Келаётган якшанбада Наманганда катта гул сайли бошланади

12:17 19 Май 2021 Жамият
3464 0

Гуллар байрами — Наманганнинг ўз тарихига тарихига эга, исми жисмига монанд қадрияти. Бу йил шаҳардаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғи гул шайдоларини олтмишинчи бор кутиб олади. Айни пайтда келаётган якшанбада тантанали очиладиган мафтункор гул сайлига тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Фақат Намангагина хос бўлган бу байрам эндиликда халқаро мақом касб этиб, кейинги пайтларда унга нафақат, қўшни мамлакатлар — Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Туркманистондангина эмас, балки, олис хориж  — Жанубий Корея, Туркия, Голландия,Эрон давлатларидан ҳам меҳмонлар ташриф буюришмоқда. Эътиборли жиҳати,  улар орасида оддий томошабин бўлиб эмас, ўзининг ноёб гуллари билан келаётган иштирокчилар ҳам талайгина. Мисол учун, голландиялик ва эронликлар бу гал ҳам ўз кўргазмалари билан байрамнинг нуфузини янада ошириш ниятини билдиришган.

Бугун Наманган турфа ранг гулу чечаклардан оловлангандай. Шаҳарда катта байрамга муносиб ҳозирлик кўрилди. Нафақат, маданият ва истироҳат боғи, балки, кўча ва хиёбонлар ҳам табиат инъомидан ўзгача манзара касб этган. Аввалги йили махсус композицияларни яратиш учун 4 миллион тупга яқин гул кўчати ўтқазилган эди. Бу гал кўрсаткич 10 миллион тупдан ортади.

23 — 31 май кунлари бўлиб ўтадиган байрам дастурига кўра, анжуман гул билан безатилган 150 дан ортиқ автомашиналар карвонининг шаҳар кўчалари бўйлаб сайридан бошланади. Бобур боғида гулчи-тадбиркорлар, шаҳардаги корхона ва ташкилотлар томонидан ташкил қилинган ранго-ранг кўргазмалар томошабинларни турфа чечаклар ифоридан баҳраманд этади. Юздан ортиқ бадиий композицияларнинг ҳар бири ҳозирданоқ завқли кўриниши билан кўпчиликни ҳайратга солмоқда.

— Юбилей фестивали томошалари ҳар қачонгидан кенг ва мазмунли бўлади, — дейди Наманган вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Фарҳод Мамадалиев. — Хусусан, боғнинг турли ҳудудларида ташкил этиладиган концертлар, сўз усталари ва миллий ўйинлар ижрочиларининг чиқишлари гуллар жозибасини туйган кўнгилларга янада ҳуш кайфият улашади. Бошқа жиҳати, байрамнинг фаол иштирокчилари, айниқса, уста гулкорларни қимматбаҳо мукофотлар кутмоқда. Чунончи, олий ўринни эгаллаган гулчи тадбиркор, шунингдек, корхона ва ташкилотга муносиб соврин-енгил автомашина топширилади. Номинациялар бўйича ғолиблар ҳам муносиб тақдирланади.

Айтиш лозимки, Намангандаги катта анжуманга бир қатор хорижий давлатларнинг оммавий ахборот воситалари қизиқиш билдирмоқда. Жумладан, Россия, Хитой, Туркия, Эрон, Қозоғистон давлатларининг 25 дан ортиқ ахборот агентлик ҳамда телевидениелари ўз мухлисларини гул сайлидан тўғридан-тўғри хабардор қилиш учун Наманганга ташриф буюришади.

Ташкилотчиларнинг фикрига кўра, 60-Халқаро гуллар фестивали тадбирларига 300 мингдан зиёд томошабин ташриф буюриши кутилмоқда.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер