1 июндан бошлаб айрим ёшларга ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади — Мирзиёев

17:08 13 Апрель 2021 Сиёсат
4887 0

Президент раислигида ўтаётган йиғилишда келгусида ёшларга яратиладиган имтиёзлар ҳақида сўз бормоқда.

Таъкидланганидек, бугунги кунда республика бўйича 120 та IT-марказини 4 мингга яқин «ёшлар дафтари»га кирганлар тамомлаган. Бундай ёшларни келгусида бизнес бошлаши учун компьютерлар билан таъминлаб бериш зарур.

Бунинг учун, «бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида сертификат олган ёшларга компьютерлар хариди учун «Микрокредитбанк», «Алоқабанк» ва «Халқ банки» кредитлар ажратади, уларнинг фоиз харажатлари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (яъни, кредит фоизсиз берилади).

— 1 июндан бошлаб, «ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга ва Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, бир ойлик ҳарбий хизматни ўташ харажатлари бюджетдан тўлаб берилади, — деди давлат раҳбари.

Шунингдек, «ёшлар дафтари»га кирганларга, қизиқишидан келиб чиқиб, хорижий тиллар ва умумтаълим фанлари бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатининг бир қисми қопланади.

Шу билан бирга, 1 июлдан бошлаб хусусий корхоналарда янги иш бошлаган ходимларни қайта тайёрлаш харажатининг 1 миллион сўмгача бўлган қисмига субсидия берилади.

Бундан ташқари, ёшларнинг профессионал таълим мактаблари, техникумларда ўқиши учун тўланадиган контракт суммаси даромад солиғидан озод қилинади.

Ушбу мақсадлар учун йил давомида қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер