни таклиф этяпмиз. Бу ҳужжатлар, албатта, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ер эгаларининг ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилиш билан бирга, уларни эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.

Дарҳақиқат, бугун ҳаётнинг ўзи янги инновацион усул — кластер тизимининг ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий афзалликлари кўплигини намоён этмоқда. Энг аввало, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатдорлиги кафолатланаётганини таъкидлаш жоиз. Қолаверса, тизим орқали «мавсумий ишчи» тушунчасига барҳам берилаётгани унинг аҳамиятли жиҳатларидан, дейиш мумкин. Чунки бугун кузатадиган бўлсак, биргина пахта-тўқимачилик кластерида бу тушунчага буткул барҳам берилмоқда. Кластерларда одамларнинг йил — 12 ой бандлиги таъминланяпти. Улар худди завод ва фабрикалар ишчиларидек, доимий иш ўринларига эга бўлиб, ойлик маош олишяпти. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш натижасида уларнинг янада фаровон яшашларига қулай шарт-шароит яратмоқда.

Эсласак, бир пайтлар фермерлар орасида ер сотиш, экин майдонидан пул эвазига томорқа учун жой ажратиш каби ишлар билан машғул бўлганлар ҳам учради. Ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатига эса етарли эътибор берилмади.

Пахтани фақат экспорт қилиб, эвазига ўн баробар кам даромад олардик. Унумдор ер, тўкин сув бўла туриб, ҳосилдорлик ва рентабеллик пасайиб бораверди.

Бугун ҳар қарич ердан самарали фойдаланишга алоҳида урғу берилмоқда. Пахта майдони ёнида енгил конструкцияли фабрикалар барпо этиляпти. Ҳосил шу ернинг ўзида толага айлантирилиб, ундан тайёр кийим-кечак олинмоқда. Ёки кластер қошидаги мини-ёғ заводларида ёғ, совун ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариляпти. Бир сўз билан айтганда, ҳозир аграр соҳа янги инновацион лойиҳалар асосида ривожланиш палласига ўтди.

Буни қайси жиҳатларда кўриш мумкин?

Гап шундаки, пахта толаси қишлоқ хўжалигида тайёрланадиган ялпи маҳсулотнинг деярли ярмини ташкил этади. Лекин, кейинги таҳлиллар пахтачиликда ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини исботлаб берди.

Албатта, янги ислоҳотларни бошлаш ва пахта ҳосилдорлигини ошириш чораларини кўриш, арзон гаровга хом ашё сотгандан кўра, уни қайта ишлаб тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш орқали кўзланган мақсадга эришиш мумкин эди. Айни пайтда кўзланган натижага эришилмоқда.

Бундан тўрт йил аввалги ҳолатни таҳлил этадиган бўлсак, Исроилда пахтачиликдан олинаётган ўртача ҳосилдорлик 53,5 центнердан, Австралияда 50,3, Туркияда 40, Бразилияда 42,2, Мексикада 37,6 Ўзбекистонда эса 25 центнердан ошмасди. Пахта етиштириш бўйича дунёда 5-ўринда турадиган Ўзбекистон учун бу паст кўрсаткич эди, албатта.

Мазкур вазиятни ўзгартиришнинг ягона усули — бу кластер эканлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ҳозирда пахта тўқимачилик кластерлари экин майдонларидан гектарига 70 центнергача ҳосил олишга эришилаётгани фикримиз исботидир.

Хусусан, республика бўйича 2020 йил ҳосили учун жами 1 миллион 34 минг гектар майдонда, шундан, 927,0 минг гектар майдонда 97 та пахта-тўқимачилик кластерида пахта хом ашёси етиштирилди. Ўтган йилда пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жами 2 млн. 794 минг тонна пахта хом ашёси етиштирилган бўлиб, ўртача ҳосилдорлик гектарига 30,1 центнерни ташкил этган.

Бугунги кун ҳолатига пахта етиштириш бўйича жами 32,5 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий этилган бўлиб, шундан 3,9 минг (35 фоиз) гектар майдони фермер хўжаликлари томонидан амалга оширилган бўлса, 21 минг (65 фоиз) гектари кластерлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу, ўз навбатида, сув ресурсларига бўлган эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бораётган шароитда кластер тизимининг афзаллигини намоён қилади. 

Тизимнинг ижтимоий жиҳатларига эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда кластерларда 550 минг тонна ип калава, 204,5 миллион квадрат метр газлама, 54,5 минг тонна мато тўқиш, 69 минг тонна матони бўяш ҳамда 218,6 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд.

Кластерлар томонидан 2018 — 2020 йилларда пахта хом ашёсини етиштириш ва уни қайта ишлашни ташкил этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш натижасида жами 145,7 мингта, шундан 2020 йилда 87,2 мингта янги иш ўрни яратилди.

Хусусан, 2020 йилда 18 та кластер томонидан пахтани қайта ишлаш бўйича қиймати 774 миллиард сўм бўлган 29 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилиб, 6,3 мингта янги иш ўрни яратилган. Бу шунча одам доимий иш жойига эга бўлди, уларга меҳнат дафтарчаси очилди, энг муҳими доимий даромад манбаи пайдо бўлди, деганидир.

Эътибор беринг, бугунги кунгача 14 та пахтачилик кластери томонидан жами 4 минг гектар, шундан 3,6 минг гектари фойдаланишдан чиқиб кетган ва 734 гектар янгидан ўзлаштирилган ер майдонлари фойдаланишга киритилган.

Пахтачиликда кластер тизимини жорий этиш натижасида маҳсулот етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлиги 1,5 баробарга оширилди. Жумладан, пахта хом ашёсини етиштиришда бир нафар ишчининг ўртача ойлик иш ҳақи 2018 йилда 850-900 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 2,2 миллион сўмгача етди. Бу прогрессив жараён бўлиб, кўрсаткич ўсиб бораверади. 

Мақсад ва истиқбол режаларисиз ҳаракатланиш, тунда манзилни билмай туриб, йўлга чиқиш билан баробар. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 2020-2023 йилларда қиймати 134,2 триллион сўмлик 245 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 49,3 минг нафар янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Жумладан, пахта тозалаш заводи сотиб олиш, реконструкция қилиш ва қуриш бўйича қиймати 2,0 триллион сўмлик 30 та, ип-йигирув фабрикасини ташкил этиш бўйича қиймати 9,4 триллион сўмлик 43 та, мато тўқишни ташкил этишда қиймати 112,3 триллион сўмлик 21 та ҳамда мато ва ип калавани бўяшда қиймати 648,8 млрд. сўмлик 8 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Шу билан бирга, ёғ-мой заводи ташкил этиш бўйича 48 та, чорвачилик комплекси ташкил этишда 33 та, томчилатиб суғоришни жорий қилишда 13 та, тикув ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда 22 та, қишлоқ хўжалиги техникаларини сотиб олиш бўйича 13 та лойиҳалар мана шу 2 йил ичида амалга оширилади.

Бундан ташқари, қўшимча тармоқларни ташкил этиш, яъни агрологистика марказлари, биолаборатория, ун заводи, бино сотиб олиш ва бошқа йўналишларда 3,2 триллион сўмлик 14 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бу шунчаки рақамлар бўлиб кўрингани билан унинг замирида тараққиёт, янгиликка интилиш йўлидаги машаққатли меҳнат ётибди. Энг муҳими, бундан барча бирдек манфаат кўради.

Зеро, давлат раҳбари «Кластер ва манфаатдорлик — Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг келажаги. Илм-фан ва инновацияларни жорий этмай туриб, бу соҳани рақобатбардош қилиб бўлмайди» деб бежизга таъкидламаган. Бинобарин, бундан кейин кластернинг аҳоли даромадларини ошириш, ишчи ўринларини яратиш, иқтисодиёт, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштиришдаги аҳамияти ортиб бораверади, асло камаймайди. 

Равшан МАМУТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?