Абу Дабида кичик Ўзбекистон очилди

14:11 20 Ноябрь 2022 Дунё
855 0

Абу Даби амирлигининг Ал Ватба ҳудудида 18 ноябрь куни бошланган «Шайх Зоид» фестивали доирасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги кўмагида «Ўзбекистон» павильонининг очилиш маросими бўлиб ўтди ва унда давлат рамзи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда Қатардаги футбол бўйича жаҳон чемпионатида Ўзбекистон туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун Самарқанддан йўлга чиққан ва айни дамда Бирлашган Араб Амирликларида бўлиб турган делегациямиз ҳам иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, «Шайх Зоид» маданий мерос анъанавий фестивали тўртинчи марта ташкил этилмоқда, 2022 йил 18 ноябрдан 2023 йил 18 мартга қадар давом этади. Тадбир доирасида «Хуш келибсиз!» номи остида дронлар ва лазер чироқлари ҳамда Амирлик фавворалари шоулари, мушакбозлик, ҳарбий мерос мусиқаси, мерос мусобақалари ва қизиқарли спорт тадбирлари бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль учун ташкил этилган шаҳарчада 20 дан ортиқ иштирокчи мамлакат павильонлари, янги қўшилган Санъат шаҳарчаси, «Selfie street» майдони, Саҳро музейи, болалар майдончалари, гуллар шаҳарчаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари павильонлари ташкил этилди.

«Ўзбекистон» павильони анъанавий равишда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан ташкил этилиб, Амирликлар томони билан ҳамкорликда мусиқий жамоалар, ҳунармандлар ҳамда ошпазлар иштироки кўзда тутилиб, Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти кенг тарғиб қилинади.

Фестиваль давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг БААдаги дипломатик ваколатхоналарининг ватандошларга йўлланган табриклари, ўзбек миллий куйлари, санъаткорлар чиқишлари, ҳунармандларнинг маҳорат дарслари ташкил этилди ва Давлат байроғимиз ҳамда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятига бағишланган видеоролик шаҳарчанинг марказий майдонидаги экранларда намойиш этилди. Ўзбекистон павильони томонидан Давлат байроғи куни муносабати билан тадбир иштирокчилари учун байрам дастурхони ташкил этилди.

Тадбир сўнгида БААдаги ватандошлар, санъаткорлар гуруҳи ва блогерлар жамоаси билан биргаликда фестиваль асосий майдони бўйлаб Ўзбекистон байроғи остида парад уюштирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?