Наманганда эрини болта билан чопиб ўлдирган аёлга суд ҳукми ўқилди
Наманган вилоят суди судьяси Д.Камиловнинг маълум қилишича, судланувчи Р.Х. 2006 йилда фуқаро А.К. билан танишиб, у билан шаръий никоҳдан ўтган ҳолда яшаб келган. Оилада фарзанд туғилгандан сўнг 2010 йилда никоҳни расмийлаштирилган.
2021 йилнинг 31 январидан 1 февралга ўтар кечаси А.К. спиртли ичимликдан маст ҳолда уйга келиб, яшаш хонасида ухлаб ётган 2010 йилда туғилган қизи, вояга етмаган Б.Г.нинг кийимларини ечиб, тегажоғлик қилмоқчи бўлади. Шу пайт кичик фарзандининг йиғисидан уйғониб кетган хотини ундан нима қилаётганини сўрайди. Эр эса носқовоғини қидираётганини айтиб, тезда яна жойига ётиб олади. Бундан қаттиқ таъсирланган Р.Х.нинг ғазаби қўзийди. Спиртли ичимлик таъсирида ухлаб қолган эрининг ожиз аҳволдалигидан фойдаланиб ҳовлида бўлган болта билан унинг бош соҳасига бир неча маротаба уриб, қасддан ўлдиради. Содир этган жинояти изларини яшириш мақсадида, А.Книнг мурдасини яшаш уйидаги фойдаланилмай келинаётган хонага олиб кириб, уч кун сақлайди. Ниҳоят, 3 февраль куни тунги соат 03:30 ларда жасадни ҳовлидаги бодом дарахтининг олдига судраб олиб чиқади, қон теккан гилам ва матоларни эса бошқа хонага олиб кириб яшириб қўяди.
Шундан кейин қўшни уйда яшовчи қайнакаси Қ.Ага бодом дарахти тагида кимдир ётганини айтиб, уни уйидан чақириб чиқади. Қ.А. дарахт тагига бориб қўл телефони ёруғида укасининг ўлиб ётганини кўргач, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилган.
Дастлаб Р.Х. турмуш ўртоғини ўлдириб қўйганини айтмасдан, гўёки, марҳум ўз эҳтиётсизлиги сабабли вафот этгандай қилиб кўрсатган. Орадан 2-3 соат вақт ўтгач ИИБ ходимлари келиб, қайтадан суҳбатлашганда бўлган ҳолатни очиқ-ойдин сўзлаб беради. Шундан кейин унга нисбатан Жиноят иши очилиб тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Ушбу жиноят ишини кўриб чиққан вилоят суди қотил аёлга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг тегишли моддалари билан 10 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- «Янги Ўзбекистон юлдузлари» миллий мукофоти халқаро даражага кўтарилмоқда
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида Осиё Олимпия кенгашининг 46-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг